Янгиликлар

Исроиллик мутахассислар коронавирусга қарши яратилган препаратнинг тақдимотини ўтказди  

 

Ўзбекистон Республикасининг Исроилдаги элчихонаси кўмагида ўзбекистонлик ҳамда исроиллик мутахассислари ўртасида видеоконференц алоқа бўлиб ўтди. Мулоқот COVID-19 коронавирус пандемияси шароитида илмий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш ҳамда келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларни келишиб олиш мақсадида ўтказилди.

Мазкур онлайн конференцияда Исроил томондан Тиббиёт бўйича халқаро ҳамкорлик маркази директори доктор Марина Клейман, Қдаги «Хадасса» университети профессори Саул Едгар, Холон технология институти директори, профессор Эдуард Якубов ва мутахассис Антуанетта Леви иштирок этган бўлса, юртимиздан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг мутахассислари иштирок этишди.

Ўтказилган видеоконференция бир неча мавзуларни ўзида жамлаган бўлиб, Ўзбекистоннинг тиббий ва илмий-тадқиқот марказларида клиник синовларни ўтказиш ҳамда телемедитсина масофадан тиббий маслаҳат беришга алоҳида урғу берилди

Видеоконференцияда дастлаб Марина Клейман ўзининг лойиҳаси билан таништирди. Ушбу лойиҳада мутахассис ўзининг маркази томонидан коронавирусга қарши препаратлар тайёрланганини ва бу «Хадасса» университети билан яқин ҳамкорликда амалга оширганини айтиб ўтди. Лойиҳа тақдимотида ушбу препаратнинг таъсири, унинг механизмлари ҳамда қўлланилиши ҳамда унинг клиника ва клиник олди синовларини ўтказиш тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, у ушбу йўналишда Ўзбекистон томони билан биргаликда ишлашга ҳамиша тайёрлигини билдирди. Лойиҳа юзасидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутахассислари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Юқорида қайд этилган йўналишда Ўзбекистон тадқиқот ўтказиш учун исроиллик тадқиқотчиларни жалб қилган ҳолда ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

Бундан ташқари, телемедитсина ва масофадан туриб тиббий маслаҳат бериш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Холон технология институти директори, профессор Эдуард Якубов Исроилда биринчи бўлиб Холон технология институтида рақамли тиббиёт факультети очилганини таъкидлаб, ушбу факультет билан мамлакатимизнинг тегишли тиббий таълим муассасалари ва университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассислар учун онлайн малака ошириш курсларини ташкил этиш учун ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. Таъкидлаш жоизки, Тиббиёт бўйича халқаро ҳамкорлик маркази соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга, тажриба алмашиш, масофавий маслаҳатлар ва шифокорлар малакасини ошириш курсларини ташкил этишга ихтисослашган. Марказ асосан онкология, ортопедия, кардиология, репродукция ва суррогат оналик ҳамда реабилитация йўналишларида фаолият олиб боради.

Видеоконференция якуни бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида тиббиётдаги мавжуд муаммоларни ечиш борасида исроиллик мутахассислар билан ишлашга келишиб олинди.