Янгиликлар

ИТК раиси оламдан ўтгани муносабати билан таъзия билдирамиз

 

15 июль куни Тошкент архитектура-қурилиш институти «Қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари технологияси» кафедраси профессори, Инновацион ривожланиш вазирлиги «Архитектура, қурилиш, дизайн ва шаҳарсозлик» фанлари бўйича илмий-техник кенгаш раиси Тўлаганов Абдуқобил Абдунабиевич оламдан ўтди. Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси таниқли олим Абдуқобил Абдунабиевич оламдан ўтгани муносабати билан чуқур таъзия билдириб, унинг яқинларига, ҳамкасбларига ҳамдардлик изҳор этади.

Техника фанлари доктори, профессор, Россия Табиатшунослик Академияси ва Россиядаги халқаро Психология фанлари Академиясининг мухбир аъзоси, Германиядаги «Lehmbau» халқаро ташкилотининг аъзоси Тўлаганов Абдуқобил Абдунабиевич 1957 йил 19 май куни Тошкент вилоятининг Тошкент туманида таваллуд топган.

А.А. Тўлаганов 1979 йили Тошкент политехника институтини аъло баҳолар билан тугатган ва шу йили Киев архитектура-қурилиш институти аспирантурасининг кундузги бўлимига ўқишга кирган. Аспирантурани тамомлагач ўз меҳнат фаолиятини шу институтнинг ўзида кичик илмий ходим лавозимида давом эттириб, 1985 йили «Высокопрочный шлакощелочной керамзитобетон» мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. А.А. Тўлаганов 1985 йилдан ўз илмий фаолиятини Тошкент политехника институтида, кейинчалик эса Тошкент архитектура-қурилиш институтида (ТАҚИ) катта илмий ходим, етакчи илмий ходим ва илмий-тадқиқот лабораториясининг мудири лавозимларида давом эттирди.

1989-1993 йиллар давомида Германиядаги Веймар «Bauhaus» университетида стажировка ўтаган ва 1992-1995 йиллари Тошкент архитектура-қурилиш институтида докторант бўлган. А.А. Тўлаганов 2000 йили «Структурообразование, технология и свойства легких бетонов на модифитсированных щелочных вяжущих» мавзусидаги докторлик диссертациясини мувафаққиятли ҳимоя қилган.

Мана шу йиллар давомида Абдуқобил Абдунабиевич ўзининг қурилиш материалшунослиги соҳасидаги изланишларини нафақат чуқурлаштирди, балки ушбу олийгоҳнинг кафедра ва факультетлари хамда Тошкент илмий мактаблари ўртасидаги алоқаларни ташкиллаштиришда салмоқли ҳисса қўшди, унинг раҳнамолигидаТАҚИ ва Веймар университети ўртасида, шунингдек Потсдам махсус институти билан биргаликда илмий-тадқиқот ишларини бажариш, талаба ва профессор-ўқитувчилар ўртасида маълумот алмашиш соҳаларида ўзаро ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган.

Унинг илмий-амалий фаолиятининг асосий йўналишлари маҳаллий хом ашё ва саноат чиқиндилари асосида энергия ҳамда ресурс иқтисод қилувчи самарали қурилиш материалларини яратишга қаратилган ва у турли иссиқлик изоляция ва бошқа материалларни ишлаб чиқариш каби муҳим йўналишга алоҳида эътибор қаратади.

Ўз илмий-амалий ва педагогик фаолиятида А.А. Тўлаганов халқаро алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, 1997-2007 йиллар Германия олимлари ва мутахассислари билан ҳамкорликда Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг тарихий обидаларини қайта таъмирлаш лойиҳаларининг координатори бўлган. Унинг иштирокида немис ҳамкор институтлари билан муваффақиятли лойиҳалар бажарилган. ТАҚИ ва Веймар «Баухаус» университети билан (1994 йилдан буён), ТАҚИ ва Германиянинг Потсдам махсус институти (2006 йил),СамДАҚИ билан ушбу институт ўртасида (2007 йил), шунингдек ТАҚИва Дрезден техника университети ўртасида (2006 йил) ҳамкорлик шартномалари тузилиб, жуда ҳам яхши натижаларга эришилиб, 2007 йил сентябрь ойида тарихий обидаларни сақлаш ва қайта таъмирлаш бўйича илк бор ўзбек-немис ёзги академияси ўтказилган. ТАҚИда ўзбек-немис қурилиш марказини очиш бўйича асоснома тайёрланиб, 2012 йилда ушбу марказ расмий равишда очилган ва немис тилида магистратура бўлими ташкил этилиб, уни тамомлаган талабаларга Потсдам махсус институтининг дипломлари топширилган.

Унинг илмий раҳбарлигида ИНТАС халқаро дастури бўйича Германиянинг Веймар «Баухаус» университети, Чехиянинг Брно технологик университети ва Киев архитектура ва қурилиш миллий университети билан биргаликда 2005-2007 йиллари «Маҳаллий хом ашё ва саноат чиқиндилари асосидаги энергия ва ресурс иқтисод қилувчи иссиқлик изоляция материаллари» мавзусида лойиҳа бажарилган.

Тўлаганов А.А. 2004-2007 йиллар «ТашНИИСТРОМПРОЕКТ» институти директори лавозимида ишлаган ва унинг раҳбарлигида соҳани ривожлантиришнинг перспектив дастури лойиҳаси, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш стратегияси ва қурилиш материаллари соҳасида республикада ягона бўлган илмий-текшириш институтининг устувор йўналишлар бўйича дастури ишлаб чиқилган. Янги қурилиш материалларини яратиш ва ўрганиш бўйича республика ва халқаро даражада лойиҳалар тайёрланган.

А.А. Тўлаганов 2007-2014 йиллар давомида дастлаб ТАҚИ академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ишлаш бўйича проректори, кейинчалик ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида фаолият юритган. Тошкент архитектура- қурилиш институтининг архитектура ва қурилиш соҳасидаги таянч олийгоҳ эканлиги эътиборга олинганда унинг фаолиятига юқори талаблар қўйилган. Абдуқобил Абдунабиевич проректор сифатида архитектура-қурилиш соҳаси ривожланишининг стратегик масалалари ҳисоби, ишлаб чиқариш ва хорижий ўқув марказлари билан интеграцияни кучайтириш, ўқув жараёнига замонавий педагогик ва информацион технологияларни жалб этиш, ўқув-услубий ишларнинг замонавийлигини таъминлаш, институт кадрлари потенциалини ошириш ва илмий тадқиқот фаолиятни ривожлантиришга қаратилган ишлари билан танилди.

Профессор А.А Тўлаганов 400 дан ортиқ илмий ишлар, шу жумладан 1 дарслик, 6 монография, 26 муаллифлик гувоҳномалари ва патентлар, 17 ўқув қўлланмалар муаллифи ва 26 норматив ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этган. Унинг раҳбарлигида 12 фан номзоди ва магистрлар тайёрланган.

Германия олийгоҳлари педагоглари ва олимларининг илмий ва ўқув-услубий ишлари билан чуқур ва янада яқинроқ таништириш учун А.А. Тўлаганов 2004-2015 йиллар давомида «Долговечност бетона», «Цемент и извест», «Щелочная коррозия бетона» ва «Воздействия сульфатов на бетон» дарслик ва ўқув қўлланмаларини немис тилидан таржима қилиш ва мамлакатимизда чоп эттириш учун улкан ишларни амалга оширган.