Янгиликлар

Энг юқори Хирш индексига эришган 40 ёшгача бўлган олимларга 100 млн. сўм миқдорида мукофот берилади.

16 июль куни ОКА ҳузуридаги штабда Инновацион ривожланиш вазир ўринбосари Олимжон Тўйчиев иштирокида брифинг бўлиб ўтади.У Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан математика, кимё, биология ва геология йўналишидаги ёш олимларни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинаётган тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда илм-фан соҳасини ривожлантириш, соҳа вакилларига шарт-шароитлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса ёшларни кўпроқ жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2020 йилни «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш» йили деб аталиши ҳам бежизга эмас. Хусусан, Президентимизнинг жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга мурожаатномасида мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим эгаси этиб тарбиялаш ва ёш олимларни амалга ошираётган илмий ва инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратган эдилар.

Айнан шу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар Академияси томонидан илмий изланиш олиб бораётган иқтидорли ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида илм-фаннинг устувор йўналишлари соҳасида энг фаол, сермаҳсул ва натижадор бўлганларни тақдирлаш режалаштирилган.

Бу қандай тартибда амалга оширилади?

Ҳар бир соҳада бўлгани каби олимларимиз ҳам ўз фаолият натижаларини кенг оммага эълон қилиб боришади. Илмий тадқиқот натижаларини бутун дунёга олиб чиқиш учун халқаро миқёсдаги илмий журналларда чоп этилдилар.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон олимлари томонидан халқаро миқёсда илмий тадқиқот натижаларининг нашр этилиши 2019 йилда 1488 тани ташкил этган бўлса, 2020 йил биринчи чорак якунларига кўра ушбу кўрсаткич 1214 тани ташкил этмоқда.

Энди мақсад ушбу илмий мақолаларни сифат даражасида ҳам кўтариш.

2020 йил якуни бўйича «Scopus» халқаро илмий маълумотлар базаси бўйича энг юқори Хирш индексига эришган 40 ёшгача бўлган олимларга Ёшлар академиясининг Иқтидорли ёшларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир марталик тўланадиган 100 млн. сўм миқдорида мукофот берилади.

Қайси йўналишлар назарда тутилмоқда?

Президентимиз йил бошида Олий Мажлисга Мурожаатномасида юртимизда илм-фанга, илмий фаолият билан шуғулланаётган олимларга катта эътибор қаратилаётганлигини ва бу борадаги мақсадларга тўхталар эканлар, ҳар йили илм-фаннинг бир нечта устувор йўналишларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлаганлар. Шу муносабат билан 2020 йилда илм-фаннинг математика, кимё, биология ва геология йўналишларига илм-фаннинг устувор йўналишлари сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қандай халқаро илмий журналларда чоп этиш зарур?

«Scopus» – дунёнинг энг нуфузли илмий-таҳлилий рейтинг платформаларидан бири бўлиб, у илмий мақолалар муаллифлари, олимлар рейтинги, журналлар, ташкилотлар, мамлакатлар рейтингларини тузиш имконини беради. Улардан қандай ўрин олиш мумкинлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, бажарилиши керак бўлган асосий вазифа – илмий мақола ёзиш. Рейтингда ўсиш учун мазкур илмий мақолага ҳавола берилиши керак (қанча кўп бўлса, шунча яхши), олимлар ўз маърузаларида уни тилга олишлари керак. Бу ушбу мақолага ҳавола берилиши унинг илмий ҳамжамият учун ҳақиқатда муҳим эканини билдиради. Рейтингларимиз шу тарзда тузилади. Scopus дастурчиси ва эгаси «Elsevier Publishing Corporation» ҳисобланади.

“Elsevier” бугунги кунда дунёдаги энг катта илмий компания ҳисобланади. Компаниянинг асосий мақсади бутун жаҳонда илм-фанни ривожлантиришдир. Elsevier 1880 йилда ташкил топган ва ўша даврдан то 2019 йилга қадар энг кўп ўқилувчи ва энг кўп ҳавола берилувчи илмий журналлар ҳисобланади. Улар дунё миқёсида энг юқори импакт-омил (илмий журналнинг моҳият кўрсаткичи)га эга, яъни бошқача айтадиган бўлсак, масалан, Ўзбекистон олимларининг мазкур журналларда чоп этилувчи мақолаларига ўртача 9-11 марта ҳавола берилади, бу эса жуда юқори кўрсаткичдир.

Хирш индекси нима ва у қандай аниқланади?

«Хирш индекси» – 2005 йилда америкалик олим Хорхе Хирш томонидан олимларнинг илмий фаолияти натижадорлиги ҳисоблаш учун таклиф этилган кўрсаткичдир. Олимларнинг, илмий ташкилот ёки мамлакатларнинг нашр этилган мақолалар сони ва ушбу нашрларнинг иқтибослари сонига асосланади.

Яъни, Индексни ҳисоблаш қуйидагича амалга оширилади: Индекс тадқиқотчининг илмий мақолаларининг ҳар бир мақола бўйича иқтибосларга тақсимлаш асосида ҳисобланади.

Масалан, олимнинг 10 та мақоласига ҳар бирига 10 мартадан иқтибос келтирилса унинг Хирш индекси 10га тенг белгиланади. Агар у 100та мақола чоп этган бўлсаю, лекин ҳар бир мақолага фақат 1 марта иқтибос келтирилган бўлса, унда унинг Хирш индекси 1 га тенг бўлади.

Ҳозирги кунда илм-фаннинг турли йўналишларида тадқиқот ва изланиш олиб бораётган ёш олимлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Умид қиламизки яратилаётган бундай имкониятлар ҳамда рағбатлантиришлар ёш олимларимизни янаям шижоат билан мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшадиган илмий-амалий лойиҳаларни амалга оширишларига шароит яратиб беради.

Шу ўринда ёш олимларимиздан ҳам катта шижоат ва амалий натижадорликни кутган ҳолда Инновацион ривожланиш вазирлиги илм-фан вакилларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доимо тайёрдир.

Озгина сабр қилсак бу синовли кулар ҳам ўтиб кетади. Энг асосийси ўзимиз ва яқинларимиз соғлиғига бефарқ бўлмаган ҳолда пайдо бўлган вазиятдан унумли фойдаланиб мамлакатимиз инновацион ривожига ўз ҳиссамизни қўшайлик!