Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги «Meros» жамғармаси билан ҳамкорлик ўрнатди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида «Meros» жамоат хайрия жамғармаси Бошқаруви Раиси А.Иминов бошчилигидаги делегация Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев томонидан қабул қилинди. Музокаралар жараёнида «MEROS» жамоат хайрия жамғармасининг асосий вазифалари таълим, илм-фан, санъат, яшил шаҳар, яшил бизнес, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш ҳисобланиши таъкидлаб ўтилди.

Учрашув давомида томонлар инновацион ривожланиш соҳасида қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришиб, ушбу йўналишда англашув Меморандумини имзоладилар.

Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасида инвестицияларни жалб қилиш, бизнесни юритиш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини самарали ривожлантириш учун мақбул муҳит яратиш мақсадида, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан инновацион фаолиятни молиялаштирувчи компанияларни ташкил қилишга тадбиркорлик субъектларини жалб этиш бўйича мақсадли йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда. Ушбу йўналишларда ҳам ҳамкорликда «Meros» жамоат хайрия жамғармаси билан ишларни ташкил этиш келишиб олинди.

Ушбу англашув Меморандуми томонлар ўртасида яқин муносабатларни ривожлантириш учун амалий асос яратишга, тажриба, технологиялар, ахборот алмашинувини рағбатлантиришга ва инновацион ривожланиш бўйича қўшма дастурларни амалга оширишга қаратилган.