Янгиликлар

Жаҳон банки Ўзбекистон 2020 йилда минтақа учун ажойиб иқтисодий ўсишга эришади, дея башорат қилмоқда

2020 йилда коронавирус пандемияси шароитида рецессия эмас, балки иқтисодий ўсиш прогноз қилинаётган Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги ягона мамлакат Ўзбекистон бўлиб қолади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг июнь ойида чиққан “Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари” дея аталувчи маърузасида сўз юритилган.

COVID-19 пандемияси туфайли жаҳон бозорларида хомашё товарларига нархларнинг қулагани, глобал ва регионал ишлаб чиқариш-сотиш занжириларидаги узилишлар ҳамда молиявий бозорларда таҳликаларга дош бермаслик даражасининг кўтарилиши оқибатлари Европа ва Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиётига ҳалокатли таъсирини кўрсатган.

Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2020 йилда жаҳон иқтисодиётида 5,2 фоизлик пасайиш кутилмоқда ва у Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврдаги энг чуқури бўлиб қолади. Маърузада айтилишича, аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш ҳажмлари 1870 йилдан бошлаб мамлакатларнинг энг катта улушига тўғри келади.

Инқирозга жавобан минтақадаги кўплаб мамлакатларнинг марказий банклари пул-кредит тизимини қўллаш кўламини ўстирмоқда. Қозоғистон расмийлари валюталарни барқарорлаштириш ҳамда волатилликни (ўзгарувчанлик) пасайтириш учун валюта бозорларида интервенцияларни ўтказмоқда, Россия расмийлари эса ушбу мақсадларда суверен жамғармалардан фойдаланишмоқда.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё региони иқтисодиётида 4,7 фоизлик пасайиш прогноз қилинмоқда, деярли барча мамлакатлар иқтисодий рецессияни бошидан кечирадиган бўлиб турибди. Минтақадаги йигирма тўртта мамлакатдан биргина Ўзбекистон 2020 йилда 1,5 фоизлик даражадаги ўсишга эришиши кутилмоқда.

Экспертларга кўра, Россия, Қозоғистон ва Озарбайжондаги иқтисодий ўсишни нефтга бўлган паст нархлар чеклаб турибди. Россияда COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалишидаги сакраш ва нефть нархларининг тушиб кетиши ортидан иқтисодий пасайиш 6 фоизни ташкил этади.

Вирус тарқалиши хусусий истеъмол ва инвестицияларни чеклаётгани боис, Марказий Европадаги иқтисодий фаоллик 5 фоизга, Ғарбий Болқон яримороли мамлакатларида – 3,2 фоизга, Жанубий Кавказда – 3,1 фоизга, Шарқий Европада 3,6 фоизга, Марказий Осиёда – 1,7 фоизга қисқаради.

Жаҳон банки экспертларининг қайд этишича, “кўпчилик мамлакатлар гарчи чекланган солиқ-бюджет имкониятларига эга бўлсалар ҳам, директив органлар мавжуд резервлардан фойдаланишмоқда ёки устуворликни соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, хусусий секторни қўллаш ҳамда молиявий бозорлардаги узилишларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатларга беришмоқда”.

Бир қатор мамлакатлар қўллашнинг солиқ-бюджет чоралари пакетлари тўғрисида эълон қилдилар, бироқ соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятининг чекланганини ҳисобга олганда, кўпчилик мамлакатларнинг иқтисодиёти пандемияга яхши тайёргарчилик кўрмагани маълум бўлиб қолди. Тожикистонда рецессия 2%, Туркияда – 3,8%, Қозоғистонда – 3%, Қирғизистонда – 4% ва Туркманистонда 0 фоизни ташкил этади.

Ушбу кутилма (прогноз) мамлакатлар ҳукуматлари томонидан иккинчи ярим йиллик бошланишида чеклов чораларини босқичма-босқич бекор қилиши тўғрисидаги тахминлардан келиб чиққан ҳолда тузилган. Пандемия оқибатларини аста-секин бартараф этиш ҳамда савдо ва инвестицияларни қайта тиклашни кўзда тутувчи сценарийга кўра, 2021 йилда минтақа иқтисодиёти жонланиб 3,6 фоизлик ўсишни кўрсатиши мумкин.

Олдинроқ Жаҳон банки 2020 йилда меҳнат мигрантларининг уйларига жўнатаётган пуллар миқдори 20 фоизга қисқаришини олдиндан башорат қилганди. Халқаро меҳнат ташкилоти май ойининг охирида инқирознинг ёш йигит-қизларга ўта салбий таъсир кўрсатиши ҳамда уларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятлари пасайиши мумкинлиги ҳақида сўз юритилган маърузасини эълон қилганди. “Карантин авлоди” учун салбий самара узоқ вақт давом этиши мумкин, дея прогноз қиладилар экспертлар.

https://uz.fergana.agency/news/118942/