Янгиликлар

Ўзбекистон-Туркия қўшма илмий-техник лойиҳалар муҳокамаси бошланди

 

«Математика, физика, механика фанлари» ва «Ер тўғридаги фанлар» бўйича Илмий техник кенгашларининг навбатдаги мажлисларида Ўзбекистон-Туркия қўшма илмий-техник лойиҳалар муҳокама қилинди. Лойиҳалар тақдимотида муаллифлар томонидан лойиҳаларнинг долзарблиги, илмий салоҳияти, кутилаётган натижалари, молиявий сарф харажатлари асослаб берилди. ИТК аъзолари ҳар бир лойиҳа бўйича ўз фикр мулоҳазаларини билдирдилар. Натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Илмий-техник лойиҳаларни бажариш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Туркия Республикаси Фан ва технологик тадқиқотлар кенгаши (TUBITAK) ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Туркия Республикаси Фан ва технологик тадқиқотлар кенгаши (TUBITAK) ҳамкорликдаги илмий-техник лойиҳалар танлови 2019 йилнинг 28 сентябрь куни эълон қилиниб, танлов шартига кўра 2019 йил 20 декабргача лойиҳалар қабул қилинди. Танловга топширилган ва техник экспертизадан ижобий хулоса олган лойиҳалар Илмий-техник кенгашларга кўриб чиқиш учун юборилди.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасалари Туркия Республикасидан «лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкор» топишлари ва лойиҳаларни амалга оширишга келишишлари, танловга лойиҳалар ҳар иккала ижрочи томонидан тақдим этилиши лозим эди. Мазкур танлов турли фан йўналишлари бўйича ўтказилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон томонидан тақдим этилган ҳар бир лойиҳа учун йилига кўпи билан 500 000 000 сўм (жами кўпи билан икки йилга 1 000 000 000 сўм) миқдорида, ўз навбатида Туркия Республикаси Фан ва технологик тадқиқотлар кенгаши (TUBITAK) томонидан ҳамкор лойиҳа учун йилига кўпи билан 360 000 турк лираси (жами кўпи билан икки йилга 720 000 турк лираси) миқдорида маблағ ажратилади. Лойиҳани амалга ошириш муддати 24 ойдан ошмаслиги лозим.

Кейинги босқичда лойиҳалар бўйича вазирлик Ҳайъатининг қарори қабул қилинади ва Туркия томоннинг хулосасини инобатга олган ҳолда лойиҳалар молиялаштирилади.