Янгиликлар

Маҳаллий хомашёлардан ПВХ ва керамик маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологиялари яратилади

 

2020 йил 11 июль куни «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси қошидаги Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашининг 11-йиғилиши мажлиси онлайн тарзда бўлиб ўтди. Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири, Кенгаш раиси, академик И.Абдураҳмонов раислик қилди.

Йиғилишда маҳаллий хомашё асосида поливинилхлориддан (ПВХ) буюмлар ишлаб чиқариш технологияларини яратиш бўйича илмий лойиҳалар муҳокама қилинди. Лойиҳани амалга ошириш натижасида поливинилхлориднинг маҳаллий минераллар билан юқори даражада тўлдирилиши, бу билан янги таркибли ва сифатли композит материаллар олинишига имконият кенгаяди. Маҳаллий минераллар — волластонит, базальт, вермикулит кабиларнинг модификация қилиш, сирт фаол моддалар билан ишлов бериш ҳисобига полимер асослар билан боғланишида барқарорлик ва мустаҳкамликни таъминлаш масалалари ҳал қилинади. Олинган янги таркибли материаллардан давлат стандартлари талабларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси илмий жиҳатдан асосланади.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда полимерлар ичида айнан ПВХ қурилишда энг кенг қўлланилади. АҚШда ПВХнинг 50 фоизи, Европада 60 фоизи қурилишида фойдаланилади. Эскирмайдиган, пишиқ, қаттиқ, енгил, зангламайдиган, кимёвий, об-ҳаво ва ҳарорат таъсирига чидамли мазкур материал ёнғинга чидамлилиги билан ҳам ажралиб туради. Электр ўтказмаслиги эса уни изоляция материали сифатида қўлланишига ҳам имкон беради. ПВХдан ишлаб чиқарилган қувурларнинг яроқлилик муддати 40 йил бўлиб, бу соҳадаги янги ишланмалар уларнинг яроқлилик муддатини 100 йилгача етказиши мумкин.

ПВХ бошқа қурилиш материалларига қараганда арзон ва енгил. Демакки, ПВХни қайта ишлашга, транспортировка қилишга, демакки ёқилғига камроқ маблағ сарфланади. Шунингдек ундан узоқ муддат давомида фойдаланиш мумкинлиги ушбу материаллардан ясалган ром ва эшиклар, қувурлар ва бошқа анжомларни алмаштиришга кетадиган харажатларни қисқартиради.

Ҳозирги кунда саноат корхоналарида ишлаб чиқаришнинг юқори суръатларда ўсиши полимер композицион материалларга бўлган талабнинг йилдан йилга ортишига сабаб бўлмоқда. Бу ўринда автомобилсозлик ва қурилиш соҳасида полимер композицион материалларга юқори конструкцион талаблар қўйилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 512 минг тонна полиетилен, 83 минг тонна полипропилен ва 17,5 минг тонна поливинилхлорид ишлаб чиқарилмоқда.

Янги лойиҳа бўйича амалга ошириладиган тадқиқотлар туфайли эса маҳаллий полимер - поливинилхлорид минерал тўлдирувчилар - вермикулит, дисперс базальт, волластонит, базальт толалари, антипиренлар ва бошқа қўшимчалар асосида юқори босимли ва термик барқарор полимер ПВХ буюмлари олишда ишлатиладиган полимер композитлар таркиби ишлаб чиқилади. Шунингдек, маҳаллий хoмашёлар асосида ПВХ буюмлар ишлаб чиқаришнинг инновацион технологиясининг техник регламенти тузилиб, тегишли ҳужжатлаpи тайёpланади.

Йиғилишда Давлат илмий-техник дастурларига ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъатида тасдиқланади.

Йиғилишнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 26-27 июнь кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларига кўра Наманган вилоятида илмий асосда ва инновацион технологияларни татбиқ этган ҳолда норуда қазилма бойликларини қайта ишлаш масаласи муҳокама этилди. Хусусан каолинни қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматли қурилиш материаллари (керамика ва б.) ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва уларнинг таннархини пасайтириш бўйича чора тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Бу дастурни амалга оширишда Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши ва «ЎзқурилишматериалЛИТИ» МЧЖилмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази фаолиятини тубдан такомиллаштириш назарда тутилган.