Янгиликлар

Ипак қурти ғумбагини комплекс қайта ишлаш технологиясини тижоратлаштириш йўлга қўйилмоқда

 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти олимлари томонидан биринчи бор ипакчилик саноати корхоналари чиқиндиси —“Bombyx mori” ғумбагини қайта ишлаш технологияси яратилди. Ушбу технология экологик хавфсиз бўлиб, технологик жараён давомида халқ хўжалигининг турли соҳаларида қўлланиладиган хитин, хитозан, ғумбак ёғи, оқсил, хитозан ва «УЗХИТАН» препарати ҳамда технологик чиқиндилар асосида органик-минерал ўғит ишлаб чиқариш имкониятини беради. Ипак қурти ғумбагини комплекс қайта ишлаш технологиясининг ўзига хос хусусияти шундаки, у маҳаллий хомашёни чиқиндисиз қайта ишлашга асосланган.

Жорий йилнинг февраль ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги, Полимерлар кимёси ва физикаси институти ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси билан биргаликда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни ривожлантириш ва ишланмаларни тижоратлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар асосида “Inter Silk Pro” МЧЖ Қўшма корхонасида табиий ипак чиқиндиси, ипак қурти ғумбагини комплекс қайта ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Ушбу технология ишлаб чиқаришга жорий этилгач халқ хўжалиги турли тармоқлари учун қуйидаги импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтириладиган қатор маҳсулотлар олинади. Масалан, аминосахаридлар синфи вакили Хитин фармацевтика ва парфюмерия саноатида қўлланиши билан бир вақтда сувда эриш хусусиятига эга бўлган Хитозан ишлаб чиқаришда асосий хомашё бўлиб ҳисобланади.

Хитозан – сувда эрувчан, биологик парчаланиш хусусиятига эга аминополисахаридлар гуруҳига кириб, бутун дунёда халқ хўжалигининг 70 дан ортиқ тармоқларида қўлланилади. У асосида тиббиётда турли ҳоссали дори воситалари, биологик фаол моддалар олинади

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти олимлари томонидан ипак қурти ғумбаги “Bombyx mori”дан олинган хитозан асосида янги хусусиятларга эга полимер таркибли металл-комплекслар, карбоксил-, аскорбат-, сульфат-, суксинатхитозан ва уларнинг нанотузилишга эга ҳосилалари олинган. Уларни қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт, парфюмерия ва бошқа соҳаларда кенг қўлланиши мумкинлиги исботланган. Хитозан асосида яратилган экологик хавфсиз полимер таркибга эга, қишлоқ хўжалик экинлари – пахта чигити, буғдой, шоли ва бошқа дуккакли экинлари уруғларини экишдан аввал капсулалашда қўлланилиши мумкинлиги кўрсатилган ва институт тажриба-ишлаб чиқариш базасида охирги йилларда фермер хўжаликлари ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги корхоналари талаблари асосида 50-80 т. миқдорда «УЗХИТАН» препарати ишлаб чиқариляпти.

Ғумбак ёғи ипак қурти ғумбаги таркибига кирувчи лак-бўёқ ва парфюмерия корхоналари учун қимматбаҳо ҳомашё бўлиб, унинг улуши ғумбакда 18-22%ни ташкил этади. Ипак қурти ғумбагини комплекс қайта ишлаш технологияси босқичларида оралиқ ғумбак ёғини ажратиб олиш кўзда тутилган. Тирик организмлар, жумладан чорвачилик, балиқчилик, паррандачиликда муҳим ўрин тутган, бугунги кунда импорт орқали келтирилаётган, қимматбаҳо аминокислоталарга бой оқсил ҳам ипак қурти қурти ғумбагини комплекс қайта ишлаш технологияси босқичларининг бирида ажратиб олинади.

Ўзбекистонда балиқчилик ва паррандачиликни ривожлантиришда янги, замонавий «интенсив» технологияларни такомиллаштиришдаги асосий тўсиқлардан бири — беқиёс аминокислоталар ва протеинга бой ҳайвон оқсили асосидаги озуқаларнинг етишмаслигидир. Полимерлар кимёси ва физикаси институти олимлари томонидан ипак қурти ғумбагидан оқсил ва унинг асосида тўйимли, протеинга бой озуқа олиш технологияси ишлаб чиқилди.

Оқсилни ажратиб олиш технологияси бир неча технологик босқичлардан ташкил топган бўлиб, у органик реагентлар воситасида ёғлар ва пигментларни экстракциялаш, депротеинлаш, чўктириш, тозалаш ва қуритиш жараёнларини ўз ичига олади.

Тозаланган оқсилнинг таркибини ўрганиш натижасида унинг таркибида 16 хил аминокислотанинг мавжудлиги ва улардан 9 таси — валин, изолейсин, лейсин, лизин, аргинин, гистидин, метионин, треонин, фенилаланин ноёб аминокислоталари эканлиги қайд этилди ва патент олинди.

Ишлаб чиқилган технология асосида Полимерлар кимёси ва физикаси институти технологик лабораторияси шароитида маҳаллий маҳсулот — ипак қурти ғумбагидан оқсил партиялари ишлаб чиқарилиб, паррандалар ва балиқлар озуқаларида қўллаш бўйича синовлар ўтказилди.

Балиқчиликни ривожлантириш марказида ипак қурти оқсилини балиқларни интенсив усулда кўпайтиришда қўллаш бўйича олиб борилган тажрибалар натижасида карп балиғини саноат миқёсида етиштиришдаги унумдорлик 20 кг/м3 га етганлиги, мазкур натижа белгиланган меъёрий талаблар ҳамда балиқ етиштирувчи хўжаликлардан юқори эканлиги аниқланди. Бунда озиқлантириш коэффициенти 2,1 га тенг бўлиб, мавжуд бошқа оқсиллар озуқа коэффициентларидан икки баробар самаралиги исботланди.

Оқсилнинг самарадорлигини аниқлаш бўйича синовлар Қашқадарё вилоятининг Паррандачилик илмий-тадқиқот станцияси ва «Косон гўшт-сут маҳсулотлари» МЧЖ паррандачилик хўжалигида ҳам олиб борилди. Оқсилни синовдан ўтказиш жараёнида уни озуқа таркибида 0,5 % миқдорда қўллаш тухум олиш унумдорлигининг 48 % га, гўшт ҳажмининг 50- 55 % га ортишига олиб келди.

Оқсилни балиқлар ва паррандалар био-озуқаси таркибидаги фаол қўшимча сифатида қўллаш унинг ҳозирги вақтда бозорда мавжуд бўлган ҳайвон оқсили асосидаги озуқаларга нисбатан самарали эканлигини кўрсатди. Институтда олиб борилган кўп йиллик илмий изланишлар натижасида бугунги кунда амалиётда кенг қўлланилаётган экологик хавфсиз полимер шаклли УЗХИТАН уруғдорилагичи яратилди. Мазкур уруғдорилагич билан капсулаланган уруғликлар ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам унувчанлигини йўқотмайди, аксинча, уларнинг унувчанлигини оширади ҳамда ниҳолларнинг бир текисда униб чиқишини таъминлайди.

Республикамизнинг турли иқлим шароитига эга бўлган вилоятларида кўп йиллар давомида кенг синовдан ўтиб келаётган юқори самарали, экологик хавфсиз полимер шаклли УЗХИТАН дориловчи препарати табиий полисахаридлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, у қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини, жумладан, тукли ва туксиз пахта чигитлари, сабзавот-полиз экинлари уруғларини экишдан олдин капсулалаш технологияси бўйича қайта ишлашда қўлланилади. УЗХИТАН уруғдорилагичи бир тонна туксизлантирилган уруғлик чигитларга 20 литр меъёрда сарфланади. Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида ўсимлик уруғларини экишга тайёрлашда, уларни вегетацион ривожланишида турли касалликлар ва нематодаларга қарши курашда қўлланилади.

УЗХИТАН препарати Республикамиз қишлоқ хўжалигининг пахтачилик соҳасида узоқ йиллардан бери жорий этилиб, фермер хўжаликлари томонидан юқори самарадорлиги эътироф этиб келинаётганлиги сабабли, туксиз уруғлик чигитлар ушбу препарат билан капсулалаб экилаётган фермер хўжаликлари сони ва пахта майдонларининг кенгайиб бораётгани бунинг ёрқин далилидир.

Сурхондарё вилоятидаги “Inter Silk Pro” МЧЖ қўшма корхонасида ипак қурти ғумбагини комплекс қайта ишлаш технологияси жорий этилиши билан ушбу корхонада УЗХИТАН препаратини ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилади. Ипак қурти ғумбагини комплекс қайта ишлаш технологик жараёнларида ҳосил бўлган чиқинди сувлар таркибида оқсил, ёғ ва бошқа органик моддалар борлигини назарда тутган ҳолда, уларни атроф муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини экишдан аввал тайёрловчи корхоналарда тукли уруғлик чигитни кимёвий туксизлантириш жараёнида ҳосил бўладиган толали чиқиндиларни юқори қайд этилган чиқинди сувлар билан намлаш, микроэлементлар ва азотли, фосфорли, ва калийли ўғит ишлаб чиқарувчи корхоналар чиқиндилари билан бойитиш ва компостлаш орқали экологик хавфсиз, микроэлементлар билан бойитилган органоминерал ўғит ишлаб чиқариш технологияси яратилган.

Органик-минерал ўғит таркиби – 5,3-26,4% гумус, 4,7-25,5% гумин кислоталари, азот – 1,0-2,7%, фосфор – 1,3-2,3% ва кул миқдори – 2,8-40,0% эканлиги аниқланган.

Ушбу технологияни амалиётга жорий этиш биринчидан янги ҳоссали ўғит олиш имкониятини берса, иккинчидан юқорида қайд этилган иккита корхона технологик чиқиндиларни утилизация қилиш имкониятини беради.