Янгиликлар

Кореялик ҳамкорлар билан стартап экотизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Жорий йил 9 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Корея Стартаплар ва кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш вазирлиги вакиллари иштирокида онлайн видеомулоқот ташкил этилди. Видеомулоқотда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари О.А.Тўйчев, бошқарма бошлиғи Р.У.Кучкарбаев иштирок этишган бўлса, Кореядан вазирлик мутахассислари ҳамда Гёнгжи инновациялар ва ижодий иқтисодиёт маркази вакиллари иштирок этишди.

Мулоқот чоғида ҳамкорлик давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди, стартап экотизимни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Стартапларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси бўйича суҳбатлашилди. Шунингдек, келажакдаги қўшма ҳамкорлик лойиҳалари ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси билан ҳамкорлик йўналишлари бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди.

Учрашувда иштирок этган Корея вакиллари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг «Стартапларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида» қонун қабул қилиниши мамлакатда стартап экотизимни шакллантиришдаги катта қадам бўлиши таъкидладилар ҳамда қонун лойиҳасини янада яхшилаш бўйича фикр ва таклифлар билдирилди. Айниқса, қонун лойиҳасидаги стартап компанияларнинг оддий компаниядан фарқлаб турувчи жиҳатлар ёритилгани, шунингдек стартап компанияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг механизмлари ишлаб чиқилгани кореялик мутахассислар томонидан алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, мулоқотнинг иккинчи ярмида Ёшлар академияси, унинг мақсади ва вазифалари, шунингдек, фаолиятнинг асосий йўналишлари ва академия олдига қўйилган режалар тўғрисида маълумот берилди. Видеомулоқот якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш қаратилган режалар ва Ўзбекистон Республикасида стартап экотизимни шакллантириш ҳамда уни ривожлантириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олишди.