Янгиликлар

Ёшлар академияси – инновацион келажак бинокорлари

2019 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилган бўлиб, ушбу академиянинг асосий мақсадларидан бири республикамизнинг барча ҳудудларидаги иқтидорли ёшларни излаб топиш ҳамда уларни мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим бўлган соҳалар бўйича амалга ошираётган лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун барча зарурий шарт-шароитлар яратишдан иборат. Юқоридаги мақсадларга эришиш учун Ёшлар академияси томонидан республиканинг барча ҳудудларида 20 дан ортиқ тарғибот тадбирлари олиб борилди, шунингдек 10 дан ортиқ танловлар ташкил этилди. Ушбу ишлар натижасида ҳозирги кунга келиб Ёшлар академиясининг аъзолари 1100 нафардан ошди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан яратилган имкониятлардан фойдаланиб келаётган, ўзларининг инновацион ва амалий ишланмалари билан ёшлар орасида намуна сифатида самарали фаолият юритиб келаётган Ёшлар академиясининг энг фаол ва ташаббускор жамоалари “Just Robotics”, “Lotus Engineering” ва “Carwon” стартап компанияларидир.

“Just Robotics” стартап компанияси 2017 йилда фаолиятини бошлаган бўлиб, жорий йилиннг январь ойида Ёшлар академиясининг «Бизнес вакиллари» платформаси аъзолигига қабул қилинган. Ушбу жамоа робототехника, электроника ва дастурлаш йўналишлари бўйича таълим бериш билан биргаликда бир қанча инновацион ишланмалар билан республика ҳамда ҳалқаро миқёсидаги танловлар ва кўргазмаларда иштирок этиб, кўплаб ютуқларга эришган. 2019 йили Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган стартаплар танловида «Туғма қўлсиз ва ҳаёти давомида қўли ампутацияга учраган ногиронлар учун бионик протезлар» лойиҳаси билан қатнашиб, ғолиб бўлди. Ҳозирда ушбу компанияда 7 та иш ўрин яратилган ва иқтидорли ёшлар жалб қилинган. “Just Robotics” жамоаси коронавирус пандемиясига қарши курашишга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари учун махсус оксигенация ниқоблари, бактериал-вирал фильтрлар ва Вентури клапанлар ишлаб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимига жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ёшлар академиясининг яна бир аъзо “Lotus Engineering” стартап компанияси уй шароитида кийимлар, болалар ўйинчоқлари ва бошқа уй-рўзғор буюмларидаги бактерия ва ҳидларни бартараф этишга мўлжалланган “CleanBox” қурилмаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган Стартаплар танловида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган. Қурилманинг ишлаш принципи содда бўлиб, буюмларни қурилма ичига солиб битта тугмачани босиш кифоя, қурилма автоматик тарзда буюмларни турли хил вирус ва бактериялардан зарарсизлантириб беради.

Ёшлар академиясининг ташаббускор жамоаларидан бири бўлмиш «Ғоялар генератори» платформаси аъзоси “Carwon” жамоаси асосан электроника соҳасида инновацион лойиҳалар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Ҳозирги кунга қадар жамоа томонидан 6 тага яқин лойиҳалар ишлаб чиқилган. Жумладан, автомобилларни хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Android” тизимида ишлаш имкониятига эга “Carwon smart security system” мобил иловаси ишлаб чиқилган. Шунингдек, хона ҳавосини алмашишини таъминловчи “Smart fan system” тизими, “Aqlli uy” хонадонларнинг инновацион дизайни каби лойиҳалар яратилди.

Мазкур лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзоларининг илк лойиҳаларидир. Давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган эътибор, уларнинг ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишда кўрсатилаётган ғамхўрлик янгидан-янги ғояларнинг амалга ошишига туртки бермоқда. Ёшларимиз – Янги Ўзбекистоннинг яратувчилари, бугуни ва келажагидир, улар инновациялар ва технологиялар юртимиз келажагини, аҳолимиз ҳаётини, борингки ҳар биримизнинг кундалик яшаш шароитларимизни қодир эканига ишонади ва бу йўлда тинмай меҳнат қилишга тайёр. Юқорида тилга олинган учта ёш жамоанинг фаолияти ҳам бунга яққол мисолдир.

Фирдавс Неъматзода

Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи