Янгиликлар

Гидрогель: сувни тежайди, қум ва туз кўчишини бартараф этади, тупроқ унумдорлигини оширади

Миллий илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни молиялаштириш усулларидан бири танлов асосида молиялаштиришдир. Илмий жамоатчилик ва мустақил экспертларнинг фикрича, грант лойиҳалари танловлари — молиялаштиришнинг энг шаффоф тури саналади. Грант тизими нафақат малакали илмий экспертиза орқали истиқболли лойиҳаларни саралаб олиш, балки илмий-тадқиқот ишларининг сифатини назорат қилишнинг самарали воситаси ҳисобланади.

Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари томонидан илмий фаолиятга доир давлат дастурлари доирасида бажарилаётган ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган инновацион ва амалий лойиҳаларнинг аҳамияти қандай? Уларнинг иқтисодиётимиз ва жамиятимизга қандай нафи тегади? Лойиҳаларни амалга ошириш жараёнлари қандай кечмоқда? Мана шу саволларга жавоб бериш мақсадида илмий фаолиятга доир давлат дастурлари доирасида молиялаштирилган лойиҳаларнинг олимларимиз томонидан бажарилиши бўйича мақолалар туркумини эътиборингизга ҳавола этишни бошлаймиз.

Биринчи қаҳрамонимиз Тошкент кимё-технология илмий-тадқиқот институтида (ТКТИТИ) фаолият юритувчи техника фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкат Шириновдир. Шавкат Ширинов раҳбарлигидаги илмий жамоа 700 млн. сўм миқдоридаги грантни қўлга киритиб, ҳозирда Оролбўйи ҳудудларидаги туз ва қум кўчишини бартараф этадиган, тупроқ унумдорлигини оширадиган, сувни тежашга хизмат қиладиган янги авлод наноелимлари ва гидрогель ишлаб чиқиш устида тадқиқотлар олиб бормоқдалар.

Гидрогель — сувда юқори бўкувчан синтетик полимер бўлиб, тупроқ таркибида, кўп миқдордаги намликни узоқ вақт давомида сақлаш имкониятини беради. Тупроққа атмосфера ёғинлари ёки суғориш йўли билан кирган сув ўсимликлар илдизига бемалол ўтадиган ҳолатда сақланади. Ҳозирда гидрогель маҳсулоти Республикамизда мавжуд бўлган маҳаллий хомашёлар асосида тайёрланиб, импортдан келтирилган шу хилдаги маҳсулотларга нисбатан баҳоси 8 баробар арзон, хусусиятлари жиҳатидан эса фарқ қилмайди. Ёмғир сувларида ўзининг оғирлигидан 200-300 марта, кўпчилик ер майдонларида эса тупроқ таркибидаги турли тузларнинг миқдорига қараб 200-250 мартагача кўп сувни ўзида сақлайди.

Гидрогелни Республикамиздаги барча турдаги, сув билан кам таъминланган ва турли даражадаги шўрланган ерларда қўллаш кўзда тутилган. Ундан қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда лалми ерларда бошоқли экинлар, ўрмончиликда кўчатлар (саксовул, турли дарахтлар) экишда, кўкаламзорлаштиришда газон, гул ва шунга ўхшаш манзарали экинлар экишда кенг кўламда фойдаланиш мумкин. Гидрогель сарфи экин турига, тупроқ таркибига ва махаллий иқлим шароитидан келиб чиқиб аниқланади. Гидрогелни минерал ўғит билан аралаштириб, ўғит беришда фойдаланиладиган техника ёрдамида автоматик равишда ўсимликка берилади.

Ҳозирги кунда лойиҳа муаллифлари томонидан тупроқнинг сувни ўзлаштириш динамикаси ўрганилиб, наноелимли гидрогел композицияларидан фойдаланган ҳолда кўчатларни ўстириш бўйича тажрибалар ўтказилмоқда ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Ер ости сув оқимларини тўсиш мақсадида ТКТИТИда ишлаб чиқарилган гидрогелдан фойдаланиш ижобий натижалар берди. Амалда мазкур махсус гидрогель ёрдамида ер ости сув оқимларини тўсиш ва қазиб олинаётган суюқликда нефть улушини ошириш мақсадида иқтисодий фойда олиш мумкинлиги исботланди.

Ишлаб чиқарилган гидрогеллар экологик жиҳатдан зарарсиз бўлиб, гидрогель қўлланилган майдонлардаги намликнинг узоқ сақланиши ва ернинг қотиб қолмаслиги сабабли суғоришлар 30-40% ва агротехник ишлов беришлар сони 20-30 фоизгача камаяди. Қўлланилиш жараёни алоҳида мураккаб технологияларни талаб қилмайди. Гидрогель 3-5 йилгача намлик, минерал ўғит ва микроэлементларни илдиз атрофида сақланиб туришини таъминлайди, натижада ўсимлик тез униб чиқади, сувсизликда қуриб қолмайди, ҳосилдорлик ва касалликларга чидамлилиги ортади. Гидрогелни минерал ўғитлар билан аралаштириб, сўнгра тупроққа солиш қўллашни янада осонлаштиради.