Янгиликлар

Академик Иброҳим Абдураҳмонов муҳаррирлигида “Протеомика технологиялари ва қўлланилиши” китоби чоп этилди

Халқаро IntechOpen нашриётида Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов муҳаррирлигида “Протеомика технологиялари ва қўлланилиши” (“Proteomics Technologies and Application”) китоби чоп этилди. Мазкур китоб дунё илмий ҳамжамиятига мансуб олимларнинг мақолаларини ўз ичига олган 6 та бўлимдан иборат бўлиб, протеомлар ва уларнинг иловалари бўйича таҳлилларнинг барча жиҳатларини қамраб олган.

Оқсиллар ёки пептидлар тирик организмнинг ҳужайра физиологиясида кўплаб ҳаётий вазифаларни бажаради. Организм томонидан ишлаб чиқарилган оқсиллар ва пептидларнинг бутун мажмуи эса протеом деб номланади. Протеомнинг кенг кўламли илмий тадқиқотлари ва экспериментал таҳлили протеомика рдеб аталади.

Протеомика — кимё, физика, биология, биокимё, биофизика, геномика, биоинформатика каби кўплаб илмий йўналишларнинг ютуқларини ўзида жамлаган фандир. Хусусан, геномика ва биоинформатикадаги сўнгги ютуқлар протеомика тадқиқотларига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Натижада протеомнинг маълум бир ҳужайра ёки тўқимадаги молекуляр функциялари ва ўзаро таъсирларни аниқлаш имконияти яратилмоқда.

Протеомика бўйича тадқиқот натижалари ҳужайра/тўқималарнинг шикастланиши сабабларини ёки касалликлар физиологиясини ўрганишда муҳимдир. Протеомика фани оқсил биомаркерларини қўллаш орқали турли хил хасталикларни олдиндан аниқлаш имконини беради. Муайян касаллик даврида организм томонидан ишлаб чиқиладиган алоҳида оқсилларни текшириш, тест синовларини ўтказиш орқали касаллик зудлик билан аниқланади ва касалликнинг эрта босқичларида даволаш муолажаларини ўтказиш учун шароит яратилади.

Протеомика натижаларини қўллаш орқали, шунингдек, ўсимликлар ва ҳашаротлар ўртасидаги мураккаб ўзаро боғлиқликларни аниқлаш мумкин бўлиб, ўсимликларнинг генетик ҳимоя механизмларини аниқлаш, уларнинг биотик ва абиотик омилларга мослашувини аниқлашга кўмак беради.

Мазкур китоб китобхонларни протеомика соҳасидан энг сўнгги янгиликлар билан таништиради. Турли касалликларнинг физиологик жиҳатларини англаш, ташхис қўйиш ва даволашда протеомика маълумотларидан фойдаланиш бўйича янги тадқиқотлар ва технологиялар борасидаги билимларни тақдим этади.

Китоб олимлар, талабалар ҳамда мазкур фан йўналишига қизиққан ўқувчиларга мўлжалланган.