Янгиликлар

Ахборот хизматлари миллий ғурурни шакллантириши керак!

Уч йил аввал тақдир тақозоси билан Инновацион ривожланиш вазирлигининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи вазифасига тайинландим. Бу менинг давлат идорасининг ахборот хизматидаги биринчи тажрибам эди. Ишга киришдан аввал бўладиган суҳбатда раҳбаримиз аввалги ишлаган жойларим, тажрибам ҳақида сўраркан, «Вазирлик фаолияти тўғрисидаги хабарлар kun.uz каби оммабоп сайтларда чиқиш учун нима қилиш керак?» деган савол берди. «Хабар қизиқ бўлиши керак» дедим. Негаки, шу пайтгача асосан катта тиражли хусусий газеталарда ишлардим, бизга қўйиладиган талаб — имкон қадар қизиқарли мақолалар билан нашрни бойитиб, унинг тиражини ошириш ёки ҳеч бўлмаса, туширмаслик эди.

 

Мен агар таъбир жоиз бўлса, шу пайтгача ОАВ ва ахборот хизматлари ўртасидаги баррикаданинг бу томонида ишлагандим. Яъни менга ОАВ бир томон, вазирликлар иккинчи бир тараф бўлиб туюларди-да. Негаки, бирор мавзуда мақола тайёрлашимиз керак бўлса, идораларнинг матбуот котибларига мурожаат қилишимизга тўғри келар, улардан аксарият ҳолларда «Ёзма мурожаат қилинг, тегишли тартибда жавоб берилади» деган жавобни олишимиз табиий ҳол эди. Айрим матбуот котиблари, дейлик, телеграмдан ёзма саволларнинг берилишига кўнишмас, уларга расмий хат жўнатишимизни талаб қилишарди. Ана энди 10 кунлардан кейин хат келарди. Ҳа, айнан конвертга солинган, ўта жиддий хатлар. Аксарият мактубларда саволимизга жавоблар бирор қонун, қарор, фармондан сўзма-сўз кўчирилган матндан иборат бўларди. Ахир бу қарорни ўзимиз ҳам lex.uzдан кўчириб олишимиз мумкинлигини наҳотки улар билмаса, бизга мутахассис жавоби кераклигини наҳот англашмаса, деган туганмас саволлар билан баррикадамизни ёриб чиқа олмай ўтираверардик. Бу, албатта, матбуот котибларининг нофаол, ишёқмас эканлигидан эмас, балки умуман олганда ОАВнинг ва давлат ташкилотларининг ёпиқлигидан келиб чиққан ҳолат эди. Ахир уч-тўрт йил аввал халқимиз на бирор вазирни, на бирор ҳокимни танирди. Ҳатто, журналист бўлиб туриб ўзимиз ҳам вазирлар, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар, агентликлар директорларини билмасдик, кўрмасдик, пресс-конференциялар, брифинглар деган нарсалар хориждагина бўладиган ажойиб тадбирлардек туюларди. Пресс-тур каби замонавий ахборот алмашинув тадбирларини эса юртимизда асосан халқаро ташкилотлар ўтказарди...

 

Хуллас, ҳозирда Ахборот хизмати деб аталадиган бўлимда иш бошладим. Аввало шу соҳада ишлаб юрган ўртоқларимга телефон қилиб, маслаҳатлашдим. Кимдир матбуот анжуманлари ўтказиш, уларни ташкил этиш бўйича жўяли маслаҳатлар берди, кимдир «бир ойда икки марта телевидениега чиқарсангиз, ҳамма хурсанд» деб ҳазиллашди. Ҳали вазирлигимизнинг ўз биноси бўлмагани боис менга Халқаро муносабатлар бўлимидаги битта бурчакдаги стол ажратилди. Икки-уч кун деганда улар билан апоқ-чапоқ бўлиб, улар қилаётган ишларни ёритишга киришдим. Маълумотларни сайтга қўйдим, таниш сайтчиларга жўнатдим. Бир ҳафтада уч-тўртта материал сайтларда чиқиб қолди. Вазирлик расмий веб-саҳифасини ҳам имкон қадар ҳар куни янгилашга ҳаракат қилардим, лекин материални ёзиш, уни таржима қилиш, сайтга жойлаш, тадбирларда иштирок этиш, суратга олиш, журналистлар билан ишлаш, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни юритиш бир киши учун анчайин қийин иш эди.

 

Ўтган йили Президентимиз томонидан имзоланган 4366-сонли Қарор ахборот хизматлари ходимлари сонини ошириш, уларни моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби муҳим масалаларни ҳал этди, шу билан бирга Ахборот хизматлари олдига катта вазифаларни ҳам қўйди. Бир йил ичида матбуот котиблари учун тренинглар ташкил этилди, хорижлик мутахассисларнинг тажрибасини ўрганиш имконияти яратилди. Ахборот хизматлари ходимлари фақат матн ёзишни билишлари эмас, балки замонавий медиа усулларидан фойдаланишлари зарурлиги ойдин бўлди. Эндиликда фақат ташкилотлари раҳбарлари эмас, одатда саҳна ортида турувчи матбуот котиблари ҳам элга танила бошлади, улар пресс-конференцияларнинг модераторлари, брифинглар қаҳрамонларига айланишди, идора фаолиятининг муҳим жиҳатлари бўйича видеобаёнотлар тайёрлаш одатий ҳол бўлиб қолди.

 

Муҳими, ОАВда давлат идораларининг фаолиятини ҳақида тўлиқ, шаблон иборалар билан бўғилмаган маълумотлар олиш имконияти бўлди. ОАВга берилган тоза ҳаво туфайли давлат ташкилотлари ҳақидаги танқидий материалларга тезкорлик билан жавоб бериш анъанага айланди. Давлат идоралари танқидга тўғри муносабат қилишга, танқид қилинган камчиликларни тўғрилашга ўрганди. Ахборот хизматлари худди замонавий ОАВлар каби 7/24 режимида ишлашни одат қилди.

 

Эндиги олдимизда турган мақсад, назаримда, давлат ташкилотларига бўлган халқимизнинг ишончини орттириш, «давлат идоралари коррупция ботқоғига ботган, уларга ишонмайман» дейдиган одамларнинг фикрини ўзгартириш, ташаббускор, касбига садоқатли соҳа вакиллари фаолиятини янада кенгроқ тарғиб қилиш, Ватанимизнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган иллатларни бартараф этиш учун баҳоли қудрат хизмат қилишдир. Ахборот хизматлари ва ОАВ биргаликда халқимизнинг миллий ғурурини шакллантириши лозим. Давлат идоралари шу юртимиз учун меҳнат қилган ҳар қандай инсон қадр топишига халқимизни ишонтириши ва буни амалда исботлаши энг катта вазифага айланиши керак.

 

Назокат Абдуқундузова
Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби