Янгиликлар

"Рутан" препаратининг истиқболлари  

Куни-кеча Инновацион ривожланиш вазирлиги кўмагида “China–Uzbekistan Medicine Technical Park” технопарки томонидан ишлаб чиқарилган 19 500 дона «Рутан» дори воситаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига беғараз тақдим этилди. Мазкур препарат Фанлар академияси Биоорганик кимё институтининг олимлар томонидан ишлаб чиқилиб, институтнинг илмий фаолияти табиий бирикмалар асосида  вирусларга қарши дори воситаларини яратишдан иборат. Ушбу йўналишда Институт миқёсида кўп йиллар давомида қатор мамлакатларнинг етакчи илмий марказлари (Россия, Хитой, Германия) билан хамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. "Рутан" препарати ҳақидаги саволларга Биоорганик кимё институти директори, академик Шавкат Салиҳов жавоб беради. 

- Вирусга қарши "Рутан" препаратининг айнан Ўзбекистонда яратилиши барчани хайратга солмоқда.

- Ушбу вирусга қарши препаратнинг Ўзбекистонда яратилиши тасодиф эмас. Ўзбекистонда азалдан табиий бирикмаларга қизиқиш юқори бўлган бўлиб, жаҳон тан олган олимлар - академиклар О.С.Содиқов, С.Ю.Юнусов ва бошқа етук олимлар томонидан табиий бирикмалар кимёси соҳаси республикамизда кенг ривожланган. Улар асос солган илмий йўналиш ўсимлик ва ҳайвонот оламидан табиий бирикмалар ажратиб олиш, уларнинг кимёвий тузилиши ва биологик фаолликларини аниқлаш бўйича изланишлар олиб борилиб, фанда табиий бирикмалар асосида янги дори воситалари яратиш бўйича жахоншумул натижаларга эришилган. Ушбу изланишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институти, Биоорганик кимё институти ва бошқа муассасалари ходимлари томонидан у ёки бу физиологик фаолликка эга бўлган 10 мингга яқин биологик фаол бирикмаларнинг ноёб банки яратилган. Натижада ҳозирги кунда 100 га яқин оригинал дори воситалари амалиётга жорий этилиб, 100 дан ортиқ препаратлар эса клиника олди ва клиник синовлардан ўтмоқда. Ушбу йўналиш мамлакатимиз инновацион ривожланишига муҳим ҳисса қўшувчи республика илм-фанининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Биоорганик кимё институтининг устувор илмий йўналишларидан бири вирусларга қарши дори воситаларини яратишга қаратилган. Айниқса бу йўналиш 1990 йилларда Одам иммун танқислиги вируси ва кейинчалик бошқа вирусларнинг кенг тарқалиши натижасида ривожланди.

Узоқ йиллар давомида Биоорганик кимё институтида академик О.С.Содиқов раҳбарлигида ғўза ўсимлиги чигитидан ажратиб олинган госсипол ва унинг ҳосилалари асосида вируслларга қарши бир қатор препаратлар яратилди. Биоорганик кимё институти томонидан яратилган Мегосин ва Госсипол линементи препаратлари собиқ Иттифоқ Республикаларида герпесга қарши муваффақият билан қўлланган. Бироқ препаратлар заҳарли ва кумулятив таъсирга эгалиги туфайли фақат сиртга қўлланувчи суртма сифатида тавсия этилган. Кейинчалик олимларимиз томонидан 100 дан ортиқ госсиполнинг кам заҳарли ҳосилалари синтез қилиниб, улар асосида ичга қабул қилиш учун мўлжалланган дори воситалари яратилди.

Вирусга қарши фаолликни аниқлаш учун махсус хавфсизлик шароитларининг мавжуд бўлиши лозимлигини эътиборга олган холда, барча вирусологик тадқиқотлар Россия ва Хитойнинг етакчи илмий марказларида олиб борилди ва ҳозирда ҳам давом эттирилмоқда. Шунинг учун ушбу давлатларнинг бир қатор етук олимлари яратилган ишланмаларга олинган патентларнинг ҳаммуаллифлари саналади.

Ҳозирда Хитой Фанлар Академияси Шанхай Материя Медика институтида биз томондан яратилган вирусга қарши самарали фаолликка эга бўлган 10 та бирикма устида қизғин изланишлар олиб борилмоқда.

2000 йиллардан бошлаб акад. Н.Ф.Гамалей номидаги эпидемиология ва микробиология илмий маркази ҳамда Россия ССВ Иммунология институти ДИМ олимлари билан хамкорликда институтда ажратиб олинган ёки синтез қилинган 20  та бирикманинг вирусга қарши фаоллигини аниқлаш бўйича изланишлар олиб борилди. Олиб борилган ҳамкорликдаги тадқиқотлар натижасида ўрганилган бирикмалар ичидан маҳаллий ўсимликлардан ажратиб олинган "Рутан", "Госситан", "Гетасан", "Пунитан", "Эуфорбин" бирикмаларнинг Одам иммун танқислиги вирусига нисбатан юқори фаолликка эгалиги, бундан ташқари "Рутан" препаратини грипп вирусининг бир неча штаммларига нисбатан юқори фаолликни намоён қилиши маълум бўлди.

- "Рутан" дори воситаси тўғрисида батафсил маълумот бера оласизми?

Рутан - ошловчи тотум Rhus coriaria (Тотум) ўсимлигидан ажратиб олинган препарат бўлиб, унинг асосий таъсир этувчи моддаси эллаготаннинлар синфига киради. Препарат грипп вирусининг турли штаммларига нисбатан самарали таъсирга эга,  тиббиётда қўлланилаётган аналоглари билан рақобатлаша оладиган дори воситаси.

"Рутан" препаратининг клиник олди синовлари натижасига биноан унинг таъсирида организмда альфа, бетта, гамма интерферонлар ишлаб чиқариш кўпаяди ва натижада организмнинг вирусларга қарши курашувчанлик қобилияти ошади. Шу таҳлит у касалликнинг авж олишига йўл қўймайди. "Рутан"нинг гриппга қарши қўлланилаётган дунёдаги мавжуд воситалардан 1,5-2 баробар самарали таъсирга эгалигининг асосий сабаби ҳам шунда. Бу факт лаборатория ва клиник тадқиқодларида ўз тасдиғини топди. "Рутан" препаратининг клиник олди синовлари Россия вирусологлари билан ҳамкорликда олиб борилган. Кейинчалик тадқиқотлар Ўзбекистонда Вирусология институти ва Республика паталого-анатомик маркази ходимлари билан ҳамкорликда давом эттирилди.

Рутан препаратининг умумий токсикологиясини ўрганиш юзасидан тадқиқотлар, у заҳарсиз моддаларнинг V синфига мансуб эканлигини, кумулятив хоссаларга эга эмаслигини, сурункали юборилганда тажриба ҳайвонларининг периферик қон кўрсаткичларига, буйрак, жигар ва ички органлар патоморфологиясига токсик таъсир кўрсатмаслигини намоён этган. Специфик токсикологияни ўрганиш юзасидан тадқиқотлар препарат хеч қандай маҳаллий-қўзғатувчи, аллергик, мутаген, иммунотоксик, тератоген ва эмбриотоксик таъсирларга эга эмаслигини кўрсатди. Рутан препарати қабул қилингандан кейин гуморал иммунитетни кучли рағбатлантирувчи таъсир кўрсатади (антитаначалар ишлаб чиқарувчи ҳужайраларнинг сони 3,94 марта ошади), организмнинг носпецифик резистентлигини рағбатлантиради (нейтрофилларнинг фагоцитар фаоллигини 64% оширади), талоқ, тимус, лимфа тугунлар ва суяк кўмиги ҳужайраларининг умумий миқдори ва массасини ортиши кузатилади.

Шунингдек Рутан препарати in vitro шароитида, граммусбат ва грамманфий бактерияларга нисбатан антимикроб таъсирни намоён қилади.

Аниқланишича, Рутан препарати ДФПГ (1,1-дифенил-2- пикрилгидразил) барқарор эркин радикалига нисбатан антирадикал фаолликни намоён қилиб, биомембраналарда липид ва оқсилларнинг оксидаланишини олдини олади. Митохондриялардаги ноферментатив Fe2+/аскорбат билан индукцияланган липидларнинг пероксидли оксидланиш моделида препаратнинг юқори антиоксидант фаоллиги кўрсатилган. Демак, Рутан ўсмаларга, яллиғланишга қарши восита сифатида самарали бўлиши мумкин. 

Рутан препарат ЎзР патенти билан ҳимоя қилинган. Институт томонидан “Рутан таблеткаси 25 мг” гриппга қарши – индуктор интерферон  дори воситаси яратилган ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2015 йилда тиббиёт амалиётда қўллашга ва кенг миқёсда ишлаб чиқаришга  рухсат этилган:

Клиник синовлар Тошкент Тиббиёт Академиясининг умумий амалиёт шифокори ва аллергология кафедрасида, 1-шаҳар клиник шифохонасида ва 2-Республика клиник шифохоналарида олиб борилган. Рутан препарати клиник синовлардан муваффаққиятли ўтган.

Клиник синовлар натижасига кўра “Рутан таблеткаси 25 мг”  гриппга қарши самарали таъсир кўрсатади ва унинг самарадорлиги шу мақсадларда қўлланадиган Ремантадин дори воситасидан қолишмайди.Рутан қабул қилинганда касалнинг тана  харорати нормаллашади ва касаллик белгилари (бош оғриғи, бош айланиши, бўшашиш каби) интоксикация билан боғлиқ аломатлар, шунингдек катарал ва ЛОР органларида яллиғланиш холатлари йўқолади. Препарат таъсирида 5 кунлик даво курси давомида беморлар қонининг биокимёвий кўрсаткичларида ножўя таъсирлар кузатилмади. Клиник синов натижаларига кўра Рутан таблеткаси гриппга қарши дори воситаси сифатида тиббиёт амалиётида қўлланишга тавсия этилди.

Шамоллаш ва грипп эпидемияси даврида Рутан дори воситасини профилактик мақсадлар учун қабул қилиш, бу даврда ушбу касалликлар билан оғриш эхтимоллигини етарли даражада пасайтиради. Рутан препаратининг афзаллиги шундаки у умуман зарарсиз, оганизмга юмшоқ терапевтик таъсир кўрсатади ва ножўя таъсирларга эга эмас.

- Рутан препаратини COVID-19 коронавирусига қарши қўлланишига нима асос бўлди ва бу препаратни келажакда бошқа давлатларда ҳам кенг миқёсда қўллаш учун қандай тадбирларни амалга ошириш лозим?

- Сўнгги 15 йил давомида Биоорганик кимё институти олимлари ХХР олимлари билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб боришни изчил йўлга қўйган. ХХР вирусологик тадқиқотлар ўтказиш бўйича ривожланган давлатлар қаторига кириб, қатор йиллар давомида Биоорганик кимё институти олимлари томонидан ажратиб олинган табиий бирикмаларнинг биологик фаолликларини скрининг қилиш хитойлик олимлари томонидан ХХР маблағлари хисобига ўтказилмоқда. Хитойлик олимлар томонидан Рутан препаратини айнан короновирусга қарши текширувлари натижасида унинг SARS-Cov-2 вирусининг 3СL гидролазаларини ингибирлаш даражаси 78,3 % тенглиги, қўшимча ва ножўя таъсирлари йўқлиги, токсиклик даражаси ниҳоятда паст бўлгани ва  вирусларга қарши қўлланилаётган бошқа дори воситаларига нисбатан даволаш самараси юқорилиги маълум бўлди. Шу сабабли, Рутан препаратини короновирусга самарадорлиги кутилаяпти Шу маълумотларга таянган холда ЎзР вирусология институтида коронавируснинг енгил формаси билан касалланган кам сонли беморларда Рутан препаратининг қисқа муддатли дастлабки синовлари ўтказилди. Олинган маълумотларга кўра препарат касалликнинг 5 чи  -кунидан вирусни назоратига нисбатан 73,7% га сусайтириши (назоратда 57.1%) маълум бўлди. Ушбу натижаларни янада кенгроқ клиник синовларда текшириш зарурлиги маълум бўлди.

Бугунги кунда, Рутан препартининг короновирусга самарали таъсирини эътиборга олган холда Хитой халқ республикаси “Рутан таблеткаси 25 мг” № 20 дори воситасини Хитойнинг Ўзбекистондаги “ Хитой-Ўзбекистон технопарки”да ишлаб чиқаришга ва ушбу дори воситасини Хитой Соғлиқни сақлаш тизимида кенг миқёсда қўллаш учун рўйхатдан ўтказишга қарор қилди.

Натижада, Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлигининг сайи харакатлари туфайли Рутан препаратини  “Хитой-Ўзбекистон технопарки” да ишлаб чиқаришга Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсат этилди.

Биоорганик кимё институти томонидан  тотум ўсимлигидан Рутан препарати субстанциясининг 10 кг ишлаб чиқилди ва ўрнатилган тартибда сертификациядан ўтказилиб “Хитой-Ўзбекистон технопарки” корхонасига “Рутан таблеткаси 25 мг” № 20 ишлаб чиқариш учун сотилди. “Хитой-Ўзбекистон технопарки” томонидан “Рутан таблеткаси 25 мг” № 20дори воситаси 19500 қадоқ миқдорида   ишлаб чиқарилди ва ўрнатилган тартибда Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сертификациядан ўтказилди.

Хитой Халқ Республикаси фанлар академиясининг қарорига биноан ишлаб чиқарилган 19500 қадоқ “Рутан таблеткаси 25 мг” № 20 дори воситаси Республика соғлиқни сақлаш вазирлигига беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди. Бу ўз ўрнида, Рутан препаратини короновирусга қарши фаоллигини клиника шароитида  тўлиқ аниқлаш  имконини яратади.

Ишлаб чиқарилган ва беғараз ёрдам сифатида тақдим этилган 19500 қадоқ  “Рутан таблеткаси 25 мг”   пандемия даврида короновирусга қарши профилактик мақсадларда, шунингдек, енгил тарзда кечаётган короновирус касаллигида ва короновирусга қарши комплекс терапияда  ишлатиш ва олинган маълумотлар  асосида Рутан препарати хиқида янада чуқурроқ натижаларга эришиш имкониятини яратади.

Короновирус билан касалланган беморларнинг тез ва тўлиқ соғайиб кетишига эришишиш учун эндиликдаги асосий вазифалардан бири беморлар ахволини пухта тахлил қилган холда, касалликнинг қандай босқичдалигини эътиборга олиб даволашнинг оптимал схемасини йўлга қўйиш, Рутан препаратини вирусга қарши курашувчи асосий компонент сифатида у билан биргаликда қўлланувчи дори воситалари композициясини танлашдан иборат.

Албатта Рутан препарат кенг миқёсда қўлланилишидан ҳар қандай натижани кутиш мумкин. Чунки кўплаб вирусга қарши қўлланувчи дори воситаларини COVID-19 га нисбатан самара бермаганлигига гувох бўлиб турибмиз ва бугунги кунда бу вирусга қарши ишловчи препарат дунёда хали мавжуд эмас.

Рутан препаратини пандемия даврида коронавирусга қарши профилактик мақсадларда, шунингдек коронавирус касаллигининг енгил формаларида комплекс антиретровирус терапияси мақсадларида қўллаш мумкин.   

Умид қиламизки, Рутан маълум даражада республикадаги эпидемиологик холатни барқарорлаштиришда ёрдам беради. Препарат ахоли учун хамёнбоп нархларда бўлиб, ишлаб чиқариш хажмидан келиб чиққан холда 30000-35000 сум атрофида бўлади.