Янгиликлар

Ўзбекистон—Финляндия савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг IV йиғилиши ўтказилди

Жорий йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Финляндия Республикаси Тараққиёт ва ташқи савдо масалалари вазири В.Скиннари ҳамраислигида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Финляндия Ҳукуматлараро комиссиясининг IV йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди.

Йиғилиш давомида инвестициявий, савдо-иқтисодий, молия-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва истиқболлари таҳлил қилиниб, қисқа муддатга амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди ва уларни ишлаб чиқиш доирасида қўшма ишларни янада фаоллаштириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўз нутқида республикамизда таълим, илм-фан ва тадбиркорликка берилаётган эътиборга алоҳида аҳамият қаратди. Инсон капиталини ривожлантириш орқали мамлакатнинг дунё бўйича турли соҳаларда рақобатбардошилигини ошириш масаласига аҳамият қаратди. Финляндия 2019 йили Глобал инновацион индексда 7-ўринни эгаллаб, пешқадамлик қилаётгани Ўзбекистон учун намуна эканини таъкидлади. Финляндия Европада энг самарали ривожланаётган юқори технологияли мамлакатлардан бири бўлиб, у биринчилардан бўлиб Миллий инновацион тизим концепциясини соҳадаги сиёсатнинг асосий элементи сифатида қабул қилди. Вазир шунингдек, илмий-инновацион фаолият юритадиган, стартаплар билан шуғулланадиган фин компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатиш истагида эканини билдирди.

Томонлар, ўз навбатида, коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва унинг икки мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашдилар. Ушбу йўналишда, ижтимоий-иқтисодий фаолликни сақлаб санитария-эпидемиологик талабларга риоя қилган ҳолда пандемияга самарали жавоб беришда давлатлараро ҳамкорлик ва тажриба алмашишнинг муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ва Финляндиядаги иқтисодий вазият кўриб чиқилиб, унинг асосида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Инвестиция соҳаси, томонларнинг умумий фикрига кўра, ахборот-коммуникация технологиялари, фармацевтика, балиқчилик, қишлоқ хўжалиги, инновация каби соҳаларда мавжуд салмоқли салоҳият билан тавсифланади. Шу сабабли, Ўзбекистон томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва тегишли тармоқ бўлимлари, Финляндиянинг Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик ва иқтисодиёт вазирлиги, Савдо, бизнес ва инновацияни рағбатлантириш бўйича ихтисослашган агентликлари ва ташкилотлари (“Business Finland”, “Finnpartnership”), етакчи Финляндия ишлаб чиқарувчилари (“Nokia”), шунингдек, икки мамлакат савдо-саноат палаталари раҳбарлари истиқболли соҳаларнинг ҳар бири бўйича мамлакатлар ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишлари ва ташаббуслари ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Молиявий ва техникавий ҳамкорликдаги ижобий динамика алоҳида қайд этилди - Финляндия ҳукуматига БМТнинг Орол денгизи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст жамғармасига 1 млн евро миқдорида қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирилди. Шунингдек, ушбу йўналишда Финляндияда молиявий ташкилотлар ва идоралар билан алоқаларни йўлга қўйиш орқали шу соҳада ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Финляндия Миллий таълим агентлиги ва Финляндия Амалий фанлар университети раҳбарияти билан Финляндия таълим тизимининг илғор тажрибаларини қўллаб, Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда шерикликнинг аниқ механизмлари муҳокама қилинди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик давлатлараро мулоқотнинг долзарб йўналишига айланди - томонлар мақсадли дастурлар ва ташаббусларни амалга оширишдаги тажрибалари билан алмашдилар ва шу борадаги биргаликдаги фаолият истиқболларини муҳокама қилдилар.

Yigʼilish yakunida toʼgʼridan-toʼgʼri hamkorlik yoʼnalishlarini aniq va izchil belgilab beruvchi muhim kelishuvlarga erishildi, shuningdek, uzoq muddatli hamkorlikning istiqbollari uchun asos yaratadigan aniq loyihalar va tashabbuslarni amalga oshirish rejalashtirib olindi.