Янгиликлар

Ёш олимларимизни «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан табриклаймиз!

Ҳар йили Ватанимиз обрўси, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтиришга ҳамда унинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, намуна кўрсатаётган ёшлар «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан тақдирланади. Унга ватанпарварлик, халқпарварлик, фидойилик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган ёш мутахассислар лойиқ топилади.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг Қарори билан Геномика ва биоинформатика маркази катта илмий ходими Аюбов Мирзакамол Собитжонович ҳамда «Физика-Қуёш» ИИЧБ Физика техника институтининг катта илмий ходими Хаитмухамедов Азизбой Эргашбаевич ушбу юксак мукофотга сазовор бўлди.

М. Аюбов 2004-2008 йилларда Наманган Давлат университетида бакалавр, 2008-2010 йилларда Ўзбекистон Миллий университетида магистр сифатида таҳсил олди. 2008 йилдан бошлаб ЎзРФА қошидаги Генетика ва ЎEБ институтининг «Геном технологиялар маркази», ҳозирги Геномика ва биоинформатика марказига ишга қабул қилинди. У ушбу марказда дастлаб лаборант, кейинчалик стажёр-тадқиқотчи лавозимларида, 2012 йилдан эса кичик илмий ходим лавозимида ишлаб келмоқда.

У устози академик И. Абдураҳмонов раҳбарлигида ғўзанинг ёруғлик билан боғлиқ бўлган генларини РНК интерференция технологияси асосида тадқиқ этишга қаратилган ўзининг PhD диссертациясини ҳимоя қилди. Ушбу технологиядан фойдаланиб, ғўзанинг гуллашга алоқадор PHYB ва транскрипция омили ҳисобланувчи HY5 генлари «ўчириб қўйилган» формалари олинган ва бу ўсимликларда уларнинг дастлабки формаларига нисбатан гуллаш жараёни эртароқ рўй берган, тола микронейр кўрсаткичи яхшиланган ва ҳосилдорлиги сезиларли даражада ошган. Ўзбекистоннинг пахта етиштирувчи энг шимолий мамлакатлардан бири эканлигини инобатга оладиган бўлсак, ушбу натижа келажакда пахта навларининг пишиб етилиш даврини қисқартиришга ва унинг ҳосилини эртароқ ва сифатли йиғиштириб олиш имконини ошириши мумкин.

Мирзакамол 30 дан ортиқ илмий мақолалар ва 40 га яқин тезислар, шунингдек «Фан ва Турмуш», “XXI аср технологиялари” журналида чоп этилган турли илмий-оммабоп мақолалар муаллифидир. Шунингдек, муаллифлик патенти учун Ўзбекистонда патент олиш учун аризалари топширилган. «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» доирасида Наманган Давлат университети бакалаврларининг битирув малакавий ишларига илмий раҳбарлик ва Ўзбекистон Миллий университети бакалаврларига «Геномика асослари» фанидан таҳсил бериб келмоқда.

М. Аюбов 2011 йилда Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида “ITEC” дастури асосида уч ойлик Инглиз тили курсини, 2012 йилда АҚШнинг Қишлоқ хўжалиги департаментида олти ойлик геном тадқиқотлари бўйича малака ошириш курсини, 2014 йилда Ҳиндистоннинг Патанчеру провенциясида жойлашган ICRISAT ташкилотида ўн беш кунлик «Янги авлод секвенаторлари» курсини тамомлаган. Шунингдек, У 2013 йилда Тошкентда бўлиб ўтган «Табиий моддалар кимёси» X симпозиумида “SynB РНКи векторни Агробактериум ёрдамида ғўза тўқимасига трансформация қилиш” мавзусида, 2015 йилда Венгриянинг Гудуллу шаҳрида бўлиб ўтган «Қишлоқ хўжалиги биотехнологияси бўйича Жануб-жануб билим алмашиш ва ҳамкорлик» семинарида «Ўзбекистонда биологиянинг ривожланиши ва истиқболлари» мавзуларида маърузалар қилди.

Азизбой Хаитмухамедов Тошкент давлат техника университети битирувчиси (магистратура 2013-2015, бакалавриат 2009-2013). Гургаон шаҳрининг Миллий қуёш энергияси институтида (Ҳиндистон, 2016) ва Ўрта Осиёнинг илмий-техник ва иқтисодий ахборот марказида (Хитой, 2016) МДҲ ва ШҲТга аъзо давлатлар учун қуёш энергетикаси соҳасига оид халқаро семинар-тренинглар, ҳамда Цингапурнинг барқарор энергия ассоциацияси томонидан ташкил этилган Қозоғистоннинг пойтахтида бўлиб утган Astana EXPO-2017 “Smart Cities Workshop: Smart Multi Energy Systems” семинарларида иштирок этган (Қозоғистон, 2017).

2018 йилдан бошлаб «Гелиотехника» ва «Applied Solar Energy» халқаро илмий журналларининг масъул котиби. 2018-2019 йилларда бажарилаётган АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) «Power the Future» (Келажак энергияси) лойиҳасининг Миллий координатори. 2017-2018 йилларда Қуеш энергияси халқаро институтининг «Параболотсилиндрик концентраторли қурилмалари» бўлими бошлиғи.

2016-2017 йилларга бажарилиши мўлжалланган Ёш олимларнинг амалий тадқиқотлар дастури асосидаги ЁА-4-004 «Мавжуд иссиқлик электр станцияларини параболотсилиндрик нурланиш концентраторли қуёш-ёқилғи станциялари орқали модернизациялаш схема-технологик ечимларини ишлаб чиқиш» лойиҳаси раҳбари. 2018-2020 йилларда бажарилиши режалаштирилган ФА-Атех-2018-420 «Ясси қуёший сув иситгич коллекторларни ва фотоэлектрик модулларни синовдан ўтказиш учун мўлжалланган автоматлаштирилган синов стендини ишлаб чиқиш ва яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳанинг масъул ижрочиси.

2014–2015 йилларда бажарилган United Nations Environment Programme (UNEP) халқаро лойиҳалари “Capacity Building in Development of Policy Framework for Promotion of Low Carbon Emission Societies in Central Asia. (Kazakhstan, Kyrgyzstan, Tajikistan)” ва “Development of the Policy Development and Technical Action Plan on Renewable Energy Sources in the Republic of Uzbekistan. (Uzbekistan)” да эксперт ассистенти сифатида фаолият юритган.

International Journal of Energy and Smart Grid, Applied Solar Energy каби халқаро академик журналларда нашр қилинган илмий мақолалар муаллифи, ҳамда International Engineering, Science and Education Conference (Туркия, 2017) ва The 8th International Renewable Energy Congress (Иордания, 2017) илмий конференциялари иштирокчиси. Илмий ишлари умумий сони 26 та. Scopus маълумотлар базасидаги Ҳирш индекси (h-index) = 1 га тенг.

Германиянинг академик алмашинув хизмати - Deutscher Akademischer Austauschdienst (DAAD) томонидан таъсис этилган халқаро ўқув ташрифи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиялари соҳиби.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Мирзакамол Аюбов ҳамда Азизбой Хаитмухамедовни «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан табриклайди ва келгуси ишларига муваффақиятлар тилайди!