Янгиликлар

Вазир «Яшнобод» инновация технопаркидаги қурилиш ишлари билан танишди

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов «Яшнобод» инновация технопаркига ажратилган бино ва инфратузилмалар, унга туташ ҳудудда амалга оширилган қурилиш-реконструкция ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Вазирга технопарк резидентлари фаолияти, уларни технопаркка жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ҳозирги кунда «Яшнобод» инновация технопаркида кимё технологиялари, биотехнологиялар, фармацевтика ва тиббиёт биотехнологиялари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, ахборот коммуникация технологиялари каби 32 йўналишда инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш учун резидентларнинг 31,9 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ўз маблағи ва 15,6 миллион долларлик кредитлар жалб қилиниши режалаштирилган.

Технопарк резидентлари томонидан жорий йилнинг июнь ойига қадар 18,7 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 236 та янги иш ўрни яратилган. 369 минг долларлик маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинган.

Янги қурилган «Яшнобод» инновация технопаркининг жами майдони 3908 м2 бўлиб, резидентлар фаолият олиб бориши учун ишлаб чиқариш ва офис бинолари замонавий кўринишда таъмирланиб, жиҳозланди. Бир сўз билан айтганда, технопарк инновацион ғоя ва лойиҳаларни ишлаб чиқариш учун шай ҳолатга келтирилди.

И.Абдураҳмонов технопаркда резидентлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Мазкур технопаркни ташкил этишдан мақсад, унинг минтақада инновацияларни ривожлантиришдаги ўрни ва олдига қўйилган вазифалари ҳақида сўзлади. Резидентларни танлаб тезроқ жойлаштириш, технопарк фаолиятини самарали йўлга қўйиш юзасидан зарур тавсиялар берди.

Таъкидлаш керакки, “Яшнобод” технопарки учун ажратилган ҳудуд яқиндагина бўш ерлар эди. Бугун бу ерда халқаро стандардларига тўла жавоб берадиган технопарк қуриб битказилди ва тез орада фойдаланишга топширилади.