Янгиликлар

Нигоҳ: Ўзбекистон технологияларни тижоратлаштириш орқали иқтисодий фаровонликни таъминланишига ишонмоқда

 Мазкур мақола “Bizcatalyst360” — бизнес, маданият ва ҳаёт тарзини таҳлил қилувчи глобал ахборот ресурсида чоп этилган.

Муаллиф: Чак Брукс 


Ҳаммуаллиф: д-р Том Челлуччи


Биз иккимиз ҳам технологияларни тижоратлаштиришнинг ҳудуд, мамлакат ёки континентнинг иқтисодий ривожланишига таъсири ҳақида кўп ёзганмиз. Мазкур мақолада муайян мамлакатнинг «тадқиқот ўтказишга ўрганган тафаккур»ни тижоратлаштиришга йўналтириш бўйича маданий ўзгаришни таъминлаш йўлида илк қадам қўяётгани ҳақида гап кетади.


Ўзбекистон Марказий Осиёдаги аҳолиси энг зич жойлашган мамлакат. Демографик тузилмасига кўра ёшлар кўп, аҳолисининг тахминан 60 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади.


Яна бир қизиқ жиҳати, Ўзбекистон кўп миллатли мамлакат бўлиб, 100 дан ортиқ этник гуруҳлардан иборат. Этник ўзбеклар мамлакатнинг 80 фоизини ташкил этади. 1991 йили мамлакат мустақилликка эришгандан бери илк бор давлат раҳбари ўзгарганидан сўнг 2016 йилнинг охиридан бошлаб ислоҳотлар жараёни бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий ўсиш, давлат институтларнининг такомиллаштириш ва иқтисодиётда хусусий сектор улушини оширишга қаратилган иқтисодиётни модернизациялаш дастурини амалга оширишга киришди.


Президент айтганидек: “...экспортга маҳсулот чиқараётган, инновацион ва юқори технологик ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорларга ва чет эллик инвесторларга шундай имконият яратиш керак. Ҳар бир ишлаб чиқариш соҳасида тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари, конструкторлик бюролари, тажриба-ишлаб чиқариш ва инновацион марказлар бўлиши мақсадга мувофиқдир. Биз мамлакатимизда инвестицияларни фақатгина иқтисодиёт тармоқларига эмас, балки илмий ишланмалар «ноу-хау»лар соҳасига ҳам кенг жалб қилишимиз керак.”


«Ислоҳотлар йўл харитаси»да 2040 йилга келиб ўртачадан юқори даромадга эга мамлакатлар қаторидан жой олиш мақсадига эришиш учун барча стратегик соҳаларни ислоҳ қилиш бўйича ишлар белгиланган.


2017 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ҳукумати 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш бўйича бешта устувор йўналиш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини эълон қилди. Булар давлат ва давлат институтларини кучайтириш; қонун устуворлигини таъминлаш ва суд тизимини ислоҳ қилиш; иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш; ижтимоий ривожланишни кучайтириш; этник ва диний бағрикенглик ҳамда конструктив ташқи сиёсат орқали шахсий ва жамоат хавфсизлигини таъминлашдир. Давлат корхоналарини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш, инвестицион муҳитни яхшилаш, тадбиркорликни рағбатлантириш замонавий технологиялар ва инновацияларга инвестицияларни киритиш муҳим вазифаларга айланди. 2019 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорликда ислоҳотлар йўл харитасини қабул қилди. Мазкур «Ислоҳотлар йўл харитаси»да 2040 йилга келиб ўртачадан юқори даромадга эга мамлакатлар қаторидан жой олиш мақсадига эришиш учун барча стратегик соҳаларни ислоҳ қилиш бўйича ишлар белгиланган. Ислоҳотлар йўл харитаси Ўзбекистон Миллий инновацион тизимини ривожлантириш ҳамда хусусий сектор ва хорижий университетлар билан ҳамкорлик қилиш учун тадқиқот грантларига молиявий ресурсларни сафарбар қилишни кўзда тутади. Мазкур дастур билан боғлиқ қўшимча маълумотлар олиш учун қуйидага ҳаволага киринг: https://www.hstoday.us/subject-matter-areas/information-technology/what-federal-agencies-can-learn-from-the-international-community-about-commercialization-of-technology/.


Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга истиқболли маҳаллий ютуқларни жорий этиш, жумладан ихтисослашган лабораториялар, юқори технологиялар марказлари, технопарклар ва бошқа тузилмаларни ташкил этиш, хусусан бу ишларга хорижий инвесторларни жалб этиш энг долзарб масалалардан бирига айланди.


Сўнгги ютуқлар
Сўнгги икки йилда Ўзбекистон ўз миллий инновацион тизимини ривожлантиришда маълум натижаларга эришди.


Ҳукуматнинг стратегик қарашлари ва энг юқори даражадаги қўллаб-қувватлашлар билан мазкур жараён ҳаракатга келди: мамлакат 2030 йилгача Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати таркибига кириши кераклиги мақсад этиб қўйилди.


Бу мақсадга эришиш учун ҳозирда илмий тадқиқотлар ва тажриба конструкторлик ишланмаларига ялпи ички маҳсулот ҳажмининг атиги 0,21 фоизи ажратилаётган бўлса, 2021 йилга бориб бу кўрсаткич тўрт баравар ошиб, 0,8 фоизни ташкил этмоғи керак. Шунингдек, илмий салоҳият ошиши ҳамда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиши зарур.


Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳудудларнинг ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятини барқарор ўсиши учун зарур шарт-шароитни таъминлайдиган илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш учун замонавий инфратузилмани яратиш, шунингдек, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширди. Вазирлик инновацион ғоя ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасига инвестицияларни жалб этиш, уларнинг ривожланишини таъминлаш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш устида иш олиб борди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги илм-фанни молиялаштириш тизимини ислоҳ қилишни бошлади. 2018 йилга қадар илмий жамоатчилик ташаббуси билан шакллантирилган илмий-тадқиқот лойиҳалари мураккаб жараёнлар билан йилига бир марта молиялаштирилар эди. Ҳозирда илмий-техник лойиҳалар танловлари мунтазам равишда ўтказилмоқда (танловлар онлайн режимида ҳар икки ойда бир эълон қилинмоқда) ҳамда миллий иқтисодиётнинг аниқ эҳтиёжлари ва устувор вазифаларига асосланмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этгунига қадар илмий-техник лойиҳаларга ажратиладиган маблағлар чегараланган бўлиб, улар фақатгина тадқиқотчиларнинг иш ҳақларинигина қоплашга етарди. Вазирлик молиялаштириш миқдорини оширди (грантларнинг ўртача қиймати уч бараварга ошиб, 80 минг АҚШ долларини ташкил этди), энди олимлар грант маблағларининг ярмини илмий-тадқиқот ускуналарини харид қилиш учун ишлатишлари мумкин. Илмий-тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишлари янги йўналишларини қамраб олиши ҳамда илмий объектларнинг жуғрофий қамровини кенгайтириш мақсадида вазирлик, шунингдек, дала экспедициялари ва ҳудудий университетлар лабораторияларини молиялаштириш ҳажмини оширди. Бу ўз навбатида ЎзР ФА га кирмайдиган илмий муассасаларнинг молиялаштирилиш ҳажмини кўпайишига олиб келди.


Ўзбекистон ҳукумати тадқиқотчилар учун қисқа муддатли (3 ойлик) стажировкалар ташкил этишни бошлади. 2018 йили 40 нафар тадқиқотчи хориж стажировкаларини ўтаган бўлса, 2019 йили бу кўрсаткич 300 нафарни ташкил этди. Вазирлик, шунингдек хорижий илмий-тадқиқот институтлари ва университетлари билан ҳамкорликда қўшма илмий лойиҳалар танловларини эълон қилди.


Технологияларни тижоратлаштириш — мураккаб жараён
Мазкур фаолият учун зарур кўникма ва билимлар ҳамон ривожлантирилмоқда, уни жорий этиш учун эса маълум вақт талаб этилади.


Ўзбекистон миллий инновацион тизимини ислоҳ қилиш жараёнида илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш энг қийин вазифалардан биридир. Самарали ва натижадор ғоялар трансфери, тадқиқотлардан инновацияларга ўтиш, илмий ҳажмдор маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган мавжуд корхона ёки стартапларга инновацияларни жорий этиш тадқиқотчилардан ўзгача машаққат ва меҳнатни талаб қилади. Ривожланган мамлакатлар бу имкониятга тўғри баҳо бериб, улардан кўплаб жабҳаларда фойдаланишга уриндилар, масалан Европа Иттифоқи университетларнинг «учинчи мандати» (бунда университетлар турли йўналишларда билим олаётган талабаларга тадбиркорлик бўйича амалий дарслар таклиф этади – тарж.). Бироқ тижоратлаштириш ўзидан ўзи юз берадиган жараён эмас. Концепциянинг ҳаётийлигини исботлаш, прототиплаш каби илк босқичларни молиялаштиришни хусусий сектор маблағлари билан етарлича қопланмаслиги кузатилади. Мазкур фаолият билан шуғулланиш учун билимлар ва кўникмалар ҳамон ривожлантирилмоқда ва жорий этилишига маълум вақт талаб этилади. Бу муаммолар фақатгина Ўзбекистон учунгина хос эмас, лекин Ўзбекистон миллий инновацион тизимининг ривожланиши билан тобора долзарб бўлиб бормоқда. Маълум ижобий ўзгаришларга эришилган бўлса-да, яқин йилларда режалаштириб амалга ошириладиган ишлар билан янада катта натижаларни қўлга киритиш мумкин. Муваффақият қозониш учун зарур ирода уларда етарли, Жаҳон Банки томонидан тақдим этиладиган маълумотларга асосланиб, биз уларнинг ютуқларидан хабардор этиб турамиз.


Муаллифлар ҳақида
Том Челлуччи  39 йил давомида ҳам хусусий секторда, ҳам давлат ташкилотларида ижрочи директор лавозимларини эгаллаб келмоқда. Тарихда биринчи марта АҚШ ҳукуматининг Тижоратлаштириш бўйича масъул ходими бўлиб тайинланган ва президент Буш даврида ҳам, президент Обама даврида ҳам бу лавозимларда фаолият юритган. У, шунингдек, зарур ҳолларда президент Трамп ҳукуматига ҳам кўмак беради... Томнинг муаллифлиги ва ҳаммуаллифлигида 25 та илмий асарлар китоб бўлиб чиққан, юқори технологиялар тўғрисида 314 тадан зиёд мақолалар ёзган. 1984 йили Пенсилвания университетида физикавий кимё бўйича фалсафа доктори, 1991 йили Ратгерс университетида бизнес бошқаруви бўйича бакалавр, 1980 йили Фордхем университетида кимё фани бўйича бакалавр унвонларини олган. У Нарвард, Принстон, Пенсилвания университетларида талабаларга дарс берган. У ҳукумат доирасида тижоратлаштириш бўйича «илк қалдирғоч» ҳамда Уолл-стритнинг илғор экспертларидан саналади. У бош қароргоҳи Массачусетс штатининг Бостон шаҳрида бўлган таниқли GVP Global Corp инвестицион компанияси Директорлар кенгаши раиси ҳамдир. Том ва унинг рафиқаси 7 нафар фарзандни тарбия қилишган, уларнинг 6 нафар набиралари бор.


Чак Брукс киберхавфсизлик ва илғор технологиялар бўйича таниқли мутахассис ва шу соҳанинг тарғиботчисидир. LinkedIn Чакни “LinkedInда кузатиш мумкин бўлган 5та энг яхши техник мутахассис”лардан бири деб таърифлаган. У Thompson Reuters томонидан «Хатарларни баҳолаш соҳасидаги 50 нафар энг нуфузли шахслар» рўйхатига киритилган. 2018 йили IFSEC – ҳар йили ўтказиладиган глобал хавфсизлик кўргазмаси ва конференциясида киберхавфсизлик бўйича иккинчи ўриндаги мутахассис деб тан олинган. У Washington Post нашрининг киберхавфсизлик бўйича эксперти, Homeland Security Today журналининг таклиф этилган муҳаррири, FORBESда мақолалар муаллифидир. Ҳукумат доираларида ҳам Чак юқори мартабаларга эришган. Жорж У. Буш президентлиги даврида АҚШ Давлат Хавфсизлиги Департаментида Илм-фан ва технологилар бўйича директор бўлган. Рейган президентлигида эса «Америка овози» директорининг махсус ёрдамчиси бўлган. General Dynamics, Xerox, Rapiscan, SRA, Sutherland каби йирик компанияларда хавфсизлик ва ҳукумат билан алоқаларга доир масъул лавозимларни эгаллаган. У Жоржтаун ва Жон Хопкинс университетларида хатарларни бошқариш, миллий хавфсизлик ва киберхафсизлик бўйича маърузалар ўқийди. У Чикаго университетида халқаро алоқалар бўйича магистр, Депау университетида сиёсий фанлар бўйича бакалавр даражасини олган. Гаага халқаро ҳуқуқ академиясининг сертификатига эга.