Янгиликлар

Профессор Нажмитдин Камолов оламдан ўтди

Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси вазирлик ҳузуридаги Техника фанлари бўйича Илмий-техник кенгаш раиси ўринбосари, техника фанлари доктори Камолов Нажимитдин Зайнутдиновичнинг оламдан ўтгани муносабати билан оила аъзлари, яқинлари, ҳамкасбларига таъзия билдиради.

Камолов Нажимитдин Зайнутдинович 1952 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти олий, 1974 йилда Тошкент политехника Институтининг «Автоматика ва телемеханика» мутахассислигини имтиёзли диплом билан тамомлаган ва пахта тозалаш саноатининг марказий илмий-тадқиқот институтига (СНИИХпром) ёш мутахассис қилиб йўлланган.

1974 йилдан бошлаб "Paxtasanoat ilmiy markazi" ОАЖда ишни бошлаган.

1984 йилдан бошлаб 2013 йилгача автоматлаштириш лабораториясининг мудири, ҳозирги кунгача ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва меҳнат муҳофазаси лабораториясининг бош илмий ходими лавозимида ишлаб келuган.

Камолов Н.З. ўз иш фаолиятини мазкур илмий марказнинг ялпи автоматлаштириш бўлимида кичик илмий ходимликдан бошлаган. Илмга чанқоқлиги туфайли у 1977 йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг «Энергетика ва автоматика» институтининг кундузги аспирантурасига кирди ва уни муваффақиятли тугаллаб 1982 йилда «Пахта хом ашёсини тозалаш технологик жараёнини математик моделлаш ва мақбуллаштириш» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

1989 йилда СССР ОАК Н.З. 05.19.02 – «Тўқимачилик хом ашёсини дастлабки ишлаш» мутахассислиги бўйича «Катта илмий ходим» илмий унвонини берди.

Камалов Н.З. 1992 йилда «Пахтага дастлабки ишлов бериш технологик жараёнларининг автоматлаштирилган бошқарув тизимини қуришнинг моделлари ва алгоритмлари» мавзусида докторлик диссертациясини мувоффақиятли ҳимоя қилди.

Ўзбекистон Республикаси ОАК 2017 йилда Н.З. Камаловга 05.01.08 - «Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришларни автоматлаштириш ва бошқариш» ихтисослиги бўйича профессор илмий унвонини берди.

Камалов Н.З. 270 дан ортиқ илмий ишлари илмий матбуотда чоп этилган, 2 монография, 10 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар, патент ва муаллифлик гувоҳномалари муаллифи. Пахта хом ашёсини дастлабки ишлашнинг технологик жараёнларини автоматлаштириш бўйича олимлар мактабининг раҳбари бўлиб келган. Автоматлаштириш соҳасида илмий мактаб яратиш доирасида унинг раҳбарлигида фундаментал, амалий ва инновацион йўналишларда бир қатор лойиҳалар амалга оширилган ва ишлаб чиқаришга жорий этилган.

Камалов Н.З. 2009 йилдан бошлаб ҳозирги кунгача фундаментал, амалий ва инновация лойиҳаларининг ғолиби бўлиб, ушбу лойиҳаларга раҳбарлик қилиб келган.

Пахтага дастлабки ишлов бериш технологик жараёнларини автоматлаштириш борасида олиб борилаётган ишларда Камалов Н.З. ўзини юқори малакали мутахассис ва олим сифатида намоён этди, у технологик лабораториялар ва соҳадош корхоналар билан биргаликда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларига илмий раҳбарлик қилиб келган.

У бугунги кун талаби бўлган «Устоз-шогирд» тизимини амалга ошириш борасида ёш, иқтидорли мутахассисларга тажриба беришда, ҳамда малакали ёш мутахассис ва олимларни докторантура орқали тайёрлашда актив иштирок этиб келган, талабгорларга диссертация ишларини ҳимояга тайёрлашда ва ҳимоя қилишда назарий ва амалий ёрдам кўрсатиб келган. Н.З.Камаловнинг илмий раҳбарлигида ва илмий маслаҳатчилигида 3 та талабгор номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Камалов Н.З. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институти (ТТEСИ) ва Ўзбекистон ФА нинг «Энергетика ва Автоматика» институти қошидагидокторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослашган кенгашларнинг ва илмий семинарларнинг аъзосидир, кўп йиллардан бери бакалавр ва магистр даражаларини бериш Давлат имтиҳон комиссиясининг раиси бўлиб ҳам фаолият юритиб келган.

У Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги қошидаги «Техника фанлари» илмий техник кенгашининг аъзоси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қошидаги олий аттестация комиссиясининг техника бўлимида эксперт бўлиб ҳам фаолият олиб борган.

Шу билан бирга Камалов Н.З. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институтининг «Технологик жараёнларни автоматлаштириш ва компьютерлаштириш» кафедрасида ўриндош сифатида профессорлик лавозимида фаолият юритиб келганлар. Унинг раҳбарлигида пахта тозалаш саноати корхоналари учун етук ва малакали мутахассисларни тайёрлаш борасидаги «Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти» ва «Пахтасаноат илмий маркази» АЖ ўртасидаги, жумладан олийгоҳнинг«Технологик жараёнларни автоматлаштириш ва компьютерлаштириш» кафедраси билан Илмий Марказнинг «Автоматлаштириш» лабораториялари орасидаги олиб борилаётган ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида «Технологик жараёнларни автоматлаштириш ва бошқарув» ихтисослиги йўналишидаги бакалавр ва магистрларни савиясини янада ошириш ва пахтани дастлабки ишлаш технологик жараёнларини автоматлаштириш бўйича Илмий Марказ томонидан яратилган тизим ва қурилмалар билан яқиндан таништириб бориш учун автоматлаштириш соҳасининг айрим фанларидан дарсларни Илмий марказ базасида олиб бориш тажриба сифатида амалга оширилган.

Н.З. Камаловнинг илмий янгиликлари натижаларини нафақат Ўзбекистонда, балки чет элларда хам тан олиниши натижасида 2011 йил ноябрь ойида у Халқаро Инженерлик Академиясининг мухбир аъзоси этиб сайланди.

Камалов Н.З. жамоа ишларида ҳам фаол иштирок этади, у ЎзХДП Яккасарой тумани кенгашининг аъзоси, Илмий Марказ бирламчи партия ташкилотининг котиби, илмий кенгаш секциясининг раиси сифатида фаолият юритиб келган.

Камалов Н.З. 1993 йилдан бери Илмий марказнинг касаба уюшмасининг фаол иштирокчиларидан бўлиб, у ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда “Paxtasanoat ilmiy markazi” ОАЖ касаба уюшмаси қўмитасининг раиси эди.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан Республика мустақиллигини мустаҳкамлаш ишларида, халқнинг маънавияти ва маданиятини юксалтириш жараёнида, кенг кўламдаги ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшмалари нуфузини оширишга салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани учун Камалов Н.З Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром нишони”, кўплаб фаҳрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
Ўз иш вақтини тўғри режалаштирган ва ундан омилкорлик билан самарали фойдаланган. Иш жараёнида лавозим вазифаларида белгиланганидан бошқа ишларни бажаришда ҳам бевосита қатнашган. Халқаро пахта, саноат ва инновацион ярмаркаларга бошчилик қилган.
Камалов Н.З. жамоада ҳурматга сазовор инсон эди. Меҳнат ва технологик интизом талабларига қаттиқ риоя қилар эди. Атрофдагилар билан дўстона муносабатлар яратишга интилиб келган. Касаба уюшмаси қўмитаси ва раҳбариятга келган ҳар бир ариза ва шикоятларни ижобий ҳал қилар эди. Жамоа ишларида фаол қатнашар эди.

Камалов Н.З. маънавий барқарор, меҳнат жамоасида ўз ўрнига ва ҳурматга эга, тарбияли, камтарин, сиёсий етук, оилали, учта фарзанднинг отаси, хушфеъл инсон эди.

Шижоатли, камтарин ва меҳнаткаш олимимизнинг охиратлари обод бўлсин!