Янгиликлар

Навоийда бепул WiFi тармоғи ишга туширилди

Навоий шаҳрида вилоят ҳокимлиги ташаббуси ҳамда «Sensorika» МЧЖ томонидан ягона марказлашган бепул WiFi тармоғи ишга туширилди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги гранти асосида жорий этилган мазкур лойиҳа ҳозирча мамлакатимизда ягона ҳисобланади.
 
Шу муносабат билан ўтган тадбирда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов шаҳарни WiFi тармоғи билан таъминлаш учун рамзий пульт билан старт берди. Шаҳарнинг 100 га яқин нуқталарида ZOOM дастури орқали марказий бошқарув масканига боғланган ёшлар вилоят ҳокими билан онлайн мулоқот қилди.
 
photo_2020-06-30_17-49-48.jpg
 
Дастурни молиялаштириш ишлари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан босқичма-босқич амалга оширилмоқда, - дейди «Sensorika» МЧЖ раҳбари Норбек Арзиев. - Айни пайтгача лойиҳа доирасида Латвиянинг «Микротик» компаниясидан 218 миллион сўмлик WiFi қурилмалари олиб келиниб, 150 дан ортиғи ўрнатилди. Ушбу жараён йил охирига қадар давом этади. Навоий шаҳрида 400 та мана шундай мосламалар ўрнатилади ҳамда 6-10 километр радиусда бутун шаҳар бўйлаб WiFI тармоқлари ишга туширилади.
 
Вилоятда, шунингдек, Зарафшон шаҳрида ҳам “CITY WIFI” МЧЖ томонидан «Ақлли шаҳар» лойиҳаси асосида дастлабки амалий ишлар бошланган бўлиб, жорий йилда ушбу ҳудудни тўлиқ WiFi билан қамраб олиш кўзда тутилган. Кейинги босқичда бу янгиликни Учқудуқ шаҳрида ҳамда барча туман марказларида йўлга қўйиш режалаштирилган.
 
photo_2020-06-30_17-49-52.jpg
 
photo_2020-06-30_17-50-05.jpg
 
photo_2020-06-30_17-50-21.jpg
 
Сирож АСЛОНОВ олган суратлар, ЎзА