Янгиликлар

Вазирликнинг янги биносида журналистлар учун пресс-тур ўтказилди

2020 йил 17 июнь куни Тошкент шаҳри Олмазор тумани Талабалар шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг янги биносида ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар учун пресс-тур бўлиб ўтди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги фармонига мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилган эди. Иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни жаҳон илм-фани ютуқлари, инновацион ғоялар ва технологиялар асосида жадал ривожлантириш ушбу вазирликнинг вазифалари этиб белгиланганди.
Ўша йили вазирлик учун Талабалар шаҳарчасидан жой танланиб, илғор илм-фан ютуқларини мужассам этган, олимлар, тадқиқотчилар ишлаши учун замонавий муҳитга эга бино қуришга киришилганди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 2 декабрь ва ўтган йил 24 майда бунёдкорлик ишларининг бориши билан танишиб, ушбу вазирлик олимларнинг илмий салоҳияти бирлашадиган, инновацион ғоялар стартапларга айланиб, иқтисодиёт тармоқларига кенг жорий этиладиган инновацион хаб бўлиши зарурлигини таъкидлаган эди.
Шу асосда бунёдкорлик ишлари энг замонавий архитектура талаблари асосида амалга оширилди. Натижада Инновацион ривожланиш вазирлигининг меъморий жиҳатдан кўркам биноси қад ростлади.
Вазирлик биноси ертўла қавати билан бирга 6 қаватдан иборат бўлиб, атрофида инновацион боғ барпо қилинган.
1-қаватда кўргазмалар зали, амфитеатр, ёш ихтирочилар хонаси, ахборот бўлими, замонавий кутубхона, қахвахона, болалар хонаси, фуқаролар қабулхонаси ташкил қилинган.
2-қаватда Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази, шунингдек робототехника ва мехатроника, учувчисиз парвоз этувчи қурилмалар, саноат соҳасидаги интернет буюмлари, 5G янги авлод тармоқлари бўйича 4 та янги замонавий лабораториялар ташкил қилинган.
3-қаватда Илмий-техник ахборот маркази, ЎзМУ ҳузуридаги Интеллектуал дастурий тизимлар илмий-амалий маркази, “Инновациялар ва бошқарувда ечимлар” лабораторияси, 12 та стартап хонаси ташкил қилинган.
4- ва 5-қаватларда вазирлик марказий аппарати ходимлари учун хоналар ҳамда 170 ўринли мажлислар зали, 2 та 60 ўринли тадбирлар заллари ва 3 та учрашув хоналари мавжуд.
Бинонинг ертўла қаватида аэрокосмик тадқиқотлар ва 3D прототиплаштириш бўйича 2 та янги ўқув лабораториялари, ходимлар учун тренажор ва тиббий хизмат кўрсатиш хоналари ташкил қилинган.
Инновацион боғнинг майдони 1,7 га бўлиб, унда 24 турдаги манзарали дарахтлар ва гуллар, фаввора, ёзги амфитеатр ва 2 та инновацион лойиҳалар ва технологияларни тақдимот қилиш майдончалари мавжуд.
Интерфаол кўргазма зали – “Showroom” етакчи хорижий ва маҳаллий компанияларда ишлаб чиқарилаётган инновацион маҳсулотлар, стартап лойиҳалар тўғрисида маълумот беради. У турли соҳалардаги 37 та лойиҳани қамраб олувчи 8 та блокдан иборат.
Бу ерда робототехника, технологиялар трансферига тегишли ва Ёшлар академияси аъзоларининг лойиҳалари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, давлат бошқарувидаги инновациялар намойиш этилади, “ақлли” банк фаолият кўрсатади.
Масалан, робототехника бурчагида етакчи хорижий компанияларнинг роботлари жойлаштирилган. Бу ерга келувчилар роботларни ясаши ёки бошқариб кўриши мумкин. Соҳани чуқурроқ ўрганиш истагида бўлганлар ўрганишларини иккинчи қаватдаги робототехника ўқув-тадқиқот лабораториясида давом эттиради.
Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага оид технологиялар трансфери бўлимида юқори технологиялар, “ноу-хаулар”, кундалик ҳаётда қўлланадиган инновацион жиҳозлар билан танишиш мумкин.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Исроилнинг “Maya International” компанияси билан сунъий йўлдош орқали қувурлардан сув сизишини аниқлайдиган технология, Польшанинг “Novol Asia” қўшма корхонаси билан ҳамкорликда полиэфир шпатлёвка ва полиэфир елим ишлаб чиқариш технологияси трансферини амалга оширилди. Кўргазмада Малайзиянинг “Cy Rewards” компанияси билан ҳамкорликда жорий этилаётган арзон уйлар қуриш технологияси ҳам намойиш этилган. Бу технологиянинг афзаллиги 2-3 қаватли уйларни қисқа вақтда қуриш имконини беради. Бунда бир квадрат метр уйнинг таннахри уч юз доллар бўлади.
Вазирлик биносидаги интерактив студияда онлайн дарслар, вебинарлар ўтказиш, видеодарслар ёзиш мумкин. Бу студия “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларни ўқитиш, масофавий мулоқот орқали жойлардаги мутахассислар малакасини оширишда ҳам қўл келади.
Давлатимиз томонидан одамларни илм-фанга қизиқтириш ва рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Вазирликнинг янги замонавий биносида бунинг учун барча шароит муҳайё. Иқтидорли ёшлар бу ерда энг сўнгги ишланма ва технологиялар билан танишиш баробарида стартап лойиҳаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Бинода кенгайтирилган виртуал реаллик технологияси – NazzAR платформаси ишга туширилган. Бу технология фойдаланувчиларга қўлидаги смартфони орқали дунё объектлари билан интерфаол муносабатларга киришиш имконини беради.
Тиббиётдаги инновациялар, Ёшлар академияси аъзоларининг лойиҳалари, ғўзанинг вилт касаллигига чидамли янги навларини яратиш, ген-нокаут технологияси ёрдамида картошка ва буғдой ҳосилдорлигини ошириш, Корея технологияси асосида қишда қовун етиштиришга мўлжалланган иссиқхона лойиҳалари Инновацион ривожланиш вазирлигининг истиқболли лойиҳалари сирасига киради.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни таъминлаш учун зарур тизим яратилди. Илмий-тадқиқот муассасалари ва олимларнинг инновацион ғоя ва лойиҳалари қўллаб-қувватланиб, қиймати 28,2 миллиард сўмлик 31 та стартап лойиҳа молиялаштирилди. Халқаро ҳамкорлик доирасида ҳозирги кунда Германия, Россия ва Беларусдаги шериклар билан 9,6 миллиард сўмлик 38 та қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.