Янгиликлар

Коронавирусга қарши кураш технологияларини яратиш бўйича лойиҳалар муҳокама қилинмоқда  

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Тиббиёт фанлари» бўйича Илмий-техник Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, соҳани илғор тажрибалар асосида ривожлантиришга қаратилган бир нечта истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.

Йиғилишда Инновацион ривожланиш вазирлигининг республикамизда COVID-19 коронавирусга қарши самарали курашиш, касалликнинг республикамиз ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида «Тиббиёт фанлари» йўналишида лойиҳалар танловининг 21-турига тақдим қилинган лойиҳалар муҳокама марказида бўлди.

Кенгаш аъзолари вазирлик томонидан танловларда эълон қилинган мавзулар, уларнинг шартлари, молиялаштириш маблағлари миқдори, топширилган лойиҳалар ва «Коронавирусли инфекциялар патогенезини чуқур таҳлили асосида уларга қарши кураш ва даволаш технологиясини яратиш» мавзусига топширилган лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Масалан, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази билан “Дерматологик жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда COVID-19 вирусли инфекциясини янги профилактика технологиясини ишлаб чиқиш” лойиҳасини мутахассислар касалликка қарши курашиш учун самарали дея баҳолади.

Шу асосда, Коронавирус инфекциясининг дерматологик, клиник-микробиологик ва иммунологик жиҳатларини ўрганиш ва шулар асосида терининг вирусли микст-бактериал инфекцияларида янги профилактика технологиясини ишлаб чиқиш орқали ташқи муолажа сифатида тиббий маҳсулотини яратишни лойиҳа дастурига киритиш тавсия этилди. Коронавирус билан ассоциациялашган тери вирусли касалликларини даволаш учун юртимизда ишлаб чиқарилган антивирусли ва иммунокоррекция хусусиятига эга бўлган – коглумет дори воситасини қўллаш орқали даволаш технологиясини яратилиши имкониятлари муҳокама қилинди.

Лойиҳада қўйилган вазифаларни методологик ёндашиш асосида олинган натижалар жаҳон тиббиёт миқёсида долзарб илмий ва амалий янгилигини ифодалайди. Бундай натижалар SCOPUS ва Web of Science маълумотлар базасига кирувчи юқори даражали журналларида чоп этилади.

Яна бир лойиҳа «Коронавирусли инфекциялар патогенезини чуқур таҳлили асосида уларга қарши кураш ва даволаш технологиясини яратиш» мавзуси ҳам йиғилиш қатнашчиларининг диққат марказида бўлди. Лойиҳанинг илмий янгилиги шундаки, илк маротаба янги SARS-CoV-2 коронавируси келтириб чиқарган юқумли касалликнинг клиник-эпидемиологик хусусиятлари тўғрисида маълумот олинади. Ўзбекистонда изоляция қилинган вируснинг генетик тузилиши ўрганилади ва популяцион иммунитетнинг шаклланиш динамикаси ўрганилади. Коронавирус инфекциясини назорат қилиш ва даволаш учун янги технологиялар яратилади. Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг тарқалганлигини ўрганиш бўйича тадқиқотлар ва дориларнинг самарадорлиги қиёсий баҳоланмаган. Коронавирус инфекциясини бошдан кечирган беморларнинг мониторинги мавжуд эмас. Дори воситаларининг коронавирус инфекциясини даволашда қўллаш самарадорлиги қиёсий баҳоланади. Коронавирус инфекцияси мавжуд беморларни ташхислаш ва даволаш учун алгоритм ишлаб чиқилади. Ушбу лойиҳа вирусга қарши терапия стратегиясини ва ушбу ишнинг амалий аҳамиятини белгилайдиган терапия етишмовчилигининг сабабларини аниқлаш ва самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш орқали даволашни оптималлаштиришга имкон беради. Ушбу лойиҳанинг фарқи шундаки, нафақат янги SARS-CoV-2 коронавирус антитаначаларини ўрганиш, балки MERS-CoV антитаначаларни ҳам ўрганишдан иборатдир. Шунингдек, SARS-CoV-2 геномини секвенирлаш ва аниқланган турларнинг касаллик клиник кечиш жараёни билан боғлиқлиги ўрганилади.

Йиғилиш давомида хавфли юқумли касалликни жиловлаш ва бартараф этиш билан боғлиқ яна кўплаб лойиҳалар муҳокама этилди.

Бундан ташқари, «Операциядан кейинги қорин ичи асоратларини эрта ташхислаш ва даволашда видеолапороскопиянинг янги усулини ишлаб чиқиш» мавзуси юзасидан бир йиллик молиялаштириш ҳажми – 600 млн. сўмга тенг мазкур инновацион лойиҳа бўйича камчиликлар ва эътирозларнинг тўғирланганлиги тўғрисида маълумот берилди. Ушбу лойиҳанинг харажатлар сметаси атрофлича кўриб чиқилди, лойиҳа ижобий баҳоланди ва молиялаштиришга тавсия этилди.

Шунингдек, «Қариндош донордан олинган буйрак трансплантатида рад этилиш жараёнини эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш бўйича дастурий маҳсулотни ишлаб чиқиш» мавзусига топширилган лойиҳанинг раҳбари илмий гуруҳ таркибига дастурчи киритганлигини қайд этиб, яратиладиган дастурий маҳсулотнинг мазмунини очиб берди

 

Мажлисда билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, Илмий-техник кенгаш аҳолининг саломатлигини асраш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатига ижобий таъсир эта оладиган инновацион лойиҳалар молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланишини маълум қилди. Камчилик ва айрим хатолардан ҳоли бўлмаган бошқа лойиҳалар юзасидан мутахассислар аниқ тавсия ва маслаҳатлар беришди.