Янгиликлар

​Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари БМТ Тараққиёт дастурининг Доимий вакили билан учрашди

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров БМТ Тараққиёт дастурининг Доимий вакили Матилда Димовска билан учрашди. Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликда лойиҳалар ташкил этиш масалаларини муҳокама этдилар.

Хусусан, Нукусда бўлиб ўтадиган “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” халқаро конференцияси ҳақида сўз юритилди. Димовска хоним Оролбўйи муаммоларини бартараф этишга ҳиссасини қўшиш истагида бўлган етакчи олимларни ушбу нуфузли тадбирда иштирок этишлари учун таклиф этиш истагини билдирди. Ўз навбатида, А. Назаров бу таклифни қўллаб-қувватлаб, халқаро миқёсдаги экспертларнинг тажрибаси форум ишига фойдали бўлишини таъкидлади.

Шунингдек, Матилда Димовска БМТ ТД Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолиятини доимий равишда қўллаб-қувватлашга тайёр эканини қайд этди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигидаги “Инновациялар ва бошқарув ечимлари” лабораторияси ҳамда БМТ ТДнинг Accelerator Labs деб номланган лойиҳаси билан ҳамкорликда иш олиб боришига келишилди. Accelerator Labs бу БМТнинг ривожланиш соҳасидаги янгича ишлаш усули бўлиб, инсоният олдида турган глобал муаммоларни инновацияларни ривожлантириш ва рағбатлантириш орқали инсон ҳуқуқларини бузмаган ҳолда бартараф этишга қаратилгандир.