Янгиликлар

Ақлли банк концепцияси амалда жорий этилмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «Ақлли банк» концепцияси ишлаб чиқилиб, АТ «SAVDOGARBANK» ҳамкорлигида жорий қилинмоқда. Мазкур концепциянинг ишлаб чиқилишидан асосий мақсад – мижозларга мустақил он-лайн банк хизматларини кўрсатиш маркази фаолиятини ташкил этишдир.

«Ақлли банк» концепцияси мижозлар учун картоматдан 5 дақиқа ичида пластик карта тайёрлаб бериш, ҳисоб рақам очиш ва уни бошқариш, омонат очиш, халқаро пул ўтказмаларидан фойдаланиш, валюта айрибошлаш, кредит хизматларидан фойдаланиш, мижозларнинг банкка он-лайн мурожаат ва мулоқот қилиш ҳамда банк ходимларидан кўрсатилаётган хизматлар бўйича маслаҳатларини олишни назарда тутади.

Банкларни рақамли технологиялардан фойдаланишга ўтиши ва мавжуд дастурий таъминотларининг янгиланиши нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширишга, балки ортиқча харажатларни қисқартиришга олиб келади. Мазкур лойиҳа банклар томонидан хизмат кўрсатилишида «инсон омили»ни камайтиришга, банклар фаолиятининг натижадорлигини оширишга, мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшиланишига қаратилган. Бунда мазкур концепция Ўзбекистондаги мавжуд банк хизматларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Шунингдек, COVID-19 коронавирус пандемияси шароитида «Ақлли банк» лойиҳаси банк хизматларини аҳоли ва тадбиркорларга узлуксиз кўрсатилишини таъминлайди.

Лойиҳа жорий қилиниши натижасида мижозлар банк ходимлари иштирокисиз онлайн ўз-ўзларига хизмат кўрсатиши орқали банк хизматларидан тезкор равишда фойдаланишади. Бир вақтнинг ўзида бир нечта мижоз куннинг истаган пайтида, йилнинг истаган кунида ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, ушбу лойиҳа мижозларга он-лайн мулоқот қилиш имкониятини тақдим этади. Хусусан, юзага келадиган саволлар бўйича банк ходимлари билан он-лайн мулоқот қилиб маслаҳат олиш йўлга қўйилади. Банк ходимлари мижозларга муайян лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши, уни молиялаштириш истиқболлари ва банк кредитларидан фойдаланиш бўйича масофадан туриб тўғридан-тўғри маслаҳат бериб бордилар ва аризаларини қабул қилади. «Ақлли банк» лойиҳаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг инновацион ечимларни ишлаб чиқиш бўйича кўп йиллик ҳамкори «SAVDOGARBANK»ресурслари ҳисобидан молиялаштирилган бўлиб, лойиҳанинг дастлабки қиймати 350 млн. сўмни ташкил этади. Кейинги босқичларда Ўзбекистондаги бошқа тижорат банкларини ҳам жалб этган ҳолда банк хизматларини янада кенгайтириш режалаштирилган.