Янгиликлар

Иброҳим Абдураҳмонов: “Янги биномиз стартаплар учун очиқ платформага айланади”

Давлатимиз раҳбари Олмазор туманига ташрифи чоғида Инновацион ривожланиш вазирлигининг янги биносини бориб кўрди. Ташриф давомида Президентимиз томонидан вазирлик жамоаси олдига қатор вазифалар қўйилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари вазирликда олий таълим муассасалари проректорларининг малакасини ошириш бўйича ўқишлар ташкил этилиши тўғрисида топшириқ берди. Бу ўз навбатида ҳозирги энг долзарб муаммолардан бири — илмий натижаларнинг ишлаб чиқариш билан интеграциясини кучайтиришга хизмат қилади. Бино бежиз Талабалар шаҳарчасида қад ростламади. Бу ердаги учта йирик олий таълим муассасаси — Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳамда юртимиздаги барча олий ўқув юртларини ўзида жипслаштириши лозим.

Давлатимиз томонидан одамларни илм-фанга қизиқтириш ва рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Вазирликнинг янги замонавий биносида бунинг учун барча шароит муҳайё. Иқтидорли ёшлар бу ерда энг сўнгги ишланма ва технологиялар билан танишиш баробарида стартап лойиҳаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Стартапчиларнинг ишланмалари билан танишган давлатимиз раҳбари энди бу ишланмаларининг намуналарини серияли ишлаб чиқаришини ташкил этилиши ва тижоратлаштиришни тезлаштириши лозимлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, янги бино стартаплар учун очиқ платформага айланади –  улар бундан унумли фойдаланиши лозим. Стартаплар ўзлари яратган инновацион маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга чиқариши бугунги кундаги олдимизга қўйилган долзарб вазифалардандир.

Давлатимиз раҳбари яратилган шароитлар билан танишаркан, энди йилнинг охиригача биздан натижалар кутишларини айтдилар. Бу бизни янада жонкуярлик билан ишлашга, масъулиятли бўлишга чорлайди.  Ҳозир вазирлигимиз томонидан кенг кўламдаги илмий ва стартап лойиҳалар танловлари эълон қилинган. Йилнинг охиригача шу танловларни якунига етказиб, уларни молиялаштирамиз. Илмий тадқиқот институтларини мустақил халқаро илмий аудитдан ўтказамиз ва йўналишларини белгилаб оламиз. Йил сўнгигача биология, кимё, математика, геология йўналишларидаги илмий тадқиқотлар жадаллашади, бу соҳаларга янги маблағлар берилади. Бу йўналишлардаги лойиҳалар танловини ҳам якунлаймиз. Ҳозир биология ва биотехнология ҳамда бошқа йўналишлар бўйича қарорлар тасдиқланди.

Йил охиригача «Инновацион фаолият тўғрисида»ги  қонуни ҳамда  Ўзбекистон илм-фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган, улар қабул қилиниши билан  амалга оширилади. Бундан ташқари «Стартаплар тўғрисида»га қонун Олий мажлисга  муҳокама учун тақдим этилади.

Вазирлик айни кунларда республикамиздаги илмий-тадқиқот муассасалари, тармоқлар институтлари мониторингини ўтказмоқда. Мониторинг натижаларига кўра йилнинг охиригача илмий тадқиқот муассасаларининг рейтингини шакллантирамиз. Муҳими, уларга инновацияларни жорий этишни ўргатиш ва улардан бу ишларнинг амалга оширилишини талаб қилиш керак. Шу ўринда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази жамиятда юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишда тезкорлик билан тадқиқот ишларини амалга ошираётганига ижобий баҳо берилди. Президентимизнинг топшириғига кўра, ЎзФА билан ҳамкорликда ишлаш механизми ишлаб чиқилиб, илмий-тадқиқот институтларининг таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, уларни ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилади.

Президентимиз томонидан берилган яна бир топшириқ рақамлаштириш ишларини янада жадаллаштиришдир. Шу муносабат билан вазирликнинг барча фаолиятини рақамлаштириш ишлари кенгайтирилиб, маълумотлар банки ташкил этилади. Янги бинода катта ҳажмдаги серверлар ўрнатилди. Ақлли технологиялар ва интернет технологиялардан фойдаланган ҳолда, лойиҳаларни қабул қилиш, мониторингини амалга ошириш жараёнларини автоматлаштирамиз.

Ҳар йили ўтказиладиган InnoWeek инновацион ғоялар ҳафталигини бу йил пандемия шароитида онлайн тарзда ўтказилиши кўзда тутилган, 3D технологияларни қўллаган ҳолда 3D кўргазмалари ташкил этилади. Бу технологиялар Ўзбекистондаги кўргазма заллари марказларига жорий этилишини таклиф қиламиз. Ҳозирда вазирлик мутахассислари сунъий интеллект концепцияси ва дастури устида иш олиб бормоқда. Йилнинг охирига бу ишларни ҳам якунлаймиз.

Бу йил Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексга киртилиши кутиляпти. Мазкур индексга кириш бўйича прогнозлар анча юқори. Кейинги йил Ўзбекистон инновацион ривожланиш стратегиясининг 3 йиллигининг бажарилиши таҳлил қиламиз, иккинчидан Ўзбекистоннинг 2030 йилгача инновацион стратегияси устида ишлаймиз. Ва бу йил Глобал инновацион индексга кирадиган бўлсак, кейинги йил унда 10 поғона юқорига кўтарилишимизни таъминлашимиз керак ва 2030 йилда ТОП-50 мамлакатлар қаторига киришдир.

 Икки йил давомида илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техник базаси бўйича ишлаймиз. Йилнинг охиригача илмий тадқиқотлар учун 8 миллион долларлик асбоб-ускуналар харид қилинади. Шу кунгача 2 миллион долларлик асбоб-ускунлар харид қилиниб, олимларимизга топширилди. Шунингдек, моддий-техник база яратишнинг янги механизми устида ҳам иш олиб боришни режалаштирдик. Кредит механизмлари устида ишлар олиб боряпмиз.

Жаҳон банкининг 50 миллион долларлик лойиҳасини тайёрлаш босқичини бошлаймиз. Яқин кунларда лойиҳани тайёрлаш гуруҳи ўз фаолиятини бошлайди. Йилнинг охиригача илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича лойиҳалар танловини эълон қиламиз. Кейинги икки йил давомида Жаҳон банки билан ҳамкорликда лойиҳаларни танлаб, 20 миллион АҚШ долларини илмий тадқиқотларга, 16 миллион АҚШ долларини хусусий корхоналарга инновацияларни олиб кириш учун сарфлаймиз. Шундай қилиб, инновацион салоҳиятни юқорига кўтаришга эришамиз.

Статистик маълумотларни тақдим этиш бизда халқаро стандартларга мос келмайди. Шунинг учун ҳам глобал инновацион индексда кўтарилишимиз қийин бўляпти. Кейинги икки йилда статистика қўмитаси билан ҳамкорликдаги фаолиятимизни кучайтирамиз. Инновацион ривожланиш бўйича статистик маълумотларнинг стандартларини ишлаб чиқиш билан кейинги икки йилда шуғулланамиз. Шунда Ўзбекистон халқаро рейтинглардаги юқори поғоналарга кўтарилишни бошлайди.

Ҳозирда вазирлигимиз томонидан фундаментал тадқиқотларга лойиҳалар танлови эълон қилинди. Унинг аҳамиятли жиҳатларидан бири докторантларнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида танловда иштирок этадиган олимлар гуруҳида докторантлар ҳам қатнашиши шарт қилиб қўйилди. Биз аввал докторантларнинг мониторинги билан шуғулланмасдик. Энди бу иш билан шуғулланиш вақти келди. Докторантларнинг илмий раҳбарлари томонидан бериладиган ҳисобот тизимини йўлга қўйишимиз даркор. Президент вазирлик “докторантлар фабрикаси” бўлиши кераклигини таъкидладилар.

 Кейинги икки йилда вазирлик тасарруфидаги инновацион бошқарув кадрларини тайёрлайдиган давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги, халқаро университетлар билан ҳамкорликда университет ташкил қилиш устида иш олиб боряпмиз. Тизимимиздаги университетда йилига камида 1000 нафар талаба таълим олади.

 Йилнинг охиригача инновацион экотизим мустаҳкамланиши кутилмоқда. Йил якунига қадар Сирдарё акселераторини ишга туширамиз, Қорқалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида телемедицина маркази ҳамда Беруний туманида инновацион кўз жарроҳлиги клиникаси очилади, Андижон вилоятида янги ишланмалар ва технологиялар кўргазмалари майдон ишини бошлайди. Бундан ташқари, Тошкентда Истанбул технопаркининг филиалини очишни режалаштиряпмиз. Шунингдек, вазирлигимиз ҳузуридаги Яшнобод технопаркининг биносини таъмирлаш ишлари якунланмоқда. Кейинги йилда мазкур технопаркимизнинг хизмат кўрсатиш ҳудудлари кенгайтирилади. Республикамизнинг барча вилоятларида 2023 йилга қадар Ёшлар технопарклари босқичма-босқич ташкил этилади. Хусусан, 2020 йил якунига қадар Қорақалпоғистон Республикасида, Андижон ва Самарқанд вилоятларида, 2021 йили Навоий, Сирдарё, Тошкент вилоятларида Ёшлар технопарклари ўз фаолиятини бошлайди.

Ҳозирча Ўзбекистондаги стартапларнинг аксарияти ахборот технологиялари билан боғлиқ, кейинги йилларда биз биология, биотехнология ва кимё соҳасидаги стартаплар танловларини эълон қилиб, уларнинг сони ва сифатини ошириш устида ишлаймиз.