Янгиликлар

Орол денгизи минтақасидаги муаммоларни ечишнинг инновацион воситалари

2020 йилнинг 8 июнь кунидан Ўзбекистондаги БМТТД ваколатхонаси миллий экспертлар ва мутахассисларга «Орол денгизи минтақаси – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» мавзусидаги концепцияни такомиллаштириш ҳамда уни амалга ошириш учун Йўл харитасини ишлаб чиқиш борасида кўмак бериш мақсадида ўқув-тайёргарлик машғулотларини бошлади.

Ўқув-тайёргарлик машғулотлари Барқарор ривожланиш мақсадлари интеграцион ташаббуси доирасида ташкил этилган. Ўзбекистон ҳукумати БМТ Тараққиёт дастурига мурожаат қилиб, Қорақалпоғистон минтақасидаги юқори мақсадларни кўзловчи чора-тадбирлар кўламини янада кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўрта ва узоқ муддатли инвестициялар стратегиясини ишлаб чиқишда кўмак беришни сўради. БМТТД ҳам ўз навбатида халқаро анжуманни тайёрлашни ҳамда Орол бўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш бўйича концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлади. БМТТДнинг мутахассисликлараро гуруҳидан ташкил топган икки миссияси (2019 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида), БРМни амалга ошириш учун Орол денгизи минтақасини комплекс қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш учун жалб этилди. Ушбу фаолиятнинг кейинги босқичи эса Концепция тавсифини такомиллаштириш ҳамда концепция ғояларини аниқ ва муайян вақт билан чегараланган ҳаракатларга айлантиришга кўмак берувчи чора-тадбирларни амалга ошириш режаси ёки Йўл харитаси лойиҳасини ишлаб чиқишдан иборат бўлади.

Ушбу ўқув-тайёргарлик машғулотлари Оролбўйи минтақасини ривожлантиришда комплекс, инновацион, тизимли ва оқилона ёндашувни қўллаш орқали минтақанинг нодир экологиясини муҳофаза қилиш бўйича БМТТД ва Ўзбекистон ҳукуматининг биргаликдаги ташаббусларини амалга оширишдаги муҳим босқичдир. Янги ечимларни топиш мақсадида илғор халқаро амалиётлар миллий тажриба билан бирлаштирилди.

Ўқув-тайёргарлик машғулотларининг илк сессияси Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаровнинг қутлов нутқи билан очилди. А. Назаров «Муаммони уни яратган ақл билан ечиб бўлмайди, деган нақл бор, ва бу экологик муаммоларга ҳам тааллуқлилигига шубҳа йўқ» деди ўз нутқида.

— Инновациялар ва фикрлашнинг янги усуллари COVID-19 касаллигининг тарқалиши каби қисқа муддатли фавқулодда ҳолатларни ҳамда Орол денгизи минтақасидаги фожианинг иқлим ўзгариши янада чуқурлаштириб юборган экологик оқибатлари каби узоқ муддатли муаммоларни ҳал қилиш учун зарурдир, — деб фикрини давом эттирди вазир ўринбосари.

Ўз навбатида БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска иштирокчиларни мазкур назария билан баҳслашишга, унинг воқелигимизга қандай мос келишини таҳлил қилишга чорлади. У янада тизимли инновацияларни акс эттирувчи Концепцияни амалга оширишга қаратилган Йўл харитасини тайёрлашда амалий ҳаракатларни жадаллаштиришга чақирди.

Биринчи сессияда Оролбўйи минтақасида экологик инновацияларни ва технологияларни жорий этиш концепциясини такомиллаштириш ва амалга ошириш устида биргаликда иш олиб бораётган, тегишли вазирликлар ва Ўзбекистондаги ННТларнинг 45 нафар экспертлар ва мутахассислар иштирок этдилар.

Барча машғулотлар Zoom иловаси орқали рақамли кўринишда олиб борилади, бу эса, ўз навбатида, карантин қоидаларига риоя этилишини таъминлайди ҳамда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан вакиллар иштирок қилишига имкон беради. Машғулотларда иштирокчиларга муайян тарзда тизимли фикрлаш, хатарнинг тизимли хусусиятлари ва тизимли инновацион ёндашувлар тўғрисида маълумотлар берилади.

«Орол денгизи минтақасидаги фожианинг антропоген ва экологик оқибатларини бартараф этишда БМТТД ва бизнинг ҳамкорларимиз томонидан эришилган муваффақиятлар фойдаланган ҳолда илғор халқаро тажрибани миллий шароитларга мослаштирувчи янги ғояларни синаб кўриш тақозо этилади, — дейди БМТТД доимий вакили Матилда Димовска хоним. — Муҳокама қилиш учун янги ғояларни олиш ва уларни ҳаётга татбиқ қилиш учун энг мақбул усулларни излаш узоқ муддатли ўзгаришларга эришиш учун муҳим аҳамият касб этади».

Машғулотларда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий Мажлис, Ташқи ишлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Оролбўйи инновацион маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, Глобал экологик жамғарма, Ўзбекистон экологик партияси, Ботаника институти, Зоология институти, Қурилиш вазирлиги вакиллари иштирок этмоқда.