Янгиликлар

Таниқли биолог ва биофизик олим оламдан ўтди

Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси таниқли биолог ва биофизик олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Бекжон Тошмуҳамедов оламдан ўтгани муносабати билан чуқур таъзия билдиради. Бекжон Ойбековичнинг яқинларига, ҳамкасбларига ҳамдардлик изҳор этамиз.

Бекжон Тошмуҳамедов 1935 йилнинг 27 январ куни таниқли ўзбек ёзувчиси Ойбекнинг оиласида таваллуд топди. 1958 йилда Москва давлат университетини тамомлаган. Сўнг Москва давлат университетининг биология факультетида аспирант бўлиб ишлади. 1962 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Б.Тошмуҳамедов 1986 йилда Ўз Фанлар Академияси Физиология институти директори этиб тайинланди.

Тошкентга қайтиб келган ёш олим Тошкент давлат университетида ишлади, вақт ўтгач, биология ва биофизика кафедрасида доцент бўлиб ишлади. Б.Тошмуҳамедов 36 ёшида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Тошкент давлат университетининг биология ва биофизика кафедрасининг профессори бўлди.

Бекжон Ойбекович Германия, АҚШ, Буюк Британия, Япония ва Перуда илмий фаолият билан шуғулланган. Биология ва биофизика бўйича халқаро анжуманларда қатнашган.

Бекжон Ойбекович Тошмухамедов 300 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи. У 20 дан ортиқ фан докторлари ва 40 дан ортиқ фан номзодларини тайёрлади.