Янгиликлар

Жонажон халқимиз, она Ватанимизни асрашга ўз ҳиссангизни қўшинг!

Куни кеча давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб, ушбу масала бўйича жамоатчиликка яна бир бор мурожаат қилди. Мазкур касаллик мамлакатимизда аниқланган биринчи кундан бошлаб жорий қилинган қатъий тадбирлар туфайли унинг кенг тарқалишининг олдини олишга эришилди. Ўзбекистон бундай чора-тадбирларни энг муваффақиятли қўллаган, қоидаларга оғишмай риоя қилган ва шу сабабли ўлим кўрсаткичи энг кам бўлган мамлакатлар қаторидан ўрин олди.

Давлатимиз раҳбари кишиларимизга қулайлик яратиш ва кенг кўламли бунёдкорлик ишларини изчил давом эттириш мақсадида, одамлар бугунги куннинг талабларини тушуниб етишларига ишониб чекловларнинг юмшатилиши ортидан яна таҳликали вазият юзага кела бошлаганидан хавотир билдириб, «Юртдошларимизга мурожаат қилиб яна бир бор таъкидламоқчиман: бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди» деди. Дарҳақиқат, юзага келган вазиятни ўнглашнинг энг мақбул ва хавфсиз чораси – инфекция кенг тарқалмаслиги учун карантин тадбирларини кучайтиришдир. Аслини олганда бу тириклик эволюциясида омон қолиш инстинкти дейилса ҳеч муболаға бўлмайди. Сабаби, мукаммал экотизим ҳисобланган жонли табиатда жамоавий ҳаёт кўринишларида касаллик туфайли оммавий қирилиб кетишдан сақланиш чораси сифатида ҳам ўз-ўзини иҳоталашнинг ўрнак бўларлик кўринишлари кишини ҳайратга солади. Мен биолог ва генетик олим сифатида шу борада бир нечта мисоллар келтирмоқчиман.

Мисол учун, ўз жамоасидаги тартиб-интизоми билан жуда кўп илмий ва ҳужжатли дарсликлардан ўрин олган чумолилар жамоасида инфекция юқтириб олиш шароитида қатъий чекловлар жорий қилиш тартиби мавжуд. Ўзига хос замбуруғ касаллигини юқтириб олган чумолилар бошқа турдошларига яқинлашишдан қочишади. Агар касаллик жамоанинг маълум қисмига юқса, зарарланган чумолилар ўзларига-ўзлари чеклов ўрнатишади, соғлом турдошлари эса индан ташқарига чиқмаслик учун, қилинадиган ишларни ўзаро тақсимлаб олишади. Яъни, касаллик тарқалганида ушбу жамоада тўла карантин жорий қилинади, соғлом жонзотлар эса бир-бирлари билан мулоқотни камайтиради.

Бундай тартиб бошқа жамоаларда, масалан, асалариларда ҳам борлигини кўпчилик билса керак. Омар деб аталадиган қисқичбақалар касалланган турдошини бошқалардан иҳоталаб қўйишади. Кариб денгизидаги лангуста деб аталадиган жонзотлар касалланган турдошига яқинлашишдан кўра, ташқарида қолишни афзал кўришади. Бундай тартиб ҳатто ваҳший жонзотларда ҳам кузатилади: шерлар касални жамоадан чиқариб юборишади, касалланган бўри эса ўз тўдасини ташлаб кетади. Табиий инстинктларга кўра ҳаёт кечирувчи бу жонзотлар атрофида жонкуяр тиббиёт ходимлари ёки касалликни даволаш учун самарали дори-дармонлари бўлмаган шароитда тиббиёт ҳақидаги тушунчалари бўлмаса ҳам, ўз турдошларини, авлодларини оммавий қирилиб кетишдан сақлаб қолиш учун шундай йўл тутишади ва бунга қатъий тартиб ҳамда интизом орқали эришилади. Бутун ер юзидаги жонли табиат шундай тартиб асосида яшайди ва бу тартиб ҳаёт давом этишининг ажойиб намунасидир. Бу тирикликни ўз-ўзини сақлаб қолишнинг эволюцион ечими ва биз инсонларга ҳам тааллуқли коронавирус пандемияси тобора чуқурлашиб бораётган, аниқ дори-дармон ёки вакцина ишлаб чиқилмаган бу даврда биз учун бутун тириклик риоя қилиши шарт бўлган энг мақбул ечимдир.

Инсоният ана шундай касалликларга чеклов тартибларни амалиётда кенг қўллаб келиши ҳам сир эмас. «Ўсимликлар карантини» деган иборани кўпчилик эшитган, албатта. Бу - маълум бир мамлакатнинг ўсимлик дунёсини сақлаб қолиш учун ўрнатилган ҳимоялаш тартибидир. Унга кўра, ўсимлик билан бирга кириб келадиган ва мамлакат экотизимига зарар етказиши мумкин бўлган микроорганизмларни аниқлаш ва хавфнинг олдини олиш учун маълум вақтгача чеклов жорий қилинади, яъни янги турдаги ўсимликлар назоратдаги дала майдонларида экилиб кассаликлари бор ёки йўқлиги аниқланиб, тозаланиб кейин кенг майдонларга чиқарилади, яъни карантинда тутиб турилади. Шунингдек, мамлакатимизда халқ саломатлигига, жамият ҳаётига хавф туғдирмаслик учун тупроқ, ҳаво, сув ва табиат хавфсизлиги чоралари ҳам қўлланиб келинмоқда. Агар одамлар саломатлигига зарар келтириши гумон қилинса, дарёлар, кўллар, бутун-бутун ҳудудлар иҳотага, яъни карантинга олинади. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан яқинда муҳокамага киритилган ва тайёрланаётган «Биотехнологияларни ривожлантириш ва Ўзбекистон Республикасида биохавфсизликнинг яхлит тизимини шакллантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Президенти қарори лойиҳасида айнан шундай вазиятларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Қисқача айтганда, муттасил ривожланиб ва ўз-ўзини ҳимоялаб турган шу жонли табиат ҳам олам гултожи бўлмиш инсонларга вазият тақозо қилганида қандай тартибларга риоя қилиш зарурлигини таъкидлаб тургандай.

Давлатимиз раҳбарининг жон куйдириб айтган сўзлари замирида катта маʼнолар бор. Юртимизда кенг қулоч ёйган бунёдкорлик ишлари, янгиланиш жараёнларидан кўзланган бош мақсад айнан кишилар фаровонлигини, ҳаёт шароитини яхшилашга, эзгу орзу-ниятларининг рўёбга чиқишига қаратилган. Катта мақсадларга ва орзу-ниятларга эришиш учун ҳам халқ саломатлигини муҳофаза қилиш борасида жон куйдирилмоқда. Ҳар бир киши Президентимизнинг сўзларини мулоҳаза қилиши, ўз ҳаёт тарзини тартибга солиши керак. Бундай тартиб жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади, чунки гап мамлакатнинг энг катта бойлиги бўлган инсонларимиз, юрагимиздан жой олган қадрдонларимиз, пири бадавлат отахон-онахонларимиз ва фарзандларимиз ҳақида бормоқда.

Жамоавий иҳоталаниш ҳақида сўз кетганида шуни ҳам айтиб ўтиш керак: жамоат жойларида, кўчаларда тартибсиз ташлаб кетилган ёки ишлатилган ҳимоя ниқоблар билан тўла ахлат қутиларига кўзингиз тушгандир. Коронавирус инфекциясининг симптомларсиз, яъни аломатларсиз ўтадиган тури ҳам борлиги ҳақида шифокорларимиз муттасил бонг уришмоқда. Шу билан бирга, катта эҳтимоллик билан вирусли томчилар қуриб, ҳаво орқали кўчиб юриши ва тарқалиши мумкинлиги тўғрисида ҳам хавотирлар пайдо бўляпти. Шу нуқтаи назардан қаралса, ҳафсаласизлик билан улоқтирилган ўша ҳимоя ниқоблари қанчадан-қанча кишиларга хавф туғдирадиган инфекция манбаи бўлиши мумкин. Балки жамоат жойларига ишлатилган ниқоблар учун махсус дезинфекцияловчи контейнерлар қўйилишини ташкил қилиш керакдир, лекин нима бўлганида ҳам, минглаб юртдошларимиз шундай ҳолатларга эътибор беришлари, тозаликка, жамоат жойларида ва оиламизда турмушнинг гигиеник талабларига ва тартибларга қатъиян риоя қилишлари керак бўлади. Ҳар биримиз ишлатилган ниқобларга бефарқ бўлмаслигимиз ва уларни иложи борича дезинфекциялаб кейин ахлат қутиларига ташлашга ҳаракат қилишимиз касалликни енгишимизда катта ёрдам берар эди. Барчамиз шу азиз юртнинг фарзандимиз, элимиз-юртимиз учун жон куйдирамиз. Бугун барчамиз бир-биримизни ўйлашимиз, жонкуярлик қилишимиз керак. Бир-биримизни огоҳлантиришимиз, керак бўлганида танбеҳ беришимиз, яъни жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарур.

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча тизимлари иқтисодий ва ижтимоий томирларда ҳаёт барқ уриши, ислоҳотларнинг ва янгиланишларнинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун янги шароитда самарали ишлаш йўллари устида изланмоқда, халққа хизмат қилишнинг замонавий, вазиятга мос шаклларига ўтмоқда. Давлат раҳбаримиз айтганларидек, бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга, темир интизом билан, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ. Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз «Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!» деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт. Бундан эса, «Азиз ва жонажон халқингни, она ватанингни асрашга ўз муносиб ҳиссангни қўш» деган мазмун келиб чиқади. Ахир, табиат қўйнида яшарканмиз, бутун тириклик амал қиладиган бундай тартибига риоя қилиш бизларнинг ҳам табиат ва инсоният олдидаги инкор этиб бўлмайдиган бурчимиздир.

 

Иброҳим Абдураҳмонов
Инновацион ривожланиш вазири, академик