Янгиликлар

Республикамизда бош-бўйин соҳаси онкохирургиясининг асосчиларидан бири профессор Юсупов Баҳром Юсупович вафот этди

Жорий йилнинг 17 июль санасида Ўзбекистоннинг етук онкологларидан бири, мамлакимизда бош-бўйин соҳаси онкохирургиясининг асосчиларидан ҳисобланган тиббиёт фанлари доктори, профессор Юсупов Баҳром Юсупович оғир хасталикдан сўнг вафот этди.

Баҳром Юсупович 1949 йил 3 декабрда Тошкент вилоятининг Пскент туманида таваллуд топган. 1966-72 йилларда Тошкент Давлат тиббиёт институтининг стоматология факультетини тамомлаган ва 1972 йилдан 1978 йилгача Ўрта Осиё Педиатрия тиббиёт институти «Нормал анатомия» кафедрасига ассистент лавозимида фаолият юритган.

1978 йилдан ҳозирги кунгача Республика Онкология ва радиология илмий текшириш институтининг Тош ва бўйин бўлимида шифокор ординатор лавозимида фаолиятини бошлаб, бўлим мудири, бўлим раҳбари, марказ бош шифокори лавозимларигача фаолият юритиб келган. Сўнги йилларда ўзининг бой тажрибасини ёш шогирдларига қунт билан ўргатиб келаётган эди.

1991 йилда номзодлик, 2007 йилда эса докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган.

Юсупов Б.Ю. раҳбарлигилигида Бош ва бўйин бўлимида комбинирланган жарроҳлик, қўшма даволаш, нур терапияси, кимёвий даволаш ва криотерапия усуллари, катта жарроҳлик амалиётларидан сўнг ҳосил бўладиган дефект, яъни асоратларни реабилитация қилиш, яъни пластик амалиётлари йўлга қўйилган. Бундан ташқари, у киши республикамизнинг барча ҳудудларида консультатив ёрдам, юқори технологик амалиётлар бўйича маҳорат дарслари ва онкологларга маърузалар ташкил этиб, юртимиз онкологияси ва бош-бўйин онкожарроҳлиги соҳасида устоз мутахассис эди.

У киши томонидан 160 яқин илмий мақола ва тезислар чоп этилган, 2 монография ёзилган. Баҳром Юсупович илмий раҳбарлиги остида 1 та докторлик диссертация ва 2 та тиббиёт фанлари номзоди диссертациялари ҳимоя қилинган.

Баҳром Юсупович ўзининг очиқ кўнгилли, меҳнатсевар, ватанпарвар, зўр ташкилотчи, билимдон мутахассислиги билан нафақат марказимиз, балки бутун республикамиз тиббиёти, онкология тизими тиббий ходимлари орасида катта обрў-эътиборга эга устоз эдилар.

Юсупов Б.Ю. оиласи, фарзандларини мамлакатимизнинг етакчи тиббиёт ходимлари қилиб тарбиялай олди. У кишининг фарзандлари тиббиётимизнинг турли жабҳаларида етакчи мутахассис сифатида фаолият юритиб келишмоқда. Баҳром Юсупович меҳрибон ота, жонкуяр мураббий ва талабчан раҳбар сифатида барчамизнинг қалбимизда чуқур из қолдиради.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари ва раҳбарияти Юсупов Баҳром Юсуповичнинг вафот этиши муносабати билан у кишининг яқинлари ва оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради.