Янгиликлар

Евросиё илмий-тадқиқотларни қўллаб қувватлаш уюшмаси билан ҳамкорликда эълон қилинган танлов лойиҳалари муҳокама қилинди

 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Евросиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси ҳамкорликдаги кўп томонлама илмий-техник лойиҳалар танловини эълон қилган эди.

Лойиҳаларни бажариш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Евросиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида амалга оширилади.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасалари Евросиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмасига аъзо мамлакатлардан лойиҳани амалга ошириш бўйича камида иккита мамлакатдан ҳамкор топишлари ва лойиҳани бирга амалга оширишга келишишлари шарт.

Ушбу танлов илм-фаннинг қуйидаги йўналишлари бўйича ўтказилди:

Биохилма-хиллик ва биофаол бирикмалар;
Лазер физикаси ва ночизиқли оптика;
Тарихий ва маданий ёдгорликларни ўрганиш, сақлаш ва тиклаш.
Ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш муддати 24 ёки 36 ойдан ошмаслиги лозим. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳар бир лойиҳага йилига кўпи билан 500 миллион сўм ажратилади.

Бугун ZOOM дастури орқали онлайн шаклда «Биология, биотехнология, экология» фанлари бўйича илмий техник кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисда Россия Фундаментал тадқиқотлар жамғармасининг Евросиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси ҳамкорлигидаги кўп томонлама илмий-техник лойиҳалар танловига Илмий тадқиқот муассасалари ва Олий ўқув юртлари олимлари томонидан тақдим этилган лойиҳалар муҳокама қилинди. Барча лойиҳалар ўзига хос, биология фанининг турли соҳаларига тегишли бўлиб, танловнинг «Биохилма-хиллик ва биофаол бирикмалар» йўналиши доирасида қизғин муҳокама қилинди. Илмий техник кенгаш йиғилиши онлайн шаклда ташкил қилинган бўлишига қарамасдан, баҳс мунозаралар ва танқидий фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтказилди.

Илмий техник кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди. Вазирлик Ҳайъати қарори билан лойиҳалар бўйича якуний хулосалар эълон қилинади