Янгиликлар

Тиббиётда инновациялар: кеча ва бугун

Тошкент тиббиёт академияси қошидаги лицей залида “Тиббиётда инновацияларни қўллаб қувватлаш” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Унда соғлиқни сақлаш соҳасида таълим бераётган ўқитувчи-профессорлар, иқтидорли талабалар, докторантлар ва магистр талабалари иштирок этишди.

Семинар давомида қатор мавзуларда маърузалар ўқилди. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги Таълим ва соғлиқни сақлашга инновацияларни жорий этиш ва тадқиқ қилиш бошқармаси бошлиғи, т.ф.д. Бахтинур Худанов Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасидаги инновациялар ва амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган имкониятлар мавзусида маъруза билан чиқди. Вазирлик ташаббуси билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган диспетчерлик хизмати ташкил этилди. Лойиҳанинг моҳияти шундаки, эшитиш билан муаммоси бўлган шахс мобил илова ёки СМС орқали диспетчерга мурожаат қилади. Диспетчер адресни автоматик равишда аниқлайди (ёки картада аниқ белгилайди). Сўнг диспетчер маълумотни биринчи ёрдам хизматларига узатади (101- ўт очириш хизмати, 102- милиция, 103- тез тиббий ёрдам ва бошқа хизматлар). Ушбу тизим эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларга биринчи ёрдам хизматларини чақириш имкониятини тақдим этади. Диспетчерлик хизмати кун давомида 24 соат ишлайди.

Б.Худанов, шунингдек, Анатомик атамалар электрон луғати лойиҳаси ҳақида сўз юритди. Луғат 10 мингдан ортиқ атамаларни ўз ичига олган бўлиб, сўзларни ўзбек, рус, инглиз ва лотин тилларида тезда қидириб топиш имконини беради.

Мазкур луғатдан тиббиёт соҳасидаги барча олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари, клиник ординаторлар, магистрлар ва мустақил ўрганувчилар фойдаланиши мумкин.

Электрон луғат Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент Давлат стоматология институти, Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ва “Innovative Developers” МЧЖ ҳамкорлигида яратилди.

Тадбирда шунингдек “AskDoctor.uz платформаси яратилиш тарихи”, “Симуляцион фантом асосида студентларни ва шифокорларни хирургияга ўргатиш босқичи” каби мавзуларда маърузалар ўқилиб, иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Семинар-тренинг доирасида стартап ва грант лойиҳаларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарси ташкил қилинди.