Янгиликлар

Иброҳим Абдураҳмонов: "Бугун тараққиётни инновациясиз тасаввур қилиш қийин"

 

 

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ билан суҳбат.

 

– Иброҳим Йўлчиевич, жорий йилнинг Илм, фан ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб номланиши вазирликка ҳам алоҳида масъулият юклайди, шундай эмасми? Рақамли иқтисодиёт истилоҳи тилимизга, ҳаётимизга яқин йиллар ичида кириб келди. Аввало, рақамли иқтисодиётнинг мамлакатимиз, жамиятимиз учун аҳамияти ҳақида гапириб берсангиз.

Бугунги тезкор давр ҳар бир соҳа инновацион ғоя ва технология асосида ривож топиши мумкинлигини, жаҳон фани ютуқларидан кенг фойдаланишни тақозо этмоқда. Бу – жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини изчил, барқарор ривожлантириш, мамлакатнинг муносиб келажагини барпо этиш учун муҳим мезон. Инновация  илм-маърифат билан юзага чиқади. Рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш учун чуқур билим, юксак салоҳиятли ёшлар керак. Замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш ҳар биримиз учун ҳаётий эҳтиёжга айланиши лозим. Жорий йилги режаларимизни шунга мувофиқ тузишга ҳаракат қилдик.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йилга бундай ном берилиши республикамизда рақамли иқтисодиётга ўтиш ва информацион технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратила-ётганидан далолат беради. Бу халқимиз манфаати йўлидаги ижобий инқилобий бурилишдир. Масалан, иқтисодиёт тармоқларига жорий этиладиган технологиялар классификациясида сунъий интеллект деструктив турига мансуб бўлиб, у жаҳон бозорига аввал мавжуд бўлмаган тубдан янгиланган ва янги қийматга эга бўлган маҳсулотларни олиб киради. Ҳозирги кунда сунъий интеллект дунё мамлакатларида давлат бошқаруви, саноат тармоқлари, таълим, тиббиёт, қишлоқ ҳўжалиги, мудофаа ва миллий ҳавфсизлик, туризм ва бизнес соҳаларида кенг оммалашмоқда. Мамлакатимизда сунъий интеллектнинг ривожлантирилиши информацион технологиялар, нейрохирургия, генетика, био-инженерия, кибернетика, нанотехнология, био-мимика ва бошқа фундаментал, амалий илмий-тадқиқот фаолиятларининг янада жадал суратларда ривожланишига хизмат қилади.

Ўтган йили мамлакатимиз “Халқаро ахборот-коммуникация технология-ларини ривожлантириш индекси” бўйича 8 поғонага кўтарилди. Аммо бу ҳали етарли натижа эмас. Аксарият вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқ. Рақамли иқтисодиётни шакллан-тириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат талаб этишини қайд қилиш лозим. Давлатимиз раҳбари ушбу мақсадни келгуси беш йилдаги энг устувор вазифалардан бири сифатида таъкидлади. Рақамли иқтисодиётнинг афзаллиги шундаки, ушбу тизим нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, балки ортиқча харажатларни ҳам камайтиради. Энг муҳими, коррупцияга чек қўяди, ушбу иллатни йўқотишда самарали воситадир...

Вазирлик ташкил этилганига уч йил бўлди. Ҳар бир ишнинг бошланиши силлиқ, осон кечмаслиги аниқ. Ўтган йиллар давомида вазирлик қандай муаммоларга дуч келди, соҳада нима ишлар қилинди? 

— Тўғри, осон бўлгани йўқ. Чунки соҳада муаммолар кўп эди ва бу қисқа вақтда ҳал бўладиган иш эмас, албатта. Юртимиздаги иқтисодий ўсиш етарли эмаслиги, инновацион иқтисодиётни давлатимизга олиб киришга бўлган эҳтиёж мазкур вазирликни ташкил қилишни тақозо этди. Инновацион ривожланиш вазирлиги МДҲ давлатларида ҳам, Ўрта Осиё ҳудудида ҳам шу пайтгача бўлмаган. Фақат Араб амирликлари, Канада ва Янги Зеландия каби ривожланган мамлакатларда бўлган. Вазирликнинг асосий мақсади – иқтисодиётни ривожлантириш, юқори кўтариш. Мамлакатимиздаги энг катта муаммолардан бири ишлаб чиқариш билан илмнинг мувофиқ келмаслиги, узвийликнинг йўқлигида эди. Бундай муаммо фақат бизда эмас, ривожланган давлатларда ҳам кузатилади. Шу пайтга қадар илмий ишланмалар, ихтиролар кўп бўлган, аммо амалиётга татбиқ қилинмаган. Илмий ишни тўғридан-тўғри иқтисодиётга йўналтириб бўлмайди, албатта. Маълумки, янги лойиҳани стандарт ҳолга келтиргунча катта маблағ зарур бўлади. Шунинг учун тадбиркорлар илмий ишларни сотиб олишга ёки амалиётда қўллашга қўрқар эди. Негаки, ҳали синовдан ўтмаган маҳсулотнинг сотилмай қолиш эҳтимоли бор. Ҳар битта янги ишланмани амалиётда қўллаш ва шунга монанд технология яратиш доим қийин бўлган.

Биз ишни инновацион ривожланиш стратегиямизни белгилаб олишдан бошладик. 2018 йил сентябр ойида уч йиллик стратегиямизни тузиб, тасдиқлатдик. Унда асосий урғу инсон капиталига қаратилган. Стратегиядаги яна бир муҳим вазифамиз 2030 йилгача Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50  илғор давлати таркибига киришдан иборат. Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил этади. Асосий маблағни мана шу ёшлар инновацион ишларига йўналтиришни маъқул кўрдик. Ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватласак, ривожлантирсак, уларга шароит яратсак, эртага улар давлатга биз сарф қилгандан ҳам  кўпроқ фойда олиб келади. Шунинг учун асосий эътиборни таълим тизимига қаратдик. Олдимизга қўйган асосий вазифаларимиздан яна бири илмий ташкилотларимизни ривожлантиришдан иборат. Стратегиямизда олимларга кўпроқ грант маблағлари ажратиш ва керакли натижага эришиш кўзда тутилган. Чунки инновация айнан шу ерда вужудга келади.  

— Дарвоқе, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий салоҳиятининг барқарор ўсиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлай оладиган қандай янги ғоя ва инновациялар ишлаб чиқилди ва улар ҳаётга нечоғли жорий этилди? Стартап лойиҳалар ва умуман инновацион ишланмаларни молиялаштириш ишлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Биринчи навбатда фанни молиялаштириш тизимини ўзгартирдик. Таълим соҳаси учун ажратиладиган ва уч-тўрт йилда бир марта ўтказиладиган грантлар учун танлов тизимини бутунлай бошқача йўналишда туздик. Ҳар ойда иқтидорли ёшлар учун танловлар уюштириб, рағбатлантириб боряпмиз. Аввал илмий ишлар, ихтиролар учун ажратилган маблағлар ҳаммаси қоғоз билан бошланиб, қоғоз билан тугарди. Ҳеч ким олимларга илмни маҳсулот кўринишигача олиб кел, деган талабни қўймасди. Илмий ишларнинг барчаси оптиммалаштириш, муқобиллаштириш, таҳлил билан тугарди. Эндиликда олимларга бўлган рағбат ҳам, эътибор ҳам ўзгарди. Масалан, синмайдиган колба яратиш ғояси таклиф этилса, махсус талаб билан танлов уюштирамиз ва ғоялардан бирини танлаб оламиз ҳамда молиялаштирамиз. Ҳар бир лойиҳа учун 500 миллион сўм ажратилиб, шундан 40 фоизи моддий-техник базани ривожлантиришга сарфланмоқда. Олдинги  тизимда олим бир миллиард сўм даромад олиб келадиган лойиҳани тақдим этган бўлса, 20 миллион сўм атрофидаги пул билан тақдирланар эди. Кейинчалик ўша ишланмасидан қайта келадиган даромадга шерик бўлмасди. Эндиликда юқорида қайд этилган фармон асосида шундай имконият беряпмизки, олим ўзининг лойиҳаси асосида бемалол корхона ташкил этиб, унга раҳбар ҳам бўла олсин. Ёки бирор корхона билан келишиб, ўз ғоясини ишлаб чиқаришга татбиқ этсин, ё бўлмаса, ишланмасини сотиши ҳам мумкин. Бу олим учун рағбат механизми бўлиб, авлоддан авлодда ўтказиш ҳуқуқига эга. Муҳими, қайсидир соҳага янги ғоя кириб келиши керак. Ўтган йилда 116 миллиард сўм маблағ эвазига юздан ортиқ лойиҳани амалиётга татбиқ этдик. “Стартап” лойиҳаларидан бошлаб, илмий ишларни тўғридан-тўғри бизнесга йўналтирдик. Кичик-кичик корхоналар янги лойиҳалар асосида ишлаб чиқаришни бошлади. Натижада стартап экотизими яратилди. Ушбу лойиҳа учун 30 миллиарддан зиёд пул сарфлаб, ўттиздан зиёд корхонани ишга туширдик. Бугунги кунда биз маблағ сарфлаган корхоналар фойда кўра бошлади. Мана шу тарзда илмнинг натижаси кўринаётир. Мисол учун биргина биоўғит ишлаб чиқаришни олайлик. Бутун дунёда унинг ўрнини босувчи маҳсулот йўқлиги боис 17 миллиард сўмлик фойда кўрдик. Айни вақтда биосалвент ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу шундай маҳсулотки, биргина томчиси 1 метр квадрат ердаги тузни ювиш қудратига эга. Ёки бошқа бир мисол: нефт парланиб, асосий қисми ҳавога учиб кетади. Мана шу парланишнинг олдини олиш учун пантон ишлаб чиқаришни бошладик. Пантоннинг яна бир вазифаси ёнғиннинг олдини олади. Кутилмаганда нефть туфайли ёнғин чиқса, пантон кўпикка айланиб, уни ўчиради.

Шу каби кўпгина инновацион ғояларни амалга ошириш учун Жаҳон банкидан имтиёзли, узоқ йилларга мўлжалланган 50 миллион долларлик кредит ажратилди. Ушбу маблағни тўғри тақсимлаб, соҳани янада ривожлан-тиришни мақсад қилганмиз.

– Вазирлик ҳудудлар билан қандай ишламоқда, қайси соҳалар бугун кўпроқ инновацияга муҳтож?

– Айни пайтда ҳудудлар ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммолардан бири олимларнинг камлиги, етишмаслигидир. Шунинг учун ҳудудий дастурларни ишлаб чиқдик. Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида хусусий капитал асосида инновацион марказлар ташкил этила бошланди. Эндиликда ҳар бир ҳудуд ўз иқтидорли ёшлари билан ўзи шуғулланади. Молиялаштириш тизимини  маҳаллий ташкилот ва ҳокимликлар амалга оширади. Чунки ҳар бир вилоятнинг ўз инновацион ҳудуди, иқтидорли ёшлари, олимлари ва энг асосийси, сифатли таълим тизимига эга мактаби бўлиши керак...

Бугун инновация ҳамма соҳага бирдек зарур. Чунки бир соҳа иккинчиси билан бевосита узвий боғлиқ. Янги ғоя ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди. Масалан, қишлоқ хўжалиги тизимига кластерлар олиб кирилди. Эндиликда пахта, гуруч ва буғдойдан мўл ҳосил олинмоқда. Маҳсулотларимизни бемалол хорижга сота оляпмиз. Сирдарё вилоятида хорижий инвесторни жалб этган ҳолда “Пенг-шенг кластери”, “Бек-кластер” ҳузурида уруғчиликка ихтисослашган кластерлар ташкил этилди. Наманган вилоятида эса “Момиқ сочиқлар уруғчилик кластери” фаолиятини йўлга қўйиш асосида қишлоқ хўжалигига хусусий инвестициялар жалб қилинди. Бошқа соҳалар учун ҳам ана шундай янгиликларга эҳтиёж бор.   

Ижтимоий соҳа, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимига инновацияларни жорий этиш борасида қандай янгиликлар бор?

— Соғлиқни сақлаш борасида ҳам бир қанча инновацион лойиҳаларни қўллашни бошладик. “Ақлли тиббиёт” концепциясини ишлаб чиқдик. Телетиббиёт дастуримиз ҳам бор. Бунда илк манзил қилиб Мўйноқни танладик. У ерда инновацион поликлиника қурилди. Аҳолиси 35 мингдан зиёд бўлган ушбу ҳудудда тиббиёт бўйича кадрлар етишмайди. Инновацион поликлиниканинг аҳамияти шундаки, масофадан туриб, пойтахтдаги энг малакали шифокорлар беморга ташхис қўя олади. Кейинчалик бу тизимни ҳам кенг йўлга қўймоқчимиз.

Бизда аллергик касалликлар кўп. Ушбу хасталикни нотўғри даволаш оқибатида астма касаллигини орттириб олиш мумкин. Аллергология маркази ишини тўлдирган ҳолатда яна бир марказ ташкил қилдик. Чет давлатдан тўрт дона “Гул чанги қопқонлари” деб номланувчи қурилмани олиб келиб, Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Мирзо Улуғбек туманларига жойлаштирдик. Бу қурилма 80 км. радиусдаги  гуллаган дарахтлар ҳақида маълумот йиғади ва махсус базага киритади. Мазкур базадаги маълумот орқали биз ўша ҳудуддаги аҳолига “смс” тарзида  хабар берамиз. Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, биринчидан, дори-дармонга кетадиган маблағни тежайди, иқтисодиётга фойда келтиради. Иккинчидан, асосийси, бемор қайси ўсимлик манбаси туфайли касалланаётгани аниқланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида COVID-19 вирусининг мамлакатимизда тарқалишининг олдини олиш учун кенг миқёсли чора-тадбирлар кўрилди. Биолог олим сифатида таъкидламоқчиманки, руҳий хотиржамлик инсон иммунитетини мустахкамлайди ва ҳар қандай касаллика қарши энг катта тўсиқ бўла олади. Тубдан янгиланишлар юз бераётган ушбу тарихий даврда коронавирус таҳдиди туфайли мамлакатимиздаги эзгу жараёнлар кўлами сусайгани йўқ. Вазият тақозо қилгани ва инсонлар саломатлиги муҳим бўлгани учун янги, ўзгача иш тартибига ўтилди. Хусусан, вазирлик томонидан ўткир респиратор вирусли инфекцияларга қарши мавжуд, рўйхатдан ўтган дори препаратларини COVID-19 коронавирусини даволашда фойдаланиш учун танлаб олиш мақсадида тезкор лаборатория синовларини ўтказиш бўйича инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди. Мақсад – мазкур хасталикни даволаш амалиётида тўғридан-тўғри фойдаланиш учун энг самарали маҳаллий препаратларни танлаб олишдан иборат. Янги дорини тез суръатларда яратиш ва уларнинг клиник синовларини ўтказиш анча мушкул вазифа ва кўп вақт талаб қилади. Дунё амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги кунда ОИТС, ревматизм ёки безгак касалликларига қарши дори воситалари коронавирусни даволашда яхши самара бермоқда. Бундан ташқари, республикамизда COVID-19 га қарши самарали курашиш мақсадида амалий лойиҳалар танлови эълон қилинди. Мақсад коронавирусли инфекциялар патогенезини чуқур таҳлил қилиш асосида уларни даволаш технологияларини ҳамда COVID-19 штаммларини аниқлаш учун молекуляр-генетик ташхислаш усулларини яратишдан иборат.  Яна, самарали диагностика усулларини яратиш ва вирус патогенларидаги популяциямизга хос генетик ўзгаришларни аниқлаб бориш кўзда тутилган. Шу мақсадда олимлар инновацион ривожланиш вазирлигининг топшириғига биноан жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб вируснинг бутун дунё бўйлаб тарқалаётгани, унинг Ўзбекистонга ҳам кириб келиш хавфи мавжудлигини инобатга олган ҳолда тест системасини ишлаб чиқиш устида иш бошлаган эди. Март ойининг учинчи ўн кунлиги бошида илк натижаларга эришилди – вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг биотехнолог мутахассислари COVID-19 коронавирусини аниқлаш бўйича тест системасини ишлаб чиқди. Мазкур система COVID-19 вируси геноми уч бўлагининг ПЦР (Полимераз занжир реакцияси) усулидаги таҳлилига асосланган. Инсон танаси ва қонида ДНК ва РНК вирус фрагментлари пайдо бўлишига имкон берувчи ўта таъсирчан таҳлил олимларимиз ишлаб чиққан тест системасининг алоҳида хусусиятидир. Юртимиздаги илмий ва тиббий лабораторияларда мавжуд бўлган хорижий мамлакатлардан келтирилган тест-тизимлари  вирус геномининг фақат бир бўлаги таҳлилига асосланган.

Яна бир янгилик – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институтида яратилган гриппга қарши оригинал “Рутан” дори воситаси вазирлик ёрдамида Хитой олимлари томонидан текширилди. Хитойликлар ўтказган синовлар натижаси мазкур дори воситаси коронавирус инфекциясига қарши самарали кураш воситаси бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Шунга мувофиқ, “Рутан“ дори воситаси GMP стандартига тўлиқ жавоб берадиган “China – Uzbekistan Medicine Technical Park” хорижий корхонасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Яна COVID-19 вирусига чалинган беморларни даволашда қўлланилади-ган, ҳозир бутун дунёда тақчиллиги сезилаётган ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари (ИВЛ) ишлаб чиқариш бўйича технологиялар трансфери амалга оширилмоқда. Шу соаҳадаги етакчилардан бири Словакиянинг “Chirana” компанияси ва россиялик ҳамкорлар билан биргаликда ИВЛ қурилмаларини ишлаб чиқариш жорий йилнинг май ойида бошланади. Тошкент вилояти Бектемир туманида ишлаб чиқариш участкаси қурилишини якунлаш  жорий йилнинг сентябрига мўлжалланган.

–  Етук биолог олим сифатида ушбу соҳадаги изланишларни қандай баҳолайсиз? Ўз илмий изланишларингиз-чи, давом этяптими?

– Жаҳон мамлакатлари қаторида Ўзбекистон ҳам глобаллашув жараёнининг бевосита иштирокчиларидан биридир. Бу жараёндан четга чиқиб туришнинг имкони йўқ. Ҳар бир мамлакат глобаллашув жараёнидан имкон қадар кўпроқ ижобий манфаатланиши ва бор имконияти, кучи билан унинг салбий оқибатларидан ҳимояланиши лозим.

Республикамизда сўнгги йилларда илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Илм-фанни молиялаштириш ҳажми ошмоқда, илмий-тадқиқот муассасалари сони ортиб, қатор инновация марказлари, илмий кластерлар, технология парклари ташкил этилмоқда. 2019 йилнинг 29 октябрида Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида“ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан илмий соҳанинг долзарб масалаларини ҳал этиш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш кўзда тутилган.

Замонавий биологиянинг жадал ривожланаётган соҳаларидан бири биотехнология бўлиб, у фан ютуқлари ва ишлаб чиқариш жараёнини бир-бирига боғлайди. Биотехнология микроорганизмлар, ўсимлик ва ҳайвон тўқималари, органеллалар, рекомбинат ДНК ҳамда тўлиқ генетик модификацияланган организмлар каби турли биологик тизимлардан амалда фойдаланишга замин яратади. Айнан биотехнология туфайли экинларни ҳимоя қилишнинг замонавий биологик усуллари, биодеградацион полимерлар ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари ишлаб чиқилган. Масалан, биополимерлар ҳозирда кенг қўлланилаётган пластмассаларга нисбатан катта афзалликларга эга. Негаки, улар ўзидан заҳарли моддалар чиқармайди, атроф-муҳитни ифлослантирмайди, фойдаланиб бўлингандан кейин парчаланиш хусусиятига эга. Генларни конструкциялаш нафақат ўсимликларнинг, балки ҳайвонот дунёсини ҳам назорат қилиш ва турли хусусиятларга эга бўлган янги организмларни яратиш имконини беради. Замонавий биотехнологиялар анчайин ранг-баранг, шу боис мутахассислар асримизни биотехнологиялар асри деб аташмоқда.

Инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш бўйича халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилганидан хабаримиз бор. Бу борадаги натижалар қандай?

— Ҳа, жаҳон фани ютуқлари ва хорижий тажриба биз учун муҳим. Айни пайтда дунёнинг беш-олтита мамлакати — АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Австрия билан ҳамкорликда ишлаш борасида шартнома  тузилган. Уларга кўра, олимларни молиялаштиш ҳар бир давлатнинг ўз зиммасида. Аммо яратилган инновациялардан тенг фойдаланамиз. Бир ярим йил ичида вазирлигимиз ҳузуридаги фонд маблағлари ҳисобидан 300 га яқин олимни хорижга малака оширишга юбордик. Улар билим олиш билан бирга ўша давлатнинг энг кўп фойда берадиган инновацион лойиҳаларини ўрганди. Бир гуруҳ ёшларимиз Белоруссияга бориб келди. Шу масалада ҳудудий дастурларимиз ҳам бор – энг чекка туманлардаги олимлар ҳам бундай янгиликдан баҳраманд.  рағбат фақат ёш олимлар учунгина эмас, катта ёшли олимлар ҳам чет давлатларга бориб тажриба алмашиб келяпти. Умуман, янгилик яратаман деган, иштиёқ билан кўзи ёниб турган одам борки,  у инновацион лойиҳа билан қайтиб келишига ёки бошқа ихтиро қилишига кўзимиз етса, ҳамкор давлатларга жўнатяпмиз.

Ўтган йили инновацион ярмарка уюштириб, чет эллик ҳамкорларимиз билан 109 миллион долларлик шартномалар имзоладик. Ёшларимиз робототехника лойиҳалари билан қатнашди. Иқтидорли ёшларимиз кўп. Турин Политехника университети қошида катта гуруҳимиз ишлайди. Ҳамкор давлатларда консультантларимиз бор. Улар доимий тарзда ўша мамлакатлардаги энг илғор инновацион техника ва ускуналар ҳақидаги маълумотни бизга етказиб туради. Қисқаси, халқаро йўналишдаги лойиҳаларимиз доирасида ҳамкорлигимиз самарали давом этмоқда.

 — Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

 “Гулистон” мухбири Холида ФАЙЗИЕВА суҳбатлашди



Манба: “Гулистон” газетаси 2/2020 сон.