Янгиликлар

Бухорода ҳудудий инновацион ярмарка ташкил этилди

Бухоро муҳандислик-технология институтида 17 июнь куни ҳудудий инновацион ғоя ва ишланмалар ярмаркаси бўлиб ўтди. Бухоро вилоятида илмий инновацион лойиҳалар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур ҳудудий ярмарка ҳам вилоятдаги олий таълим муассасаларининг инновацион ижодкорлик салоҳиятини намойиш этди. Унда иқтисодиётнинг устувор йўналишларига тегишли 57 та илмий инновацион ғоя ва ишланмалар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Ярмаркада Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва вилоятдаги 4 та олий таълим муассасаси мутасаддилари, ишланмалар муаллифлари иштирок этди.

Тадбирда Бухоро муҳандислик-технология институти вакиллари 15 та, Бухоро давлат университети ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали тадқиқотчилари 8 тадан, Бухоро давлат тиббиёт институти мутахассислари 5 та, шунингдек, «Тадбиркор аёл» уюшмаси вилоят бўлинмаси ва бошқа тадбиркорлик субъектлари ўз ишланмалари билан қатнашди.

«Паст шамол оқимларида самарали ишлайдиган вертикал ўқли шамол энергетик қурилмасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш», «Суюқ шиша асосида натрий силикат пентагидратини ишлаб чиқариш инновацион технологиясини жорий қилиш», “Бўлажак муҳандис кадрларни масофавий ўқитиш натижаларини SMART баҳолаш технологияси”, «Ўзбекистон нефть ва газ саноати учун фаоллаштирилган кўмир», «Мева-сабзавот ва полиз экинларига комплекс ишлов бериш натижасида пастила ҳамда биологик фаол моддалар олиш технологиясини жорий этиш», шунингдек, касаначилик асосида иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ва оилаларда қўшимча даромад манбаи яратишга қаратилган қатор ишланмалар иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.

Ярмарка давомида ташкилий қўмита томонидан 29 та жами 42,4 миллиард сўмли лойиҳалар муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга тушгач, 1778 та янги иш ўрни яратилиши ва йилига 146,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.