Янгиликлар

Коронавирусга қарши курашишга қаратилган илмий лойиҳалар муҳокама қилинди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Тиббиёт фанлари» йўналишидаги илмий техник кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Унда республикамизда COVID-19 коронавирусга қарши самарали курашиш мақсадида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги амалий лойиҳалар танловига www.fan-portal.uz веб-портали орқали қабул қилинган лойиҳалар муҳокама қилинди.

Бутун дунё бўйлаб эълон қилинган коронавирус пандемияси республикамизда коронавирусли инфекциялар патогенезини чуқур таҳлил қилиш асосида уларни даволаш технологияларини яратиш ҳамда коронавирус штаммларини аниқлаш учун молекуляр-генетик диагностикумлар яратишга эҳтиёжни юзага келтирмоқда. Шу муносабат билан «Коронавирусли инфекциялар патогенезини чуқур таҳлили асосида уларга қарши кураш ва даволаш технологиясини яратиш» мавзусидаги танлов эълон қилинган эди. Танловга жами 6 та лойиҳа келиб тушган бўлиб, техник экспертизадан ижобий хулоса олган 5та лойиҳа «Тиббиёт фанлари бўйича» Илмий-техник кенгаш мажлисида мутахассислар томонидан муҳокамадан ўтказилди.

Бундан ташқари, илмий-техник экспертиза учун тавсия этилган бошқа лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, «Кўз ичи меланомаларини олиб ташлашда замонавий орган сақловчи технологияларни ишлаб чиқиш», «Болалар организмининг марказий асаб тизими ва сезги аъзолари анатомияси, физиологияси голограммаларини ишлаб чиқиш», «Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик учун виртуал дастурлар яратиш», «Инсульт ўтказган беморлар соғлигини АКТ технологияларини қўллаган ҳолда тиклашнинг янги технологиясини ишлаб чиқиш», «Бионик кўзларнинг янги авлодини имплантация қилиш» каби мавзулардаги лойиҳалар мутахассислар томонидан ўрганилди.