Янгиликлар

Анвар Абдушукуров – Ўзбекистонда органик кимё фанининг ривожига ҳисса қўшган олим

 Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети «Органик кимё» кафедраси профессори Абдушукуров Анвар Кабирович Ўзбекистонда «Органик кимё» фанининг ривожига ва унинг муаммоларини ҳал қилиш, Республикамиз ёшларининг маънавий-маърифий баркамол бўлишига ва етук мутахассис бўлиб етишишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган камтар, фидойи кимёгар олим ҳисобланади.

У Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кимё факультетининг органик кимё кафедрасини 1969 йилда тугатиб, шу кафедрада ассистентликдан профессорликкача бўлган йўлни босиб ўтган.

Анвар Абдушукуров кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ҳаётга самарали татбиқ этишга ўзининг ҳиссасини қўшмоқда. У кимё йўналишидаги бакалаврлар ва магистрантлар учун бир нечта махсус курсларнинг муаллифи ҳисобланади. Олим органик кимё йўналиши мутахассисликлари бўйича Давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни такомиллаштиришда фаол иштирок этади.

А. Абдушукуров Ўзбекистон Миллий университетида педагогик фаолиятини давом эттириш билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси халқ таълимини ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. У 1982 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими қошидаги кимё фани бўйича Илмий-методик кенгаш аъзоси ҳисобланади. У шу давр ичида кимё фани бўйича вилоят, шаҳар ва республика олимпиадаларида жюри раиси ёки аъзоси сифатида қатнашиб келади. Мактаб ўқувчиларига «Ёзги мактаби» ташкил қилишда ва ўқувчиларни олимпиадага тайёрлашда фаол қатнашди.

А.К. Абдушукуров республика телевидениеси орқали сиртдан таълим оладиган талабалар учун маърузалар ўқиган, мактаб ўқувчиларининг кимё фанидан телевизион мусобақасини ташкил қилишда, мусобақа ғолибини аниқлашда катта хизмат қилган. У мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари учун кимё фанидан тайёрланган дарсликларнинг сифатли чоп қилинишига тақризчи сифатида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Унинг иқтидорли мактаб ўқувчилари ва талабалар учун 15 дан ортиқ қўлланмалари бир неча марта чоп қилинган ва Ўзбекистон республикаси бўйича мактаб ўқувчиларини олимпиадаларга тайёрлашга хизмат қилмоқда.

А.К. Абдушукуров «Устоз-шогирд» тизими бўйича талабаларга мураббий сифатида маънавий маърифий ишларни амалга оширишга, уларни Ватанимизнинг содиқ фарзанди ва етук мутахассиси бўлиб етишига катта ҳисса қўшиб келаётган фидоий олимдир.

А.К. Абдушукуров илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга қўллаш мақсадида синтез қилинган моддаларнинг биологик фаоллигини «Ўсимликларнинг экспериментал биологияси», «Ғўза селекцияси ва уруғчилиги», «Ўсимликларни ҳимоя қилиш» илмий тадқиқот институтлари олимлари билан ҳамкорликда ўрганган. Синов натижаларига кўра, бу моддаларнинг гербицидлик ва фунгитсидлик хоссаларга эга эканлиги биринчи бор аниқланган ва XI-Менделеев съездида биологик фаолликка эга бўлган янги синф аниқланганлиги жаҳон олимлари томонидан эътироф этилган.

А.К. Абдушукуров «Ароматик бирикмаларни хлоратсетиллаш» мавзусида илмий тадқиқот ишларини олиб борган ва хлоратсетиллаш маҳсулотлари асосида янги, адабиётда номаълум бўлган 300дан ортиқ кетоэфирларни синтез қилиш методикасини ишлаб чиққан ва уларнинг тузилишларини аниқлаган.

Фенолларни хлоратсетиллаш маҳсулотлари асосида янги «Фенсетат» препарати синтез қилинган ва унинг ғўзанинг гоммоз ва илдиз чириш касаллигини йўқотиши аниқланган ва бу модда учун патент олинган. Ҳозирда шу препаратни республика пахта далаларида амалиётга қўллаш учун унинг миқдори ва агротехник технологияси устида ишлар олиб борилмоқда.

А.К. Абдушукуров раҳбарлигида 3 та номзодлик ва 2та докторлик диссертацияси ҳимоя қилинган, ҳозирги кунга қадар 60 та «Малакавий битирув иш»га, 25 нафар магистрантларга илмий раҳбарлик қилган.

А.К. Абдушукуров ҳозирда 3 та катта илмий ходим-изланувчиларга ва 2та докторантга илмий маслаҳатчи ҳисобланади. У 300 дан ортиқ илмий ва илмий-педагогик ишлар нашр қилган, шу жумладан, 15 дан ортиқ «Авторлик гувоҳномалари», Ўзбекистон ва Россия патентлари олинган, 30 та методик қўлланма, 200 дан ортиқ мақола ва тезислар Ўзбекистон ва чет эл (Россия, Покистон, Австралия, Канада, Туркия, Қозоғистон) журналларида чоп қилинган.

А.К. Абдушукуровнинг халқ хўжалигига жорий қилишга мўлжалланган 4 та илмий ишланмаси 2009 йилдан бери «Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркаси»да намойиш қилинмоқда ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланган. Шунингдек, унинг ишланмалари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети инновацион ғоялар каталогига кирган.

А.К. Абдушукуров кимё факультети касаба уюшмаси қўмитасининг бюро аъзоси ва раиси (1975-1999), маънавий-маърифий ишлар бўйича декан муовини (2000-2006), Ўзбекистон Миллий университетининг гуманитар таълим йўналиши кенгаши аъзоси, ЎзМУ метод кенгаши аъзоси, факультет услубий кенгаши раиси, кимё факультети кенгаши аъзоси, ЎзМУ қошидаги фан доктори илмий даражасини бериш бўйича Бирлашган ихтисослашган Илмий Кенгаш аъзоси, «Органик кимё» йўналиши бўйича илмий семинар раиси, «Органик кимё» фани бўйича малакавий имтиҳон комиссияси раиси, кимё факультети «Фахрийлар кенгаши» раиси,Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими қошидаги таълим марказида метод кенгаш аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

А.К. Абдушукуров Ўзбекистон республикаси бўйича “Ўқитувчилар малакасини ошириш институтлари фаолиятини текшириш бўйича (2008 й.), Ўзбекистон республикаси президентининг Фармони асосида (2011 й.) Республика халқ таълими, Олий таълим, коллеж ва лицейларнинг ўқув системасини ўрганиш бўйича, республикадаги катта илмий ходим –изланувчилар ва мустақил изланувчилар фаолиятининг самарадорлиги мониторингини ўтказиш (2015 й.), чет давлатларда магистратурада ўқишга юборилаётган Ўзбекистонлик талабалардан имтиҳон олиш комиссияси таркибида, Ўзбекистон республикаси президентининг 2018 йил 14 февралдаги ПҚ-3532 қарори бўйича Ўзбек кимё-фармацевтика институтини фаолиятини ўрганиш бўйича комиссия таркибида ишлаган ва ўқув сифатини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ишларни ривожлантириш учун кўплаб таклифларни берган. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимида «Йилнинг энг яхши ўқитувчиси-2017» республика танловини ўтказишда кимё фани бўйича ҳакамлар ҳайъати раиси сифатида фаолият кўрсатган.

Профессор А.К. Абдушукуров ўзининг 50 йил Ўзбекистон Миллий университети кимё факультетидаги иш фаолиятида жонажон республикамизнинг минглаб ўқувчилар ва талабаларини маънавий жиҳатдан етук, ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга, уларга кимёнинг сеҳрли оламини сингдиришга эришди. У ўзининг ўқув, илмий-тадқиқот ва жамоатда олиб борган сермазмун ва ибратли ҳаёти билан уларнинг қалбига йўл топди. Ҳозир унинг шогирдлари Республикамиздагина эмас, Россия, Туркия, Америка, Покистон, Хитой ва кўпгина чет давлатларда хам илмий-тадқиқот ишлари олиб бораётгани бунинг далилидир.

А.К. Абдушукуров илмий мактаб яратган ва илмий тадқиқотлари билан органик кимё фанига катта ҳисса қўшган дунёга машҳур академик И.П.Сукерваникнинг ўқувчиси ва шу мактабнинг давомчиси бўлиб, у шу йўналишдаги ишларни кенгайтиришга, уларнинг амалий аҳамиятини оширишга, илмий натижаларни халқ хўжалигига жорий қилишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

А.К. Абдушукуров табиатан камтар, масъулиятли, адолатли, иродали, фидойи мутахассис бўлиб, унинг меҳнати Республикамизнинг Олий таълим вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий университети ва кимё факультети раҳбарияти томонидан кўплаб фахрий ёрлиқ ва дипломлар билан тақдирланган. У «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган.