Янгиликлар

ЎзР ФА Шарқшунослик институтида “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонуннинг аҳамияти ҳақида тадбир ўтказилди

20 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда ЎЗР ФА илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосарлари Азимжон Назаров ва Олимжон Тўйчиев, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
вице-президентлари академик Баҳром Абдуҳалимов ва академик Шавкат Аюпов, Фанлар академияси Тарих институти директори, тарих фанлари доктори Азамат Зиё сўзга чиқдилар.

Сўзга чиққанлар айнан илм-фан ва илмий соҳадаги фаолиятни тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат узоқ кутилгани ва кенг жамоатчилик томонидан муҳокамаларга сабаб бўлганини қайд этдилар. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий тажриба муфассал ўрганилган, улардаги тажрибадан фойдаланилган бўлса-да, у бугунги Ўзбекистондаги воқеликларни, мавжуд илмий ва техник базани инобатга олган ҳолда яратилганлиги айтиб ўтилди.

Қонун авваламбор мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий вазифалар ечимини топишга қаратилган бўлиб, бунда миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини таъминлаш талаб этилади. Ҳужжатда олимлар ва тадқиқотчиларнинг интилишларини, ижодкорликни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.

6 та боб ва 46 та моддадан иборат Қонун илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, бошқаришнинг ягона, изчил механизмини яратишда асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Қонун билан илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасидаги муносабатларда мавжуд камчиликлар, қарама-қаршиликлар ва бўшлиқлар бартараф этилди, хусусан, Республикада илмий салоҳиятнинг янада ошиши учун ҳуқуқий асослар яратилди.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатли давлат органи деб белгиланди. Шу билан бирга давлат идораларининг, жумладан Вазирлар маҳкамаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Олий таълим тизими, маҳаллий давлат ҳокимиятининг илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатлари ва фуқаролар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ушбу соҳадаги иштироки аниқ кўрсатиб ўтилдики, бу ўз навбатида “Фан-таълим-ишлаб чиқариш” интеграциясини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси бўла олади.

– 2020 йил 1 январидан Қонунга асосан илмий фаолият билан шуғулланувчи барча юртдошларимизнинг меҳнат ҳуқуқларига муҳим ўзгаришлар киритилади, – деди мазкур ҳужжат ижодкорларидан бири Азамат Зиё. – Меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги тартиби, ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг узайтирилиши, чет элда амалиёт ўташ ёки малака ошириш учун бир йилгача бўлган муддатга таътил берилиши – илм-фан соҳасига ёшларни жалб қилишга хизмат қилади.

Қонунда илмий фаолият, уни олиб бориш тартиби, шартлари борасида қатор камчиликларни, хусусан баҳолаш мезонларидаги мавжуд камчиликларни, илмий экспертиза жараёнини такомиллаштиришдаги қатъий чекловларни бартараф этди. Шу билан бирга, илмий фаолият соҳасини молиялаштириш механизмларини белгилаб беришда фақатгина базавий молиялаштиришга суяниб қолмасдан, турли илмий техник ишланмалар грантлари, донорлар маблағлари ҳам кўзда тутилиши соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшади.

Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, ахборот таъминоти, ноёб илмий объект, илмий асбоб ва ускуналардан фойдаланиш тартибининг белгилаб берилиши, илм-фан ва илмий фаолият соҳасини молиялаштиришни тартибга солади. Яна бир муҳим жиҳат, яъни чет давлатда олинган илмий даражалар ва илмий унвонларнинг Ўзбекистон Республикасида тан олинишининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилиши мамлакатда илм-фан соҳаси кадрларининг ривожланган давлатлар даражасида тан олиниши учун замин яратади.

Илмий фаолият соҳасида халқаро ҳамкорлик олиб бориш тартиби дунё илмий ҳамжамияти билан камарбаста бўлиб ишлаш имконини яратади. Мазкур Қонун билан илмий фаолият олиб боришда барча йўналишларда етакчи хорижий илмий марказлар ва ташкилотлар билан ҳуқуқий асосда ҳамкорлик олиб бориш назарда тутилган.