Янгиликлар

Президент қарорлари ижроси – амалда!

Фарғона шаҳрида жойлашган Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Ёшлар инновация маркази»да Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2020 йил 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Фарғона вилоятида кам таъминланган хонадонларда аҳоли даромадларини ошириш ва карантин шароитида аҳолини банд қилишга қаратилган «инновацион қопламали чарм тўп» ишлаб чиқаришни ташкил этиш топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фарғона вилоят ҳокимлиги, «Ёшлар инновация маркази» ҳамда «Чарм тўп келажаги» МЧЖ ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларни иш билан таъминлаш ва янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш бўйича тренинг ўтказилди.

Республика аҳолисини сифатли спорт инвентарлари билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган «Чарм тўп келажаги» МЧЖ халқаро стандартлар асосида янги инновацион тўплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бутун дунёда тарқалган “Covid-19” пандемияси оқибатларини олдини олиш, ҳудудларда аҳолини даромад топишига кўмаклашиш юзасидан Фарғона вилояти маҳаллаларини ўрганиш асосида 100 та кам таъминланган хонадонлар танлаб олинди. Дастлабки босқичда хонадонларда ишсиз ўтирган 10 та хотин-қизлар учун пилот лойиҳа сифатида «Чарм тўп келажаги» МЧЖ мутахассислари иштирокида Ёшлар инновация маркази биносида ўқув тренинги ўтказилди.

Ўқув тренинг якунлангач иштирокчилар «Чарм тўп келажаги» МЧЖ корхонасининг устахонасига ташриф буюришди ва 10 та хотин-қизларнинг назарий билимларини амалиётда синаб кўриш имкони яратилди. Ўргатишлар давомида корхона мутахассислари томонидан корхона фаолиятининг асосий мазмун-моҳияти ёритиб берилди ҳамда таклиф этилганларга чарм тўпларни тикиш бўйича маҳорат дарси ўтказилди.

«Коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган карантин даврида ўқитган кадрларимизнинг хавфсизлигини, санитария-эпидемиология талабларига риоя қилишларини таъминлаш учун уларнинг ўз фаолиятларини касаначилик сифатида олиб боришларини, яъни ўз хонадонларида иш фаолиятларини юритишларини йўлга қўйишни таъминлашимиз керак. Шу тариқа биз ойма-ой ишчиларнинг сонини кўпайтириб, бир вақтнинг ўзида маҳсулот ҳажмини ҳам мунтазам ошириб бориш мақсад қилганмиз. Чунки корхонамиз 2015 йилдан бошлаб ўзининг маҳсулотларини хорижга ҳам экспорт қилишни бошлаган. Жумладан, Россия давлатида корхонанинг 3 та фирма дўконлари очилиб, уларда ўз маҳсулотларимизни сотишни йўлга қўйганмиз» – деб айтиб ўтди «Чарм тўп келажаги» МЧЖ корхонаси раҳбари.

Шунингдек, корхона мутахассисларининг ўрганишларича, биргина Фарғона вилоятини чарм тўп маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш учун корхонага 180 тадан ортиқ ишчи ўрни яратилиши мумкин. Фарғона водийсида маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиб бориши ўз навбатида 500 дан ортиқ ишчи ўринлар яратиш имконини беради.

Шунинг учун корхона раҳбарияти ҳозирги вазиятни эътиборга олган ҳолда, ҳамда корхона маҳсулотларига бўлган талабни янада тўлароқ қондиришни кўзлаган ҳолда шундай хайрли ишга қўл урди.