Янгиликлар

Андижонлик ёшларга 3D принтерлари совға қилинди

25 июнь куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Андижон машинасозлик институтида бўлиб, талабалар, профессор-ўқитувчилар билан учрашди.Бугунги кунга келиб, институтдаги мавжуд «Машинасозлик технологияси», «Автоматика ва электротехника», «Автомобилсозлик», «Транспорт ва логистика» ҳамда «Инновацион таълим технологиялари» факультетлари негизида 16 та бакалавриат таълим йўналишлари ва 5 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Ўқув жараёнлари мавжуд 18 та кафедра асосида ташкил этилган.

Жорий йилнинг 25 февраль куни Андижон давлат университетида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган қишлоқ хўжалигида инновациялар йўналишида Андижон инновацион ғоялар кўргазмаси доирасида бўлиб ўтган ёш олимлар, инноваторлар, тадқиқотчилар билан учрашувда талабалар ўқув-тажриба ишлари учун 3D принтери зарурлиги тўғрисида мурожаат қилгандилар. Талабаларнинг мазкур юқори технологик ускунага бўлган талабларини қондириш, арафасида институт иқтидорли ёшлар жамоасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида И. Абдураҳмонов Ёшлар куни иккита 3D принтери совға қилди.

Вазир 3D принтер технологияларини қўллаш орқали мураккаб технологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга сарфланадиган харажатлар қисқаришига эришилишини таъкидлади. “Яқин келажакда айнан шу соҳадаги етук мутахассисларга талаб ошади, – деди у. — Ўйлайманки, 3D моделлаштириш асосларини ўргатишга қаратилган дарслар ҳам Андижон олий таълим муассасалари ўқув режасига киритилади”.