Янгиликлар

Сунъий тафаккурга асосланган «Ақлли мактаб» дастури мактабларда инсон капиталини ривожлантиради

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Фарғона шаҳридаги 10 та мактабда, жумладан 13-Мактабда ҳам сунъий тафаккур имкониятлари асосида ишлайдиган «Ақлли мактаб» дастури жорий этилди.

Таъкидлаш лозимки, танланган 10 та мактабни керакли жиҳозлар ва моддий-техника базаси билан таъминлаш мақсадида, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мактаблар симсиз (WiFi роутерлар орқали) тармоққа тўлиқ уланди.

Бунинг натижасида, 10 та мактабнинг ҳар бир синф хонасида ўқитувчилар дастурий лойиҳанинг мобил иловаси ёки интернет браузери орқали дастурдан узлуксиз ва самарали фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.

«Ақлли мактаб» дастури мактаблардаги бир қанча қоғозда юритиладиган ҳужжатларни, журнал ва кундаликларни электрон шаклга ўтказиш орқали мактаб директори, директор ўринбосари, ўқитувчилар ва бошқа ишчи ходимлар ишларини автоматлаштириш учун хизмат қилади. Бу эса қоғозбозликка сарф бўладиган вақтларини тежаш ҳисобига директорларнинг ўз жамоасидаги ўқитувчиларнинг касбий ривожланишига эътиборни ошириши, ўқитувчиларнинг кўпроқ вақт ўз устида ишлашига имконият яратади.

«Ақлли мактаб» дастурий таъминоти ўқувчиларнинг барча фанлардан эгаллаган билим даражаси ва сифатини солиштириш, таълим тизимидаги бўшлиқ ва узилишларни аниқлаш билан бирга, мактабларда барча фанлар бўйича берилаётган таълим сифати, ўқув жараёни, таълим муассасасининг имкониятлари, ўқитувчилар салоҳияти каби омилларни ўрганади ҳамда ўқувчиларнинг интеллектуал ривожланиши билан бирга ёшига қараб жисмоний ривожланиши ва жисмоний тайёргарликларини таҳлил қилиб боради.

Шунингдек, дастур мактаб, ўқувчи ва ота-она учлигини бирлаштиради ҳамда сунъий тафаккур ёрдамидаги таҳлил усуллари орқали таълим сифати, самарадорлиги, ўқитувчиларнинг баҳолаш тизимини шаффофлиги ва бошқа кўрсаткичларни таҳлил қилиш имконини яратади.

Мазкур таҳлиллар мактабларда фанларнинг тўлиқ ва сифатли ўзлаштирилишини таъминлаш мақсадида қийин ўзлаштирилаётган мавзуларни ҳамда дарсларга фаол иштирок этмаётган, ўзлаштириши паст ўқувчиларни индивидуал тарзда аниқлаб беради.

Натижада таълим тизимидаги ҳар бир фаннинг мавзулари ва ҳар бир ўқувчи кесимида бўшлиқлар аниқланиб, айнан ўқувчиларнинг қийин ўзлаштираётган мавзулари бўйича ҳамда ўзлаштиришга қийналаётган ўқувчилар билан индивидуал тарзда ишлаш орқали бўшлиқларни бартараф этиш мумкин бўлади, бу ўз навбатида таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Бугунги кунда, мактабимизда 2019-2020 ўқув йили учун дастурга киритилган маълумотларга асосан «Ақлли мактаб» дастурининг сунъий тафаккур имкониятлари орқали бўйича орқали қуйидаги таҳлилий маълумотлар олинди:

1. Ўзлаштириш қийин бўлган мавзулар ҳисоботи;

2. Фаол ўқувчилар ҳисоботи;

3. Ўқувчиларнинг жисмоний ривожланиш даражасини мониторинг қилиш;

4. Ҳар бир ўқувчи, синф, фан бўйича ўзлаштириш ҳолатининг график кўринишдаги маълумоти;

5. Ўзлаштириши паст ўқувчиларнинг алоҳида ҳисоботи;

6. Ўқувчиларни муайян фанлардан қобилиятини аниқлаш.

Ушбу таҳлилий маълумотлар асосида таълим тизимидаги бўшлиқларни аниқлашимиз ва уларни бартараф этишимиз мумкин бўлди. Мунтазам равишда мазкур таҳлилий маълумотлардан фойдаланиб камчиликлар бартараф этиб борилса, ўйлайманки, таълим сифатини янги босқичга кўтариш имкониятларига эгамиз.

Хусусан, «Ақлли мактаб» дастурининг ўқитувчиларни таълим бериш салоҳиятига ҳам баҳо бера олиши ҳар бир ўқитувчидан ўз устида мунтазам равишда ишлаши ва таълим бериш кўникмаларини ошириб боришларини талаб этади.

Шунингдек, «Ақлли мактаб» дастурий лойиҳасининг қуйидаги қўшимча афзалликларини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим деб ҳисоблайман:

1. Дастур доирасида мобил илова ота-она учун ва ўқитувчилар учун ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур тизим ота-оналарга фарзандларини кундалик олаётган баҳолари, қайси фанларга қатнашмаётгани ва қайси фанлардан ўзлаштириши пасайгани ҳақида огоҳлантириб боради. Шунингдек, ота-она мобил илова орқали фан ўқитувчилари ва синф раҳбари билан тўғридан-тўғри мулоқот қила олади.

2. Электрон журнални белгилаб олинган исталган вақт оралиғида кўриш имкони мавжуд. Шу билан бирга дастур электрон журналда умуман баҳоланмаётган ўқувчилар тўғрисида ўқитувчиларга маълум қилади (қизил рангда) ва бу ўқувчиларни таълим бериш жараёнига тўлиқ қамраб олинишини таъминлайди.

3. Уй вазифаларини бошқариш модулида уйга вазифаларни бериш, файллар қўшиш ва бажарилишини назорат қилиш имкони мавжуд ҳамда бир мавзуга бир неча топшириқни бериш ва уларни алоҳида баҳолаб, бажарилишини назорат қилиш имкони мавжуд.

4. Электрон кундаликда ота-отаналар фарзандларининг баҳоларини кузатиб бориши ва фарзандларига берилган уйга вазифаларни бажарган ёки бажармаганлигини кузатиб бориши билан бирга қуйидаги қўшимча имкониятлари мавжуд:

- фарзандларининг ўзлаштириш жараёнларини таҳлилий маълумотлар асосида (график кўринишида) кузатиш;

- фарзанд қайсидир фандан дарсларга қатнашмаётган бўлса ёки паст баҳо олаётган бўлса тизим ота-она учун мазкур ҳолатларни сунъий тафаккур орқали таҳлил қилади ва ота-онага маслаҳат тариқасида ўзининг тавсияларини бериб боради.

5. Дарс жадвалида қуйидаги афзалликлар мавжуд:

- Киритилган дарс тақсимотларига мувофиқ фанлар танланса, дарс жадвали автоматик равишда тайёрланади;

- дарс жадвали фанларнинг мураккаблик даражасига кўра ҳафта кунларига қўйилишига ёрдам беради ва бу ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши самарадорлигини оширишга хизмат қилади;

- дастур дарс жадвалини шакллантиришда белгиланган байрам кунлари ва таътилларни автоматик тарзда инобатга олади.

6. Дастурда ўқитувчиларнинг дарс соатларидан бўш вақтларини самарали тақсимлашлари учун бошқарувчи режалаштириш модулидан фойдаланиб, ўқитувчилар ўзларининг устида ишлаши, таълим бериш услубларини такомиллаштиришлари мумкин бўлади.

Шунингдек, бугунги кунда «Ақлли мактаб» дастурига онлайн видео дарслардан ва таълим тизимига керакли электрон маълумотлардан фойдаланиш мақсадида интернетда мавжуд гуруҳ ва каналларни интеграция қилиш имконияти ҳам яратилган бўлиб, бу пандемия шароитида масофадан таълим олиш имкониятларини оширади.

«Ақлли мактаб» дастури орқали ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириш аҳволи тўғрисида ота-она ва ўқитувчиларнинг хабардор этиб борилиши пандемия даврида таълим сифатини назорат қилиш ва бўшлиқларни бартараф этиш имкониятини беради.

«Ақлли мактаб» дастурининг сунъий тафаккур ёрдамида амалга оширадиган таҳлилий маълумотлари нафақат Фарғона шаҳридаги танланган 10 та мактабда балки барча таълим масканларида ўқувчиларнинг жисмоний ва интеллектуал ривожланишларини самарали бошқарадиган жуда муҳим ва истиқболли лойиҳа деб ҳисоблайман.

Шунингдек, таълим сифатини назорат қилиш ва оширишга хизмат қиладиган «Ақлли мактаб» дастури мамлакатимизда инсон капиталини мактаб давридан ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.

 

Эркиной Ғаниева,

Фарғона шаҳридаги 13-мактаб директори