Янгиликлар

ИТК: Ҳашаротларга чидамли буғдой, бир ўркачли туя ва уруғчилик масалалари

 Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фанлари бўйича Илмий-техник кенгашнинг онлайн мажлиси ўтказилди. Унда илмий лойиҳалар танловининг 17-18-турларига топширилган лойиҳалар ва Кенгашга тегишли бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Дастлаб 17-тур танловида эълон қилинган мавзуларга топширилган лойиҳалар кўриб чиқилди. 17-турда «Янги биотехнологиялар ва геномикадан фойдаланган ҳолда ҳашаротлар ва касалликларга чидамли янги авлод юмшоқ буғдой навларини яратиш» лойиҳаси эълон қилинган бўлиб, ушбу лойиҳа учун 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Лойиҳага Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қашқадарё филиалидан иккита лойиҳа топширилган, шундан якуний натижаси аниқ маҳсулотга қаратилган лойиҳа лойиҳаси саралаб олинди. Лойиҳа раҳбари ўз тақдимотида таклиф этилаётган буғдой нави касалликларга ва зарарли ҳашаротларга чидамли, ҳосилдорлиги юқори эканини таъкидлади.

18-турда «Қорақалпоғистон Республикаси шароитида бир ўркачли туяларнинг маҳсулдор подаларини кўпайтириш ва туячилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияларини ишлаб чиқиш» амалий лойиҳаси эълон қилинган бўлиб, лойиҳа учун 1,8 миллиард сўм маблағ ажратилган. Лойиҳага Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали, Ветеринария илмий-тадқиқот институти ва Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалидан учта лойиҳа келиб тушган.

Илмий экспертиза натижаларига кўра, улар орасидан ҳам айнан якуний натижаси аниқ маҳсулотга қаратилган, лойиҳа талабларига тўлиқ жавоб берадиган, юқори илмий салоҳиятга эга бўлган лойиҳа танлаб олинди. Танлаб олинган лойиҳа натижасида янги насл яратилиши, озуқа рацион моддалари ишлаб чиқилгани, умуман, мазкур лойиҳа туячилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияларини ривожлантиришда қўл келишини баён этди.

Танланган амалий лойиҳа мамлакатда туячиликни ривожлантириш, янги зотлар яратиш ва туячилик маҳсулотларини қайта ишлаш борасидаги долзарб муаммолар ечимига қаратилган бўлиб, лойиҳанинг йиллик молиялаштириш суммаси 600 миллион сўм ташкил этади.

Мажлисда «Лалми ерларда экиш учун мўлжалланган сувсизликка чидамли, ҳосилдорлиги юқори қишлоқ хўжалик экинларининг янги навли уруғчилигини ташкил қилиш» инновацион лойиҳасига топширилган лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.