Янгиликлар

Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси қабул қилинади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳлари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси»га оид фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Олимларнинг таърифига кўра, сунъий интеллект инсоннинг мантиқий ва ижодий функцияларини бажарувчи интеллектуал сунъий тизимдир.

Сунъий интелект ҳозирги ахборот асрида ниҳоятда долзарб бўлиб, инсоният сунъий интеллект орқали XXI асрнинг глобал муаммоларига илм-фанда янги имкониятларни кашф этиш йўли билан ижобий ечимларни топади. Шунингдек, бу тиббиёт, таълим, энергетика, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа барча соҳаларда сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини оширади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда ахборот технологияларини ривожлантириш, соҳа ва тармоқлар фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш, «ақлли дастурлар»нинг қўлланиш соҳасини кенгайтириш бўйича давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва ижро этилмоқда.

Ҳужжатга кўра аҳоли ўртасида, хусусан ёшларга сунъий интеллект соҳасидаги билимларни эгаллашлари учун тизимлаштирилган маълумотлар асосида мунтазам тарзда янгиланиб борувчи давлат тилида онлайн маълумотлар базасини яратиш кўзда тутилган.

Унда,

– СИнинг асосий тушунчалари;

– СИнинг қўлланилиш соҳалари;

– СИ бўйича янги қизиқарли янгиликлар;

– давлат тилидаги қисқа бепул онлайн ўқув машғулотларини олиб бориш;

– СИ стратегиясини ёритиш;

– ўзаро инновацион ғоялар алмашиниш онлайн платформасини шакллантириш

– СИда илм-фан ва бизнес вакилларининг органик хамкорлик платформа вазифасини бажариш.

Республикада SТЕМ таълим йўналишлари ва илмий тадқиқот фаолиятларини 2030 йилгача тизимли ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқилади.

Лойиҳага кўра, шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий амалий марказида “Миллий сунъий интеллект илмий тадқиқот ва ривожлантириш маркази”ни ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Ушбу ҳавола орқали фармон билан тўлиқ танишиш ва таклиф билдириш мумкин.