Янгиликлар

Илмий лойиҳалар мониторинги амалга оширилмоқда

2020 йилнинг июнь ойидан эътиборан Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилаётган 2019 йил апрель-май ойларидан бошлаб молиялаштирилган лойиҳаларнинг оралиқ йиллик ҳисоботлари мониторинги ўтказилмоқда. Бунда 2020 йилнинг олти ойи давомида олинган муҳим илмий натижалар ва уларнинг тадқиқотнинг тасдиқланган календарь режасига ва лойиҳа ҳужжатларига мослиги, ажратилган молиявий маблағларнинг мақсадли сарфланаётганлиги ва бошқа мезонларга аҳамият қаратилади. Шунингдек, лойиҳалар натижалари бўйича етакчи хорижий журналларда мақолалар чоп этиш борасида эришилган натижалар ва уларнинг мавжуд салоҳиятга нисбатан қиёсий таҳлили, ҳар бир лойиҳа доирасида қўлга киритиладиган якуний натижалар ва уларни тижоратлаштириш имкониятларини ўрганиш, ҳар бир лойиҳа кесимида мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш асосида уларни бартараф этиш ёки белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиши ҳам мониторинг ўтказишнинг асосий мақсадларидандир. .

Илмий лойиҳалар мониторинги 2 босқичда ташкил этилади. 1-босқичда ҳар бир лойиҳа ишчи гуруҳ томонидан онлайн тарзда (ижрочи ташкилот ва лойиҳа раҳбарининг бевосита лойиҳа бажарилаётган жойдан туриб ҳисобот ва тақдимотларини эшитиш асосида) ўтказилади. 2-босқичда ҳар бир лойиҳа бўйича оралиқ босқич (йиллик) ҳисоботлар бўйича лойиҳа раҳбарларининг тақдимотлари фан йўналишлари бўйича тегишли илмий-техник кенгашларда эшитилади.

Иккала босқичнинг натижалари умумлаштирилган ҳолда вазирлик Ҳайъати йиғилишида ҳар бир лойиҳа кесимида якуний қарор қабул қилинади.

Таъкидлаш жоизки, Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий фаолиятга оид давлат дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси ҳисобланади ҳамда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий лойиҳаларнинг бажарилиш мониторинги мунтазам равишда ташкил этиб борилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2019 йилдан бошлаб илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги танловларни ўтказиш ва лойиҳаларни танлаб олишнинг янги самарадор механизми жорий этилди, долзарб тематик мавзулар бўйича мунтазам равишда танловларни эълон қилиб бориш амалиёти татбиқ этилди. Бунда эълон қилинган ҳар бир тематик мавзу йўналишини аниқ якуний натижага қаратиш, тадқиқот учун ажратилган маблағларнинг 40 фоизини асбоб-ускуналар, хомашё ва бошқа зарур материалларни харид қилиш учун йўналтиришга, тадқиқот натижасида илмий ҳажмдор, тижоратлаштириш имконияти юқори бўлган янги маҳсулот (хизмат)ларни ишлаб чиқаришни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўз навбатида грантлар асосида амалга оширилаётган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар бўйича давлат илмий-техника дастурларининг тизимли мониторинг натижасида аниқланган мақсадсиз ишлатилаётган грант маблағларини бошқа истиқболли ва талаб юқори бўлган мавзуга оид лойиҳаларни амалга ошириш учун қайта йўналтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар бўйича давлат илмий-техник дастурларини бажариш доирасида муассасалар томонидан яратилган илмий ва илмий-техникавий фаолият натижалари, давлат илмий-техник лойиҳалар якунланганидан ва (ёки) улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганидан кейин тижоратлаштирилиши лозим (фундаментал тадқиқотлар натижалари, шунингдек, гуманитар ва ижтимоий фанлар соҳасидаги лойиҳалар бундан мустасно).