Янгиликлар

Ёшларга таълим бериш платформаси — “TexnoBus” ишга туширилди

Республикамизнинг чекка ҳудудларида мамлакатимиз ривожланиши учун муҳим бўлган соҳаларга қизиқувчи ёшларга таълим беришга мўлжалланган “TexnoBus” технологик мобил таълим платформасига Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев томонидан 30 июнь – Ёшлар кунида старт берилди.

“TexnoBus” таълим платформаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич ташкил этилаётган Ёшлар технопаркининг асосини яратиш ва унда фаолият олиб борувчи иқтидорли ёшлар жамоасини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилди. “TexnoBus” барча қулайликларга эга бўлиб, керакли замонавий қурилмалар билан жиҳозланган. Тўғридан-тўғри электр тармоғи, электр токи генератори ва аккумулятор орқали қувват олиш имконига эга «ЎзОтайўл» русумли таълим автобуси бир вақтнинг ўзида 12 нафар ўқувчини ўқитиш имконига эга.

Инновацион таълим платформасида ёшларга қуйидаги соҳалар бўйича таълим берилади:
- робототехника ва электроника;
- 3Д прототиплаштириш;
- муқобил энергия манбалари;
- дастурлаш;
- VR/AR ва бошқа интерактив йўналишлар.

Биринчи ташриф Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига уюштирилди. Оҳангарон шаҳрининг иқтидорли ёшларига илк маҳорат дарслари Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори ўринбосари Акбархон Собирхонов ҳамда Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси бош мутахассиси Азизбек Илҳомов томонидан ўтказилди. Маҳорат дарсларида ҳудуддаги 20 нафардан ортиқ ташаббускор ёшлар иштирок этдилар.

Бундан ташқари, маҳорат дарслари якунида ташриф буюрганлар учун Ёшлар академияси ва Оҳангарон шаҳрида ташкил этилаётган Ёшлар технопарки бўйича маълумотлар, уларда яратилаётган имкониятлар ва шарт-шароитлар тушунтирилди.