Янгиликлар

Генетика фанимиз жонкуяри

Мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланишида қишлоқ хўжалиги ва унинг етакчи тармоқларидан бўлган пахтачиликнинг ўрни катта. Ушбу соҳа истиқболи эса кўп жиҳатдан ғўза генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги фани ютуқларига боғлиқ.

Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида биология фанига алоҳида эътибор қаратилиши ушбу фан асосларидан бўлган генетика фанини янада ривожлантиришга йўл очди. Олимлар томонидан ушбу фаннинг селекция билан узвий боғлиқ қонуниятларини яратиш борасида олиб борилган илмий изланишлар ва олинган натижалар қишлоқ хўжалиги фани ва амалиёти тараққиётига ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Генетика фани ривожида фидойи олим, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Тилов Муҳиддиновнинг хизматлари катта. У 1940 йили Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. 1966 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети), 1968 йили Москва давлат университетининг биология-тупроқшунослик факультетини генетика-селекция йўналиши бўйича битиргандан сўнг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтига ишга юборилган.

 Т.Муҳиддинов бу ерда катта лаборант, илмий ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим лавозимларида ишлади. 2002 йилдан буён  институтнинг “Гуллаш биологияси” лабораторияси мудири вазифасида фаолият юритмоқда.

Ўтган даврда у генетика, селекция ва уруғчилик соҳасида етук олим сифатида танилди. Замонавий генетика ва селекциянинг долзарб муаммоларидан бўлган G.hirsutum L. ва G.barbadense L. турлари доирасида ва турлараро дурагайлашда хазмогам (очиқ) ва клейстогам (ёпиқ) гул белгилари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказди. Натижада фанда янги йўналиш бўлган ирсият ва ўзгарувчанликни бошқариш ва назорат этиш механизми ҳисобланган генетик ажралишнинг турлараро дурагайлашда 3:1, 15:1 кўринишдаги ирсийланиш қонуниятларини яратди.

Олим ушбу қонуниятлар асосида ингичка толали ғўзада ёпиқ гуллилик белгисини ўрта толаликларга олиб ўтиш механизмини яратиб, ҳар икки турга мансуб энг мукаммал генетик усуллар ва янги селекцион қонуниятлар технологиясига асос солди. Мазкур замонавий технологиялар асосида бир қатор янги генотиплар ажратилиб, фенотипларга мослаш йўли билан очиқ гулли ўрта толали G.hirsutum L. турига мансуб Бешқаҳрамон, Ҳамкор, Кеш, Манзур, Имкон, Юксалиш, Кеш-2 ғўза навлари яратилди.

Ёпиқ гулли инцухт хусусиятли қатор (80 дан ортиқ) тизмалар, генколлекциялар ҳамда ингичка толали интенсив хусусиятга эга  G.barbadense L. турига мансуб  Ижод, Наво, Клейстогам-1 навлари ҳам ушбу тадқиқот натижасидир. Мазкур навлар экологик хавфсиз, биологик  софлик даражаси эса 95-98 фоиз бўлиб, мутлақ бир хил гомозигот ҳолатли генотипларни ва кўп марта танлаш асосида фенотипларга мослаш технологияси асосида яратилган.

Янги технология асосида яратилган мазкур навлар тезпишар, серҳосил бўлиб, вилт ва бошқа касалликлар ҳамда сув танқислиги ва шўрланишга чидамли. Бундан ташқари, ушбу навлар чаноқнинг тез очилиши, барги табиий тўкилиши, машина теримига мослиги, тола чиқими (40-45%) ва узунлиги (35-36 мм), технологик сифат кўрсаткичлари ва ҳосилнинг шохларда рационал жойлашиши каби белгилари билан ажралиб туради.

Т.Муҳиддинов яратган Клейстогам-1, Бешқаҳрамон, Ҳамкор, Манзур, Имкон, Юксалиш навлари патентлаштирилган. Бу навлар мамлакатимизнинг иқлим шароитларига мос, юқори ҳосилдор ва тезпишарлиги ҳисобида қисқа вақтда териб олиш мумкин. Ушбу ғўза навлари толаси Европанинг тўқимачилик саноати ривожланган давлатлари лабораторияларида юқори баҳоланган.

 Олинган илмий натижалар олимнинг узоқ йиллик изланишлари самараси ва фанга қўшган ҳиссаси сифатида генетикада мутлақ янги йўналиш асоси бўлиб ҳизмат қилмоқда.

Тилов Муҳиддинов айни пайтда ёшларнинг меҳрибон ва талабчан устозидир. У Инновацион ривожланиш вазирлиги эълон қилаётган танловларда ҳам илмий лойиҳалари билан фаол иштирок этмоқда.

Олим яратган ғўзанинг Бешқаҳрамон, Манзур, Юксалиш навлари юртимиздаги пахта-тўқимачилик кластерларида экилмоқда ва улардан олинган тўқимачилик маҳсулотлари хорижга экспорт қилинмоқда.

Заҳматкаш олимнинг камтарин ва сермазмун ҳаёт йўли ёшларга ўрнакдир.

А.Наримонов,

ЎзР ФА Генетика ва ўсимликлар

экспериментал биологияси институти директори,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор