Янгиликлар

Профессор Сафия Ризаеванинг оламдан ўтгани муносабати билан таъзия  

 

ЎзР ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг етакчи илмий ходими, биология фанлари доктори, профессор Ризаева Сафия Мамедовна оламдан ўтгани муносабати билан Инновацион ривожланиш вазирлиги таъзия билдиради. Марҳуманинг оила аъзолари, яқинлари ва ҳамкасбларига ҳамдардлик билдирамиз.

Республикамизнинг ғўза систематикаси ва филогенияси соҳасидаги етук олима Сафия Мамедовна Ризаева 1944 йил Самарқанд шаҳрида туғилган, 1966 йилда А.Навоий номли Самарқанд Давлат университетини тамомлаган.

С.М. Ризаева ЎзР ФА Ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг 1966 йилдан илмий ходим, 1985 йилдан катта илмий ходим, 1997 йилдан эса етакчи илмий ходим, 2015 йилдан Ғўза систематикаси ва интродукцияси лабораториясининг раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда эди.

1976 йилда Ғўза систематикаси ва интродукцияси лабораториясининг сиртқи таълим бўйича аспирантурага кирди. 1983 йилда «генетика» мутахассислиги бўйича “АД1, АД2 геномли ғўза турларини бойитиш учун Integrifolia Tod. секцияси геномлараро дурагайларидан фойдаланиш” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган.

1996 йилда «генетика» мутахассислиги бўйича «Бир биридан генетик жиҳатдан узоқ бўлган ғўзани ўзаро дурагайлаш ва янги донорлар олиш (янги дунё ғўзалари асосида)» мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаган.

С.М. Ризаеванинг асосий илмий фаолияти дунё ғўзасининг турли хил намуналарини тадқиқот этиш, уларнинг систематик ўрнини, филогенетик қариндошлик даражасини, Gossypium L. туркумининг турли тур ва шаклларининг эволюцион сурилиш босқичларини аниқлаш, олинган назарий ва амалий маълумотларни селекцияга татбиқ этиш, ёввойи ғўза гермоплазма фондидан ирсий хусусиятларни маданий полиплиодларга ўтказиш ва наслий жиҳатдан янги шакллар яратиш, бир-бирига узоқ турларни дурагайлаш услуби истиқболли эканлигини исбот этишдан иборат бўлган.

Қайд этилган услублар мажмуидан фойдаланиш ғўзанинг ёввойи турлари ва маданийлаштирилган формаларини биологик хусусиятларини етарли даражада чуқур таҳлил қилиш имкониятини берган. Полиплоид турларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги янги гипотеза таклиф этилган. Биринчи маротаба С.М.Ризаева томонидан истиқболли полиплоидлар, қимматли генлар мажмуидан иборат мураккаб полегеном дурагайлар олиш схемаси ишлаб чиқилган.

Рекомбинация жараёнини ва умуман селекция жараёнини тезлаштирувчи янги генотипли қимматли белгилар мажмуини таъминловчи турли хил дурагайларни олиш услублари ишлаб чиқилган ва такомиллаштирилган. Табиий эрта барг тўкувчи, ва бошқа фойдали хўжалик белгилари билан ажралиб турувчи бир қатор нодир уч геномли дурагай тизимлари олинган.

Шу билан бир қаторда, профессор Ф.М. Мауер ва академик А.А.Абдуллаев томонидан ташкил этилган Республикамизнинг миллий бойлиги саналган ғўза генофондининг нав намуналарини ўрганиш, сақлаш ва янгилаш бўйича кўп ишларни амалга оширади. Ғўза генофонди, ўз навбатида ғўза илмини ривожланишининг асоси бўлиб, физиология, биокимё, молекуляр биология, биотехнология, генетика, селекция, агробиология ва бошқа илмий йўналишларга фундаментал асос бўлиб хизмат қилади.

С.М. Ризаева 6 та монография, 250 га яқин илмий мақолалар мууаллифи сифатида нафақат бизнинг мамлакатимизда балки чет эл олимлари орасида ҳам машҳурдир. Шу жумладан 200 дан ортиқ илмий мақолалари республикамизнинг мустақиллик йилларига тўғри келади.

«Ғўзага ишлов бериш» номли №3275 сонли патентнинг ҳамда истиқболли «Генофонд-2» навининг муаллифларидан биридир.

Шу йиллар давомида Ризаева С.М. раҳбарлигида 6 та номзодлик, бир қатор докторлик диссертациялари ёқланган.

С.М. Ризаеванинг бевосита иштирокида ва раҳбарлигида Америка, Афро-Осиё, Ҳинди-Хитой, Австралия ғўза турларини ҳар томонлама ўрганиш учун турли морфологик, цитологик, эмбриологик, кариологик ҳамда экспериментал полиплоидия услублари ёрдамида тадқиқотлар ўтказилган.

С.М. Ризаева кўп йиллик самарали ва ҳалол меҳнати самараси натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 август фармони билан Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника соҳасидаги Биринчи Даражали Давлат мукофоти лауреати ҳамда институт маъмуриятининг бир неча марта фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари билан тақдирланган.

С.М.Ризаева фидоий ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, ватанимиз шон-шуҳрати ва шарафини юксалтиришга ҳамда унинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган, илмий ва жамоат ишларининг фаол иштирокчиси, юксак ташкилотчилик қобилиятига эга, етук олима эди.

У ўз соҳаси бўйича етук, малакали мутахассис эканлиги ва унинг илмга бўлган иштиёқи жуда баланд, ҳамкасбларига нисбатан ҳамиша ҳурматда, лаборатория ходимлари орасида ўзининг жонкуярлиги, тиниб-тинчимаслиги, жамоат ишларида фаол қатнаши, интизомли ходим сифатида ўз зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифага масъулият билан қараши ажралиб турарди. Ҳалол ва покиза инсон бўлгани учун ҳам жамоа орасида катта обрў- эътибор қозонган эди.

Сафия Ризаеванинг инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги "Биология фанлари” йўналиши илмий-техник кенгаши аъзоси сифатида ҳам самарали фаолият юритган.

Фидойи олиманинг охирати обод бўлсин!