Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири ректорлар билан учрашди

8 июль куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган олий таълим муассасалари раҳбарлари — Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Марахимов, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробджонов, Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университети Жамшид Иноятхожаев ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг проректорлари Шуҳрат Боймуродов ва Феруза Азизова билан учрашди. Учрашувда вазирлик ва олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

И. Абдураҳмонов вазирлик биносидаги 6 та ўқув лабораторияси, коворкинг маркази, инновацион студия, мажлислар залларидан ОТМларниинг профессор-ўқитувчилари, талабалар фойдаланишлари мумкинлигини, у ерда онлайн ва офлайн машғулотлар, маҳорат дарслари ўтиш, маърузалар ўқиш мумкинлигини, вазирлик биноси олимларни бирлаштирувчи илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш платформасига айланиши лозимлигини таъкидлади. Талабалар вазирлик биносига экскурция учун эмас, балки илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, тадқиқотлар натижаларини иқтисодиётимиз ва жамиятимизга фойда келтирадиган технологияларга айлантириш кўникмаларини эгаллаш учун келишлари керак. Ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси жамғармаси томонидан талабалар, ёш олимларнинг энг яхши лойиҳаларини молиялаштириш имкони борлиги ҳам айтиб ўтилди.

Вазирлик биносининг кўргазмалар залида Университетлар ўз тадқиқотлари натижалари ва ишланмаларини намойиш этишлари, соҳа вакилларига намойиш этиб, уларга харидор топиш имкониятидан фойдаланишлари мумкин. Айнан шу тарзда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни таъминловчи «олтин учбурчак», яъни илм-фан – давлат – бизнес модели юзага келади.

Бундан ташқари, вазир давлат дастурлари доирасидаги илмий лойиҳалар танловларига лойиҳаларни топширишиш, уларни расмийлаштириш бўйича тренинглар ўтказиш зарурлигини қайд этди.Шунда танловларга топширилган лойиҳаларнинг сифати ошади, молиялаштиришга тавсия этилмайдиган лойиҳаларнинг сони камаяди.

Шунингдек, турли фан йўналишлари бўйича миллий лойиҳа сифатида олиб чиқилиши мумкин бўлган мега лойиҳалар мавзулари ҳақида олимлар бош қотириши вақти келгани ҳам таъкидланди. Бунда масалан Беларус олимларининг сунъий юрак яратиш лойиҳаси устида иш олиб бораётганлари мисол қилиб келтирилди.

Вазирликнинг инновацион ахборот хизмати студиясида олимларнинг маърузаларини ёзиб олиш, талабалар, ёш олимлар ва кенг жамоатчилик учун маърузалар кутубхонасини ташкил этиш ҳақидаги таклиф иштирокчилар томонидан илиқ кутиб олинди.