Янгиликлар

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган илк Ўпкани сунъий шамоллатиш аппарати фойдаланишга топширилди  

30 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида Ўзбекистонда илк ишлаб чиқарилган Ўпканинг сунъий шамоллатиш (ЎСШ) аппаратининг тақдимоти ва топшириш маросими бўлиб ўтди. ТадбирдаИнновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Словакиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Яна Бори, Россия Федерацияси элчисининг маслаҳатчиси Татяна Листопадова, Республика 1-клиник шифохонаси бош врачи Азиз Ибрагимов, «Chirana Asia» корхонаси раҳбарининг ўринбосари Игор Вахрушев иштирок этди.

Шунингдек тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига 1000 дона нафас олиш контурлари, 500 дона намлик коллектори билан нафас олиш контурлари ва 1000 дона бир мартали бактериал-вирусли фильтрлар беғараз фойдаланиш учун топширилди.

Ўпканинг сунъий шамоллатиш ва наркоз-нафас олиш аппаратларини ишлаб чиқариш бўйича технологиялар трансфери амалга оширилган бўлиб, жорий йил май ойида “Chirana Asia” Словакия-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолияти йўлга қўйилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 6 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, 100 дан ортиқ иш ўринлари яратилди. Лойиҳа тўлиқ ишга тушиши натижасида ички эҳтиёжлар қондирилганидан сўнг ЎСВ бир қаторда қўшни давлатларга — Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Афғонистонга экспорт қилиш имконияти яратилади. Ускуналар бўйича сервис маркази ташкил этилади ва анестезиология соҳасидаги илғор хорижий мутахассислар иштирокида кадрлар малакасини ошириш ўқув-семинарлари ўтказилади.

Бундан ташқари наркоз-нафас олиш аппарати беғараз тарзда тақдим этилади.