Янгиликлар

Стартап экотизими шакллантирилмоқда

 Стартап келгусида сотиб олинадиган ёки талаб қилинадиган маҳсулотни ёки хизмат турини амалга ошмаслик ҳавфи юқорилиги туфайли “таваккалчилик” асносида ишлаб чиқариш, ёки бор нарсани янада яхшироқ томонга ўзгартириш учун мўлжалланган. Тадбиркор томонидан оз сонли ишчилар билан ташкил этилган кичик стартап бир неча ой давомида ҳаётга яроқли маҳсулот ёки хизмат турини ишлаб чиқарадиган янги бизнес ғояси учун ўнлаб имкониятларни яратиши ва синовдан ўтказиши мумкин. Дейлик, мавжуд бўлган  маҳсулот ёки хизматга бўлган талаб пасайиб қолса, одамлар уни сотиб олмайди ёки ундан фойдаланмайди. Яхши стартап ғоялар эса вазиятни кескин ўзгартириб юборишга қодир.

Аммо стартап лойиҳалари тўлақонли бизнесга айланиши учун маълум вақт керак бўлади. Яъни, стартаплар ривожлантириш босқичларидан ўтиши лозим. Тайёрланган маҳсулот ёки хизмат турини катта фойда келтириш ва келтирмаслигига аввало бозор баҳо беради. 

Айрим стартап лойиҳалар қанчалик қизиқарли ва жозибакор бўлмасин, унга бозорда таклиф бўлмаса, у тўлақонли бизнесга айлана олмайди. Мисол учун: ZOOM  дастури бир неча йиллар муққадам яратилган бўлсада, унга нисбатан талаб бўлмаган. Аммо пандемия сабабли талабнинг бир неча бор ошиб кетиши унинг бу соҳанинг йирик иштирокчисига айлантирди ва акция баҳоларини бир неча ўн баробар ўсишига сабаб бўлди. Худду шу каби, Ўзбекистонда етқазиб бериш хизмати яхши ривожланмаган эди, пандемия сабабли бу хизмат турининг тезликда ўсишига сабаб бўлди.

Дунёнинг иқтисодий жиҳатдан илғор мамлакатлари инновацион экотизимини ривожлантиришда стартапларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратади. Мамлакатимизда ҳам бундай экотизимни жаҳон талаблари асосида йўлга қўйиш борасида бир қанча амалий ишлар қилинмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тизими шакллантирилди.  Ўтган вақт давомида умумий қиймати 31,5 миллиард сўм бўлган 34 та стартап лойиҳа орқали илмий  ҳажмдор ва рақобатбардош янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизмат турларини яратиш йўлга қўйилгани фикримизнинг далилидир. 

Айни пайтда вазирлик томонидан  келажакда йирик бизнесга айланиши кутилаётган айрим стартап лойиҳалар амалиётга татбиқ этилаётгани муҳим қадамдир.

Масалан, CleanBox стартапи — уйнинг гаражида ташкил этилган лабораторияда беш турдаги кондиционер учун хонадаги ҳавони зарарсизлантириш қўшимча қурилмаси, болалар анжомлари ва ўйинчоқлирини зарарсиз сақлаш, уй жиҳозлари, хонадаги ҳавони тозаловчи қўшимча қурилмалар яратилди. Бугунги кунда уни серияли ишлаб чиқариш жараёнига тайёргарлик кўрилмоқда.         

  — Мактабгача таълим муассасаларида болалар ўйинчоқлари регламент асосида кунига икки марта ювилиши керак. Бунинг ҳар доим ҳам имкони бўлмайди. Ўшандай пайтда бу қурилма жуда қўл келади, — деди CleanBox стартапи раҳбари, техника фанлари доктори, Амир    Абидов. 

— Ишланмани хорижда синовдан ўтказдик. Айни пайтда уни тижоратлаштириш устида иш олиб боряпмизТопинамбурдан шифобахш биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтириш борасидаги ишланма ҳам эътиборга моликдир.  2019 йилда 510 кг маҳсулот “Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази” МЧЖда таҳлилдан ўтказилди ва “Ўзбекэкспертиза” АЖ дан сертификат олиниб Латвиянинг SIA ''WENS-3" корхонасига экспорт қилинди. Жорий йилнинг февраль ойида мазкур корхона билан 200 минг АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланди.WiFi тармоқларини бошқариш миллий, инновацион тизими

—  HotSpot.uz дастури такомиллаштирилгани ва веб-сайти яратилгани яна бир йирик лойиҳадир. Айни пайтда мазкур лойиҳа Навоий шаҳрида татбиқ этилмоқда. Дастурни мижозларга сотиш ва ўрнатиб бериш ишлари амалга оширилмоқда.

Вазирлик томонидан молиялаштирилган стартаплар доирасида 2018-2020 йиллар давомида 30 яқин корхоналар ташкил этилган. Start-up” лойиҳаларни амалга ошириш бўйича жами 223 тадан ортиқ иш ўринлари яратилган.     

  Ҳозирги кунда сунъий интеллект дунё мамлакатларида давлат бошқаруви, саноат тармоқлари, таълим, тиббиёт, қишлоқ ҳўжалиги, мудофаа ва миллий хавфсизлик, туризм ва бизнес соҳаларида кенг оммалашмоқда.          

 — Мамлакатимизда сунъий интеллектнинг ривожлантирилиши информацион технологиялар соҳасида ҳам янги стартап ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилишига замин яратмоқда, — деди Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров.

— Масалан, туризм ва бизнес соҳаларини ривожлантиришда бугунги кунда VR (виртуал реаллик) технологияларини жорий этиш самарали ҳисобланади. Вазирликнинг янги биносида бундай технологияларнинг  элементлари қўлланилган. Улардан бири — ўзбек старпатчилари томонидан ишлаб чиқилган NazzAR мобил иловаси материални тўлдирилган реаллик элементлари билан бойитилган. Смартфон орқали NazzAR белгисига йўналтирилганда мобил қурилма экранида реал объектларнинг 3D шакллари, ведио роликлари, фото суратларнинг жонланиши тасвирланади. Шунингдек, турли эффектлар билан тўлдирилиб борилиши мумкин. Вазирлик биносига қадам қўйган одам бу илова орқали даставвал, бинода яратилган барча шарт-шароит билан виртуал танишиши мумкин.       

  Бугунги кунда NazzAR мобил иловасининг имкониятлари туризм соҳаси айниқса, музейларда кенг қўлланилмоқда. Самарқанд шаҳридаги “Гўр Амир”, “Бибихоним” мақбаралари, Улуғбек расадхонаси, “Афросиёб” музейи, “Элмероси” илмий кийимлар театри, Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” маданий мерос оъектларида мазкур мобил илова орқали экспонатлар ҳақидаги маълумотларни янада қизиқарли шаклда туристларга етказиш имконияти яратилган. Шунингдек, яқин кунларда Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони ва Бухоро шаҳрида “Арк” ва “Моҳи хосса” тарихий маданий мерос объектида ҳам жорий этиш ишлари якунланмоқда.    

   Бундан ташқари, “SMART CHAIN” компанияси томонидан “Ўзбекистон” номли 13 дона “Самарқанд” номли 10 дона инновацион “карточка”лар яратилган. Карточкалар орқали мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мумкин. Карточкалар смартфон ёрдамида тарихий маданий объектлар, музейлар, шаҳарлар ва диққатга сазовор жойларнинг 3 D реалликда намоён бўлиши имкониятини беради. Мазкур карточкалар Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида сотуви йўлга қўйилган. 

Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мамлакатимизда стартап экотизимини қонуний асосини яратиш мақсади “Стартаплар тўғрисида”ги  қонунни ишлаб чиқариш бўйича ишлар амалга ошрилмоқда. Бу соҳадаги етук халқаро мутахассислар билан ишлар олиб борилмоқда. Келажакда бу соҳани янада ривожлантириш бўйича катта ишлар режалаштирилган. 

  Бундан ташқари мақсадда вазирлик томонидан янги стартапларни аниқлаш, айниқса ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб қувватлаш борасида янги стартап лойиҳалар танловлари эълон қилиб борилмоқда.       

  Вазирлик ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан 2020 йил учун энг яхши 20 та “Start-up” лойиҳалари танлови шулар жумласидандир. Россия Федерацияси Инновацияларни рағбатлантириш жамғармаси билан биргаликда "Ўзбекистон – Россия Федерацияси", Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) биргаликда “Орол денгизи минтақасининг шўрланган ерларида Инновацион стартап лойиҳалар танлови” кўплаб инновацион ғояларнинг юзага келиши  баробарида мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилишига замин яратади.                                                                    

    Рисолат МАДИЕВА,                                                                “Янги Ўзбекистон” мухбири