Янгиликлар

Ёшлар академияси аъзоларига сертификатлар топширилди

26 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирлигининг янги биносида вазирликнинг ёшлари ҳамда Ёшлар академияси аъзолари билан учрашув ўтказилди. Ёшлар ойлиги муносабати ва Ёшлар куни арафасида ўтказилган мазкур тадбирда вазирлик биноси ташаббускор ёшларнинг мулоқот майдонига айланди.

2017 йилнинг 2 декабрида янги бино қаерда қурилиши кераклиги деган савол қўйилганда давлатимиз раҳбари Олмазор туманига ташриф буюрганида, «Талабалар шаҳарчасида минглаб талабалар, ўқитувчилар бор, уларга шароит яратишимиз керак. Инновация ёшлардан чиқади. Уларга бир майдонча яратайлик. Янги ташкил қилинган Инновация вазирлиги ҳам шу ерда жойлашсин ва бу ерда илмий-амалий марказ, замонавий лабораториялар бўлади», деб топшириқ берган эди. Мана, 3 йилдан сўнг бино тайёр бўлди.

Олий ўқув юртларида таълим олаётган, фаолият юритаётган минглаб иқтидорли ёшлар, тадқиқотчилар, олимларни вазирлик томонидан ташкил этилган турли платформаларга жалб этиб, қўллаб-қувватлаб, ҳар бир соҳада янгилик яратиш вазирлик олдида турган энг катта вазифалардандир. Тадбирда бинода ташкил этилган кўргазмалар зали, лаборатория хоналари, кутубхона, ахборот хизмати студияси, коворкинг марказ ҳамиша ёшлар учун очиқлиги, илм-фан, инновацион ишланмалар, юқори технологиялар ривожи учун ҳисса қўшиш истагидаги ҳар ким бу масканда ўз ғояларини пишитиши, лойиҳалар яратиши, ишланмаларини такомиллаштириши мумкинлиги айтилди.

Ўзбекистон — ёшлар мамлакати. Озод ва обод диёримиз бутун дунёда шундай эътироф этилмоқда. Шунга монанд ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли, маънан баркамол улғайиши учун беқиёс имкониятлар яратиб берилмоқда. Ёшларни қилган меҳнати, эришган ютуқларига яраша рағбатлантириш, улар орасидан билимли, ҳалол ва жонкуяр ходимларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш бугунги кун воқелигидир. Бир ой давом этадиган «Ёшлар ойлиги» ёш авлодни ўйлантириб келаётган кўплаб масалалар ва муаммолар ечимига хизмат қиладиган, аксарият саволларга амалий жавоб берадиган, бир сўз билан айтганда, ёшларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштирадиган, эртамиз эгаларининг қалбида ишонч уйғотадиган тадбирларни ўзида мужассам этмоқда. «Ёшлар ойлиги»ни кенг нишонлашдан асосий мақсад, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча ёшларнинг қалбида шу юртга нисбатан дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, ташаббускор ва истеъдодли ёшларнинг ўз иқтидорларини намоён этишига имкон яратиш, ижтимоий нофаол ёшларни турли соҳаларга йўналтирган ҳолда жамиятда узларининг муносиб ўринларини топишлари учун кўмаклашишдан иборат.

Вазирлигимиз биносининг 1 қаватдан 3 қаватгача бўлган кўргазмалар, робототехника бурчаги, илғор лабороториялар, технопарк, cо-wоркинг марказлар юртимиздаги олимлар, стартапчилар ҳамда иқтидорли ёшлар эҳтиёжларига тўлиқ топширилган. Кутубхонада уч мингдан ортиқ китоблар, беш мингдан зиёд ҚР-кодли китоблар, Алишер Навоий номидаги кутубхонадан тўғридан-тўғри 100 мингдан ортиқ китобни махсус технологиялар ёрдамида кўчириб олиш имкони бор.

Вазирлик биносидаги интерактив студияда онлайн дарслар, вебинарлар ўтказиш, видеодарслар ёзиш мумкин. Бу студия «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ёшларни ўқитиш, масофавий мулоқот орқали жойлардаги мутахассислар малакасини оширишда ҳам қўл келади. Вазирлик биносида видеомулоқотлар, маҳорат дарслари, конференция ва семинарлар ўтказиш мумкин.

Давлатимиз томонидан ёшларни илм-фанга қизиқтириш ва рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Вазирликнинг янги замонавий биносида бунинг учун барча шароит муҳайё. Иқтидорли ёшлар бу ерда энг сўнгги ишланма ва технологиялар билан танишиш баробарида стартап лойиҳаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Тадбир сўнгида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзоларига «аъзолик сертификати» топширилди.