Янгиликлар

Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг йиғилиши ўтказилди

13 июль куни Халқаро рейтинглар ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг йиғилиши видеоконференцалоқа орқали ўтказилди. Уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Йиғилишда Кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишлар, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларга оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаларини тасдиқлаш, Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ва индекслар билан ишлашга масъул вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун тренинглар ўтказиш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, халқаро рейтинг ва индексдаги мамлакатимиз ўрнини яхшилаш кўп жиҳатдан қабул қилинган қонунларимизнинг жойлардаги ижроси билан боғлиқлиги таъкидланди. Бундан ташқари, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари вакиллари, жумладан, журналист ва блогерлар билан ҳамкорлик қилиш зарурлиги қайд этилди. Шу билан бирга, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари муайян тор доирадаги шахсларнинг манфаатига хизмат қилиши керак эмаслигига урғу берилди.

Кенгаш аъзолари томонидан ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларга оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режалари лойиҳалари муҳокама қилиниб, тасдиқланди. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашга масъул вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун ишлаб чиқилган тренинг дастурлари муҳокама қилинди.

Тренинглар юзасидан тақдимотлар ва тарқатма материаллар пухта ва қизиқарли бўлиши кераклиги, тренерларнинг малакаси ва тренингларнинг сифати учун Кенгаш ишчи органлари шахсан масъул ҳисобланиши таъкидланди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳозирда республикамизнинг ГИИ рейтингига киритилиши бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ижобий ислоҳотлар натижалари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасини Инновацион ривожлантириш стратегиясида белгиланган асосий вазифалардан бири – Ўзбекистоннинг ГИИ рейтингига кириши ва илғор давлатлар қаторидан жой олишига асос бўлади.

Кенгаш аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олиб, Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди.